Жаҳон | 08:10 / 05.05.2020
21164
7 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Аста-секин нормал ҳаётга қайтишни бошлаймиз

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нормал ҳаётга қайтиш аста-секин бошланишини ва бу билан боғлиқ режа тайёрланганини билдирди. 11 майдан Туркияда сартарошхоналар, савдо марказлари ва гўзаллик салонлари ишлай бошлайди. Кексалар ва болалар турли кунда сайрга чиқишлари мумкин бўлади. 

Фото: Anadolu agency

Эрдўған Тарабядаги Ҳубер кўшкида ўтказилган Президент Маҳкамаси видеоконференциясидан сўнг телевидение орқали берган баёнотида бутун дунёга, хусусан, Туркияга ҳам ўз таъсирини ўтказган Covid-19 эпидемияси эндиликда муҳим бир бурилиш нуқтасига келганини таъкидлади.

«Туркия аввалбошдан эпидемияга қарши курашда 4 асосий мақсад доирасида иш тутди. Булар ижтимоий масофани сақлаш, тиббиёт тизимининг оёқда қолиши, асосий эҳтиёжлар билан боғлиқ ишлаб чиқариш ва таъминот занжирининг узилиб қолмаслигини таъминлаш орқали жамоат тартибини сақлашдир.

Ҳатто кўплаб ривожланган мамлакатлар бу каби масалаларда қийналиб қолган бир пайтда Туркия  давлати ва миллати курашда намуна бўла олди. Биз касалликларни аниқлаш ва даволаш бўйича ўз моделимизни ишлаб чиқдик ва ҳаётга татбиқ қилдик. Бу орқали ҳам ўлим кўрсаткичимизни жуда паст даражада ушлаб турдик, ҳам эпидемия тарқалишининг олдини олдик. Ҳозирги кунда янги беморларимиз сони минглик рақамларда ифодаланадиган бўлди. Жонлантириш бўлимидаги ва нафас олиш жиҳози уланган хасталаримиз сони тобора камайиб бормоқда. Шифо топган беморларимиз эса сезиларли равишда ортмоқда. Барча тиббиёт ходимларимиз – шифокорлар, ҳамширалар ва техник ходимларнинг фидокорона хизматлари туфайли шифохоналаримизда виждонга азоб берувчи ҳодисалар рўй бермади.

Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Илмий қўмитанинг тавсиялари ва кўрсатмалари асосида турли эҳтиёткорлик чораларини кўрдик. Эпидемия юзага келган мамлакатлар билан ҳаво ва қуруқлик чегараларимизни босқичма-босқич ёпдик. Таълим жараёнини вақтинча тўхтатдик. Барча учрашувлар, тадбирлар ва шунга ўхшаш дастурларни кейинга қолдирдик. Инсонлар бир жойда бўлишига асосланган фаолият турларини бутунлай тўхтатдик ёки чекладик. Ибодатни масжидларда жамоат ҳолида эмас, балки уйларда қилинишини таъминладик. Барча мумкин бўлган соҳаларда уйдан туриб ишлаш моделини қўлладик.

Шаҳарлараро транспортларни чеклаш орқали мамлакат ичкарисида одамлар ҳаракатининг сезиларли даражада пасайишига эришдик. Амалга оширилган чора-тадбирлар доирасида барча кесимларда ёрдам дастурларини тайёрладик. Молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳажми 200 миллиард лирадан ошди. Илк икки ижтимоий ёрдам пакети билан 4 миллион 400 минг фуқаромизнинг ҳар бирига 1000 лирадан нақд пул тарқатдик. Ҳозирда кенг қамровли учинчи ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастури билан ишлашда давом этяпмиз.

Айни пайтга қадар «Биз учун биз кифоямиз, Туркиям» кампанияси доирасида 1 миллиард 910 миллион лира жамғарилди. Ушбу хайр-эҳсон кампаниямиз ҳамон бардавом. Миллатимиз ушбу оғир кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлади, бирдамликда намуна бўлди.

Туркияда бу каби ишларни амалга оширар эканмиз, хориждаги фуқароларимизни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ.

Ҳаво йўли орқали 65 мингга яқин фуқароларимизни мамлакатимизга олиб келдик. 16 апрелдан бери ватанимизга олиб келинганларнинг умумий сони 29 минг нафарга етди. Ушбу фуқароларимизни 14 кун давомида карантинда сақлагач, уйларига рухсат бериш орқали сарҳадларимиз ташқарисидан вирус ташиб келинишининг олдини олдик. Тиббий ниқоб ва жиҳозлар билан нафақат ўзимизни таъминладик, балки 57 мамлакатга ёрдам бердик. Куни кеча тиббий воситалар билан бир қаторда ўзимиз ишлаб чиқарган респираторларни Сомалига хайрия қилдик. Ушбу қурилмалар Сомалидаги биринчи нафас олиш асбоблари сифатида фойдаланишга топширилди. Худди шундай, АҚШ ва бир қатор давлатларга эҳтиёж дастуримиз доирасида тиббий буюмлар жўнатдик, жўнатяпмиз. Биз халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотларни давом эттирмоқдамиз», дейди Туркия раҳбари.

Эрдўған 11 майдан сартарошхоналар, савдо марказлари ва гўзаллик салонлари ишлай бошлаши, кексалар ва болалар турли кунда сайрга чиқишлари мумкин бўлишини маълум қилди.

«Чекловларни аста-секин – май, июнь ва июль ойларига ёйиш орқали амалга оширамиз. Биринчи навбатда, 65 ёшдан ошган одамлар учун жорий этилган тақиқни кунда 4 соат кўчага чиқиш имконияти билан алмаштирамиз. Қоидаларга риоя қилиш шарти билан савдо марказлари 11 майдан бошлаб хизмат кўрсата бошлайди. 14 ёшгача бўлган болалар 13 май кунидан эътиборан соат 11:00 ва 15:00 оралиғида юриш масофасида ташқарига чиқишлари мумкин. 15 ёшдан 20 ёшгача бўлганлар 15 майдан ушбу шарт ва вақтда кўчага чиқишлари мумкин.

Шаҳарлараро кириш-чиқиш чекловини биринчи навбатда 7та вилоят учун бугундан эътиборан бекор қиламиз. Ушбу вилоятлар Анталия, Айдин, Эрзурум, Ҳатай, Малатя, Мерсин ва Муғладир. Ҳарбий хизматдан бўшатиш жараёнлари 31 майда бошланади. Мудофаа вазирлигига тайинлаш, кадрлар жалб қилиш фаолиятлари 1 июнда, чақирув операциялари 5 июнда, хизматига ҳақ тўланадиган ҳарбийлик ишлари 20 июнда янгидан бошланади. Истанбул, Анқара ва Измирдаги тижорий таксиларга бир ва жуфт кишилик лицензия олиш учун ариза бериш 5 майдан тўхтатилади.

Лицей синовлари (LGS) 20 июнда, олий ўқув юртлари имтиҳони (YKS) эса 27-28 июнь кунлари ўтказилади.

Тозаликка риоя қилиш, навбатга олиш тартиби билан ишлаш, ўриндиқлар сонининг ярми миқдоридаги муштарийларга хизмат кўрсатиш шарти билан сартарошхоналар, гўзаллик салонлари 11 майдан фаолиятларини бошлашлари мумкин. Комендантлик соати бу ҳафта охирида ҳам сақланиб қолади.

Давлат бошқарувини тўнтариш билан қўлга киритмоқчи бўлганлар демократик усуллар билан ҳокимият тепасига келиш ўрнига 15 июль куни халқдан олган сабоқларига қарамай, шу йўлда юришда давом этмоқдалар. Отатурк аэропортида 45 кун ичида қуришга муваффақ бўлинган 1000 ётоқ ўрнига эга касалхонани «14 миллиард лира ҳавога учди», деб қоралаётган зеҳниятнинг куни битди. Улар ҳали-ҳамон янги қурилган Истанбул аэропортини ҳазм қила олмаяптилар.

Террор ташкилотлари Туркиянинг эпидемияга қарши курашиш билан банд эканини сарҳадларимиз ичкариси ва ташқарисида тажовуз уюштириш учун бир имкон деб билишяпти. Хавфсиз зоналаримизнинг тазйиққа учрашига, келишувларга номувофиқ ҳолда ҳужумлар уюштирилишига энди сабр қилиб ўтирмаймиз. Агар террор ташкилоти ва режимни ўз ҳомийлари назорат қила олмаса, у ҳолда, биз ўз кучимиз билан уларни йўлга солишни биламиз. Воқеалар рувожига қараганда, келгуси даврда биз ушбу доирада янги қадамлар қўйишимиз мумкин.

Яқин орада Ливиядан хушхабарлар оламиз, деб умид қиламан. Зотан, Ливиянинг қонуний маъмуриятини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз минтақани тинчлик масканига айлантиришга қарор қилдик», деди Эрдўған.

Туркияда коронавирус тарқалишига қарши чоралар апрель бошидан киритила бошлаганди. Ўшанда мамлакатда 20 ёшдан кичиклар ва 65 ёшдан катталарга комендантлик соати киритилган ҳамда 31та вилоятга, жумладан, Анқара, Истанбул ва Анталияга кириш-чиқиш тақиқлаб қўйилганди. Бундан ташқари, 10 апрелдан ҳар дам олиш кунлари барча аҳоли учун икки кунлик комендантлик соати амал қилиб келган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 127,6 мингдан ошиб кетган, шундан 3461 киши вафот этган, 68 мингдан кўпроқ киши соғайган.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид