Жамият | 12:37 / 06.05.2020
25172
5 дақиқада ўқилади

«Ҳеч бўлмаса Рамазонда сув бериб туришсин» – Хўжаобод туманидаги маҳалла нуронийлари арзи

Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Ипакчи» МФЙнинг Каналбўйи кўчасида яшовчи фуқаролар ҳар куни бир неча марта 0,5 км узоқликдаги катта кўчанинг нариги томонидан ичимлик суви ташиб келишар экан.

Навбатдаги мурожаат ортидан ушбу туманга йўл олдик.

«Ипакчи» маҳалласи Андижон-Ўш магистрал йўли бўйига жойлашган. Борганимизда катта кўчанинг нариги ёқасидан сув ташиётган ёш болаларни учратдик. Улар ҳар куни мана шу серқатнов кўчадан ўтиб сув ташир экан. Каналбўйи кўчасида 50дан ортиқ хонадон истиқомат қилади.

Маҳалла аҳли бирма-бир ичимлик суви муаммосини баён қила бошлади.

«Ичимлик суви бизда 3-4 йилдан бери муаммо. Илгари бошқа тармоққа уланган эдик. Ўша пайтда сув бунчалик муаммо бўлмаган. Ҳозирги пайтда тармоқ бошидаги сув қувурлари тешилиб қолгани учун сув бизгача етиб келмай қўйди.

Катта кўча бўйидаги «водопровод крани»дан турли идишларда сув ташиб ичамиз. Туман ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилдик. Шу кунгача натижаси бўлмади. «Сувоқова» ташкилотига ҳам кўп учрадик. Ҳал қиламиз, дейишдан нарига ўтишмади. Кўчамиздан туман мутасаддилари ҳеч хабар олишмайди», дейди Шаҳзодахон Ҳожиева.

«Уйимизда сув ташиб берадиган эркак киши йўқ. 90 ёшга кирган онам ва вояга етмаган 12 яшар ўғлим бор. Ичимлик сувини каналдан ёки катта кўчадаги сув тармоғидан ташиб истеъмол қиламиз. Ўғлимни сувга жўнатишга жўнатиб, уйда ҳадикда ўтираман. Бу сув ҳам вақтга қараб 2 соат мобайнида берилади.

Ўғлим навбатда туриб, сув етмай қолгач, қуруқ идишлар билан қайтган кунлари ҳам бўлган. Уни канал бўйига жўнатиш хавфли. Айниқса, ёғингарчилик кунлари сув ташиш муаммо бўлади. Лекин бошқа иложимиз йўқ, сув керак. Онамни ёлғиз ташлаб, ўзим ташийман. Маҳалла раисига ва сайланган депутатга ҳам мурожаат қилдик. Кўриб турибсиз, ҳозиргача ҳал бўлмаяпти», дейди Мухтасар Исмоилова.

Каналбўйи кўчасидагилар билан муаммо юзасидан суҳбатлашаётган пайтимизда, маҳаллага ўзлари кўча бошига тортган 4та сув тармоғидаги жўмракларга сув келди. Маҳалладошлар бир-бирига сув келгани ҳақида хабар беришди. Бўш сув идишларини тўлдириб олишга ҳаракат қилишди.

«Тўрт йилдан бери оқмаётган сув сиз келиб суратга олишни бошлашингиз билан келди. Демак, бизнинг тармоқда ҳам сув таъминотини яхшиласа бўлар экан», дейди маҳалла оқсоқолларидан бири.

Лекин Каналбўйи кўчасидаги яшовчиларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 20-25 дақиқадан кейин сув тўхтади. Навбат етиб келмай, сув идишларини тўлдира олмаган маҳалла вакиллари яна ўша катта кўча ёнидаги сув тармоғи томон йўл ола бошлади.

Ичимлик суви муаммоси бўйича маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳмон Тожибоевдан телефон орқали изоҳ олдик.

«Ичимлик суви муаммоси бор. Барча раҳбарлар ва депутатимиз ҳам бу муаммо бўйича ҳаракат қилишяпти. Ичимлик суви муаммосини бартараф қилишнинг бир йўли - «Саноатчи» маҳалласидаги сув минорасидан тармоқ тортганмиз. Сув тортадиган мотор етарли даражада сувни таъминлаб бера олмаяпти. Ўтган йили куз фаслида ҳам «Саноатчи» маҳалласи билан сув муаммоси бўйича тортишув бўлган эди. Ўша минорага қўйилган сув моторини кучайтириш орқали муаммони ечишимиз мумкин», деди у.

Хўжаободдан қайтганимиздан сўнг, «Ипакчи» маҳалласидан сайланган депутат Йигитали Бекбоев бизга қўнғироқ қилди. У ҳақиқатан ҳам маҳалла аҳли ичимлик суви бўйича мурожаат қилганини тасдиқлади. У айни пайтда тоза ичимлик суви муаммоси бўйича сектор раҳбари билан иш олиб борилаётганини ва тез кунларда Каналбўйи кўчасидаги муаммо бартараф бўлишини таъкидлади.

Сув - рўзғорда энг кўп ишлатиладиган нарса. Катта йўл ёқалаб, каналдаги оқар сувдан ташиётган ва бизга «Мутасаддиларга илтимосимизни етказинг. Ҳеч бўлмаса Рамазон ойида ичимлик суви бериб туришсин», деган аҳолининг тилагини мақола орқали ифода этдик. Аҳоли нафақат рўза ойи ичи, балки, йил давомида узлуксиз ичимлик суви билан таъминланиши керак.

Хўжаобод тумани мутасаддиларидан муаммоли ҳолат бўйича аниқ ва самарали жавоб кутиб қоламиз.

Сарварбек Назаров

Мавзуга оид