Жаҳон | 10:12 / 06.05.2020
150860
2 дақиқада ўқилади

Москва областида 6 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Жорий йилнинг 5 май кунига ўтар кечаси Москва областидаги Раменское туманида электр симларининг носозлиги сабабли муҳожирлар ётоқхонаси ёниб кетди. Олти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, қолган фуқаролар омон қолди.

Фото: Россия ФВВ

«Московский комсомолец» хабарига кўра, Дурниха қишлоғида ёниб кетган икки қаватли уй (майдони 200 метр) илгари маҳаллий аҳоли вакилига тегишли бўлган, аммо бундан бир неча йил олдин уй мигрантлар учун ётоқхона барпо этган тадбиркорга сотилган. Бундан ташқари, мигрантлар учун бир нечта яшаш вагонлари ер майдонининг ўзида ўрнатилган. Ҳаммаси бўлиб, гувоҳларнинг таъкидлашича, ётоқхонада эллик нафаргача одам бўлган. Сўнгги вақтларда изоляция туфайли мигрантлар уйни деярли тарк этишмаган.

Ёнғин ҳақида маълумот фавқулодда хизматларга соат 4:21да келган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, кейин шифокорлар воқеа жойига етиб келишди. Ёғочдан қурилган иккинчи қават бутунлай ёниб кетган. Уч нафар эркак ва уч нафар аёл вафот этди - улар биринчи қаватга қулаб тушган. Ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари экани, тахминан 30 ёш атрофида бўлгани аниқланди. 

Ҳозирда терговчилар мигрантларнинг Россия ҳудудида бўлгани қонунийлигини текширишмоқда. Бундан ташқари, терговчилар уй эгасини сўроқ қилишади.

Уй электр ускуналар ёрдамида иситилган, шунинг учун содир бўлган ҳодисанинг асосий версияси - симлардаги туташув. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмоқда.

Россия Тергов қўмитаси Москва области бўйича бош бошқармаси раҳбарининг катта ёрдамчиси Ольга Врадий сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган. 

Мавзуга оид