Ўзбекистон | 22:14 / 06.05.2020
85305
3 дақиқада ўқилади

«Қизил» ҳудудларда қайси фаолият турларига рухсат берилиши маълум қилинди

Республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил  8 майдан бошлаб учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

Биринчи – «қизил» тоифадаги ҳудуд – сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар - Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари. Бунда «қизил» ҳудудда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолинади ҳамда вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади.

«Қизил» ҳудудларда қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:

  • озиқ-овқат савдо дўконлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдо дўконлари, қурилиш материаллари бозорлари, тикувчилик ва бичувчилик цехлари, тижорат банкларининг объектлардаги шохобчалари (кассалари), кимёвий тозалаш, нотариал идоралар, адвокатура ва суғурта ташкилотлари, пойабзал таъмирлаш устахоналари, чорвачилик, терини қайта ишлаш корхоналари, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари (етказиб бериш ва олиб кетиш учун), тиббиёт муассасалари фаолияти;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, жойларга етказиш ва сотиш, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш, ҳунарманд ва усталар, улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш;
  • объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, якка тартибдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари, етказиб бериш хизмати;
  • кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани сақлаган ва ниқоб таққан ҳолда сайр қилиш.

Шунингдек, барча тоифадаги ҳудудлар учун қуйидаги мажбурий талаблар сақлаб қолинади:

  • ижтимоий масофани (2 метр)ни сақлаш, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиши;
  • таълим ташкилотлари, ўқув курслари, кўнгилочар объектлар, буюм бозорлари фаолияти ва жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўймаслик;
  • барча турдаги оммавий тадбирлар, оилавий тантана, тўй, маърака
  • ва маросимларни (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик;
  • деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат савдо нуқталарини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик;
  • барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • қурилиш-таъмирлаш ишларида объектлар ҳудудини тўлиқ карантинга олиш ва уларда санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириб бориш.

«Қизил» тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. 

Мавзуга оид