Ўзбекистон | 08:58 / 07.05.2020
38442
4 дақиқада ўқилади

Карантин даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби эълон қилинди

Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомга кўра, карантин даврида вахта услубида ишлаш иш коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ходимларнинг яшаш жойига бормасдан, ишдан сўнг ётоқхона, меҳмонхона, контейнерлардан барпо этилган махсус турар жой ва бошқа яшаш жойларда яшаши ҳамда транспортда қатнови корхона томонидан ташкиллаштирилган ишлар ҳисобланади.

Вахта услубида ишлашнинг давомийлиги бир ойдан ошмаслиги керак. Ушбу муддат карантин даври тугагунга қадар узайтирилиши мумкин.

Ишларни вахта услубида ташкил қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда корхона раҳбари томонидан қабул қилинади.

Ишларни вахта услубида ташкил этиш билан боғлиқ, лекин мазкур низомда кўзда тутилмаган масалалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал қилинади.

Вахта услубининг ташкил этилиши объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда амалга оширилиши бўйича ўзгарувчан жадвалга биноан бажарилишини таъминлаши лозим.

Ишлар, қоидага кўра, ишларни ташкил этиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш принципларини қўллаган ҳолда, шунингдек вахта ходимлари кетма-кет алмашиниши ва моддий бойликлар сақланишини таъминлаш билан бажарилиши зарур.

Вахта услубида бажариладиган ишларга қуйидагилар жалб қилиниши мумкин эмас:

18 ёшга тўлмаганлар;

ҳомиладор аёллар;

3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ вахта услубида ишлашга рухсат этилмаган шахслар.

Карантин даврида вахта услубида ишлашда ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.

Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

Ходимларни корхона жойлашган жойдан ётоқхонага етказиш ва қайта олиб келиш иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ ҳисобланган транспорт турлари билан, имкон қадар идоравий транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрлари” асосида корхона ҳисобидан амалга оширилади.

Иш берувчи томонидан вахта услубида ишлашга жалб қилинадиган ходимлар дам олиш вақтида ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминланган, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш ташкиллаштирилган ётоқхоналарда яшайдилар.

Ходимларни яшаш жойлари махсус мослаштирилмаган санитария-маиший ёки бошқа биноларга жойлаштирилиши қатъиян ман этилади.

Вахта услубида ишлашда ходимлар иш берувчи томонидан уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлайди ва овқатланиши учун санитария қоидалари талабларига жавоб берадиган шароит яратади.

Мавзуга оид