Жаҳон | 17:15 / 07.05.2020
28436
9 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Буюк Британия қаерда хатога йўл қўйди?

Дастлаб зарурий эҳтиёт чораларини кўрмаган ва ижтимоий иммунитет стратегиясини қўллаган Буюк Британия коронавирус туфайли вафот этганлар сони бўйича Италиядан ҳам ўзиб кетди.

Фото: PA MEDIA

Буюк Британияда коронавирус сабаб ўлимлар сони кескин ошиб кетиши ва мамлакатнинг Европадаги энг кўп ўлим ҳолати қайд этилган давлатга айланишига ҳукумат томонидан кетма-кет йўл қўйилган хатолар сабаб бўлди.

6 май куни ушбу мамлакатда вирус туфайли вафот этганлар сони 30 минг 76 кишига етди. Ушбу қўрқинчли рақамлар Британияни ўлим кўрсаткичи бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринга олиб чиқди.

Вақт қўлдан бой берилди

Буюк Британияни ушбу даҳшатли нуқтага судраб келган хатолар занжири эпидемияга қарши курашга ҳозирлик кўриш учун вақт мавжудлигига қарамай, ҳукумат уни бекорга сарфлагани туфайли юзага келди. Илк ҳолат 31 январь куни қайд этилганди. Дастлабки ўлим эса 6 март куни рўй берди. Ҳолбуки, ўша пайт Италияда вафот этганларнинг умумий сони 197 нафарга, вирус билан касалланиш ҳолатлари сони 3916тага етганди.

12 март куни вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни кузатиш бекор қилинди ва тестлар фақат шифохоналарда, шунда ҳам симптом мавжуд беморларда ўтказила бошланди.

«Қўлингизни ювинг» тавсияси билан чекланилди

Бош вазир Борис Жонсон 6 март куни қилган баёнотида илк ўлим қайд этилганига қарамай, ишлар олдингидай давом этишини айтди ва кескин чоралар кўриш ўрнига, 20 сония давомида қўлни ювиш бўйича халққа маслаҳат берди.

Парвозлар тўхтатилмади

Европанинг бошқа кўплаб мамлакатлари рейсларни бекор қилган пайтда ҳам Англия парвозларни тўхтатмади. Ҳатто ҳукуматнинг илмий маслаҳатчилари парвозларнинг тақиқланиши эпидемия суръатига деярли таъсир кўрсатмаслигини таъкидлашди.

Март ойи ўрталарида вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар назорати тўхтатилди, тест ўтказиш чекланди

12 март куни Италияда ўлим ҳолатлари сони 1000дан ошди, Англияда эса 10 нафарга етди.

Ўша куни Жонсон ҳукуматнинг «Кобра» деб номланган фавқулодда ҳолат қўмитаси мажлисидан сўнг 4 босқичли эпидемия режасининг «назорат» босқичидан «вирус тарқалишини кечиктириш» босқичига ўтилганини маълум қилди.

Жонсон гарчи мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ўз тарихидаги энг ёмон инқирозни бошдан кечираётганини таъкидласа-да, «Яна кўплаб оилалар ўз яқинларини бевақт йўқотишлари мумкин», деса-да, карантин ёки шунга ўхшаш чора-тадбирларни қўллаш бўйича қарор қабул қилмади.

Мактаблар ёпилмади, ресторанлар ва барлар очиқ қолди

Жонсон қилган ягона иш - хасталик аломати кузатилганлардан камида 7 кун давомида ўзларини изоляция қилиш ва агар оила аъзоларидан бирида бу ҳол кузатилса, бошқаларнинг ҳам уйдан чиқмасликларини сўраш бўлди.

Мактаблар ёпилмади, ресторанлар, барлар ўз мижозларини, театрлар эса ўз томошабинларини қабул қилишда давом этди. Хитой, Италия ва Испаниядан парвозлар тақиқланмагани боис четдан кириб келган кенг кўламдаги ҳаракат оқими давом этди.

Спорт мусобақалари тўхтатилмади

Чемпионлар Лигаси нимчорак финали жавоб учрашувлари доирасида «Ливерпуль» - «Атлетико» учрашуви ўтказилишига рухсат берилди ва 52 минг кишилик стадион тўлди. Ушбу учрашувга Испаниядан 3 минг мухлис ташриф буюрди.

10-13 март кунлари бўлиб ўтган Челтнем от спорти фестивалида 125 мингдан ортиқ киши тўпланди.

Бош вазир Жонсон 16 март куни қилган баёнотида жамоатдан бар, клуб, ресторан ва театр каби жойларга бормасликни сўради, аммо бундай жойларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳали жуда эрта эканини таъкидлади.

Стратегия ҳисобот туфайли алмаштирилди

Бу вақт давомида Британия асосан ижтимоий иммунитет стратегиясини олиб борди. Жамиятнинг 60-70 фоизига вирус тарқалишига йўл қўйиб, иккинчи тўлқиннинг ҳам, иқтисодий зарарнинг ҳам олдини олиш мумкинлигига ишонган ҳукуматнинг бу сиёсати бир ҳисобот туфайли чиқинди қутисига улоқтирилди.

16 март куни Лондон Империал коллежи ҳисоботида ижтимоий иммунитет стратегияси 300 мингга яқин британиялик ўлимига олиб келиши мумкинлиги ҳақида бонг урилди. Ушбу ҳисоботдан сўнг ҳукумат ўз стратегиясини ўзгартира бошлади.

Мактаблар, ресторанлар ва барларни ёпиш учун 50 кун керак бўлди

20 март куни барча мактаблар, хусусан, ресторан, бар, кафе, кинотеатр каби жойлар ёпилди. Бош вазир агар лозим бўлмаса, кўчага чиқмасликни маслаҳат берди. Шундай қилиб, вирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат ва мактаблар, ресторанлар ва барларнинг ёпилиши орасида нақ 50 кун ўтди.

23 март куни кўчага чиқиш чекланди

Бу вақтга келиб вафот этганлар сони 171 нафардан ошганди ва рақамлар тобора ўсиб борарди. Одамлар огоҳлантиришларга қулоқ тутмагач, 23 март куни қисман карантин жорий этилди.

Қарорлар доирасида фуқароларга фақат асосий эҳтиёжлар учун кўчага чиқиш, ёлғиз харид қилиш ёки оила аъзоси билан кунига бир марта спорт билан шуғулланиш, муҳтожларга ёрдам бериш ва ишга боориш учунгина кўчага чиқишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, дорихоналар ва дўконлардан ташқари барча тижорат марказлари ёпилди. Дафн маросимларидан ташқари барча ижтимоий тадбирлар тақиқланди. Бу вақт давомида ҳам рейслар тўхтатилмади. Март ойида биргина Лондоннинг Ҳитроу аэропортидан 3,1 миллион киши мамлакатга кириб келди.

Бош вазир ўлим чангалига тушиб қолди

Борис Жонсон сешанба куни Лондон марказидаги Сент-Жеймс хиёбонига сайр қилишга келди / PA MEDIA

Март ойи охирига келиб, ўлимлар сони 2 мингга яқинлашганди, вирусга чалиниш ҳолатлари сони эса 25 мингдан ошиб кетди. Улар орасида тахт вориси шаҳзода Чарлз, бош вазир Жонсон ва соғлиқни сақлаш вазири Ҳэнкок ҳам бор эди.

Жонсон 5 апрель куни кечқурун касалхонага ётқизилди, эртаси куни эса интенсив терапияга олиб ўтилди. 9 апрель куни реанимация бўлимидан, 12 апрель куни шифохонадан чиқарилган бош вазир 27 апрель куни ўз ишига қайтди. Ушбу даврда мамлакатда эпидемик сиёсатнинг прокси-процедураси амалга оширилди.

Гарчи ҳукумат «аҳволи яхши» деб баёнот берган бўлса ҳам, Жонсоннинг ўзи, агар у вафот этса, фавқулодда вазиятлар режаси тайёрлаб қўйилган бўлганини айтди.

Тест ўтказишда кеч қолинди

Тест ўтказилиши кўпайтирилган, аммо тест тўпламлари етишмовчилиги давом этмоқда / GETTY IMAGES

Фақат касалхоналардаги беморларда тест ўтказган ва ҳатто тиббиёт ходимларини текширувдан ўтказмаган ҳукумат танқид нишонига айланди.

Мамлакатда кундалик тестлар сони апрель ойининг сўнгги ҳафтасига қадар ҳар куни 15-20 мингталигича қолди. Ўтган ҳафта текширувдан ўтказилиши керак бўлганлар қаторига қариялар ва муҳим вазифаларни ўз зиммасига олганларни қўшган ҳукумат ой охирида тестлар сони кунига 122 мингга етганини эълон қилди. Бироқ ушбу 122 мингта синовдан 40 мингтаси одамларнинг уйларига юборилгани ва улар ҳали лабораторияларда текширилмагани маълум бўлди.

Сўнгги пайтларда фаолият жонланганига қарамай, ҳозирда Буюк Британия Ғарбий Европадаги энг паст тест синови кўрсаткичига эга мамлакат бўлиб турибди.

Ҳимоя воситалари билан таъминланмаган тиббиёт ходимлари вафот этди

Эпидемия пайтида 100дан ортиқ тиббиёт ва қариялар уйи ходимлари вафот этди. Бунга эса асосан ҳимоя воситалари етишмаслиги сабаб бўлди.

Улар қаторида 18 март куни бош вазир Жонсонга мамлакатдаги ҳар бир тиббиёт ходимини ҳимоя воситалари билан таъминлаш зарурлиги ҳақида хат жўнатган 53 ёшли шифокор Абдул Мабуд Човдхурий ҳам бор эди.

Шифокорнинг 18 ёшли ўғли Интисар Човдхурий соғлиқни сақлаш вазири Ҳэнкок иштирок этган жонли дастурга телефон орқали боғланиб, отасининг ҳимоя воситалари билан боғлиқ талабини қондирмаган ҳукумат ўз хатоларини қабул қилиши ва узр сўраши кераклигини айтди. Аммо вазир кечирим сўрамади ва талабни жиддий қабул қилмаганликларини билдирди.

Ҳолбуки, чиқинди пакети кийган ҳамшираларнинг сурати телевидение орқали намойиш этилаётган бир пайтда жамоат соғлиқни сақлаш институти тиббиёт ходимларидан бир марта фойдаланиладиган фартукларни ювиш ва қайта ишлатишни сўради.

Бундан ҳам ёмон кунлар кутилмоқда

Бошида онгли равишда эҳтиёт чораларини кўрмаган мамлакатда кунлик ўлимлар сони ҳамон 500-700 орасида сақланиб қолмоқда. Бу шуни кўрсатадики, келгусида Англияни бундан ҳам ёмон кунлар кутмоқда.

Мавзуга оид