Ўзбекистон | 22:21 / 08.05.2020
23859
7 дақиқада ўқилади

Репортаж: Сирдарёга юборилаётган кўмак юклари қаерда ва қандай сақланмоқда?

Сирдарё вилоятидаги тошқин жабрланувчиларига бутун республикадан инсонпарварлик ёрдамлари юборилмоқда. Kun.uz мухбири олиб келинаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотарининг сақланиши, назорат қилиниши ва тақсимланиши қай тартибда йўлга қўйилгани билан қизиқиб, Гулистон шаҳридаги марказий омборхонада бўлди.

Маълум бўлишича, ушбу озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат омборхоналарига прокуратура ходимлари масъул этиб бириктирилган.

Гулистон шаҳридаги марказий омборхона учун масъул бўлган вилоят прокурори ўринбосари Бахтиёр Aҳмедовга кўра, келаётган барча инсонпарварлик ёрдамлари рўйхат қилинади ва ҳисобот топширилади.

Бахтиёр Аҳмедов – Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари:

«Маҳсулотларни тизимли равишда қабул қилиб олиш, сақлаш ва тарқатиш мақсадида вилоят прокуратураси, вилоят департаменти, вилоят МИБ ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда штаб-ишчи гуруҳи тузилди. 8та тадбиркордан омборхоналари вақтинчага фойдаланишга олинган.

Солиқ идоралари, молия идоралари ва статистика идораларидан мутахассислар, ҳисобчилар ёрдамга чақирилган. Ҳар бир омбор нарса сақлаш учун иқтисослаштирилди ва маҳсулот тури бўйича мослаштирилди», – дейди Бахтиёр Аҳмедов.

Унинг айтишича, ҳар бир омборга келаётган маҳсулотни санитария талабларига жавоб беришини текшириш мақсадида санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари бириктирилган.

Бундан ташқари, ҳар бир омборни қўриқлаш учун Миллий гвардия ҳодимлари қўйилган.

«Келаётган маҳсулотлар асосан марказий омборга келади ва унинг турига қараб, агар омборда жой бўлса шу омборга, бўлмаса бошқа омборларга жойлаштирилади. Маҳсулотларни талабга жавоб берадиган қисмини СЭОМ ходимлари кўради, фикрини айтади ва шу асосда бу ердаги омборхонага туширилади.

Маҳсулот туширилгандан сўнг, маҳсулот тури, қайси ташкилотдан ёки фуқародан келгани бўйича ташкил қилинган ҳисобчига киритилади. Умумий ҳисоб-китоб кунлик юритилади», – деди Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари.

Бахтиёр Аҳмедовга кўра, келиб тушган маҳсулотлар туман ҳокимликлари қошида тузилган ишчи гуруҳ, маҳалла ва бошқа идоралар томонидан талабгорларга тарқатилади.

«Тошқиндан зарар кўрган фуқаро кимнидир уйида ёки қариндошиникида яшаётган бўлса, улар маҳаллалар орқали талабномани туман ҳокимлигига беради ва марказлашган ҳолда бу ердан олиб кетилади.

Тошқиндан зарар кўрган ва бирор бир муассасага жойлаштирилган фуқароларга эса биринчи навбатдаги муҳим маҳсулотлар, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни етказиб бериш учун масъул бириктирилган. Масъул ходим кундалик талабини туман ҳокимлигига тақдим этади, ҳокимлик талабномаси билан бу ердан молия ҳодимларимиз кузатувида маҳсулотлар чиқиб кетади. Чиқими ҳисобчиларимизга киритилади», – дея тушунтирди у.

Вилоят прокурори ўринбосарининг айтишича, тез айнийдиган маҳсулотлар учун Мирзаобод туманидаги корхонанинг музлатгичидан фойдаланилмоқда. Гўшт маҳсулотлари эса музлатгичга айлантирилган камерада сақланяпти.

Маълум бўлишича, фуқаролар томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамлари ичида қўлбола ёпилган консерва маҳсулотлари ҳам учраяпти. Улар махсус санитария талабларига жавоб бермаганлиги учун аҳолига берилмаган.

«Фуқароларимиз талафот кўрган одамларга ёрдам қиламан деб ўзида бор нарсани беришга ҳаракат қилди. Уйда ёпилган консерваларни олиб келишган ҳолатлар ҳам бўлди. Уларни СЭОМ ходими кўриб, тарқатишни тақиқлади.

Қолган сақлаш мумкин бўлган, стандартга жавоб берадиган, қадоқланган, тез бузилувчи маҳсулотлар совутгичли омборларда сақланяпти. Aйримлари етиб келган пайтидаёқ тўғридан-тўғри фуқароларга етказиб бериляпти.

Энг кўп талаб озиқ-овқат маҳсулотларига бўлди. Ҳозир эса вазият ўзгармоқда, кўпроқ кийим-кечак керак бўляпти. Талафот оқибатларини бартараф қилишга ишлатиладиган жиҳозларга талаб ҳам бўлди. Мисол учун, кетмон, белкурак, резина этик ва қўлқоплар. Лекин асосий талаб – озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари», – деди Гулистон шаҳридаги марказий омборхона фаолияти учун масъул Бахтиёр Aҳмедов.

Унинг таъкидлашича, фуқаролар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган буюмлар ва қадоқланмаган озиқ-овқатларни юбормаганлари маъқул. Чунки уларни ишлатиш санитария талабларига мувофиқ бўлмай қолади.

Яна бошқа бир омборхонада кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ ва бошқа фойдаланилган буюмлар сараланаётган экан. Бу ишга масъул Наргиза Тожибоеванинг айтишича, аҳоли томонидан бериб юборилган буюмларнинг саксон фоизи фойдаланиш учун яроқли ҳолатда.

Наргиза Тожибоева – Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

«Бу ерга келган маҳсулотларни тартибга солиш мақсадида жамоатчилик вакиллари, Ёшлар иттифоқи аъзолари ва кўнгилли волонтёрларни жалб қилганмиз. Бугуннинг ўзида 200га яқин фуқаромиз шу ерда ишлашмоқда. Улар билан жўнатилган ёрдам юклари, яъни кўрпа-тўшак, кийим-кечаклар, идиш-товоқларни саралаб оляпмиз.

Келаётган буюмларнинг 80 фоизи яроқли. Лекин яроқсизлари ҳам вилоят СЭОМ томонидан дориланиб, саралаб олиняпти.

Ҳадемай куз келади – фуқароларнинг уйлари битгач, кўрпа-тўшаклар, қозон-товоқларнинг ҳаммаси албатта уларга тақдим этилади.

Ёрдам юбороқчи бўлган фуқароларимизга эса эслатиб айтиб ўтмоқчиманки, буюмларни юборишдан олдин биринчи навбатда кераклими-йўқми, деган саволни олдимизга қўйиб олсак. Қанақа маҳсулотга эҳтиёж бор, шуларни ўйлаб кўришимиз керак. Ва албатта, ҳар бир жўнатаётган маҳсулотимиз санитария талабларига жавоб бериши керак», – дейди Наргиза Тожибоева.

Мавзу юзасидан санитария-эпидемиология назорат инспекцияси вакили ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Шавкат Эргашев – Санитария-эпидемиология назорат инспекцияси Сирдарё вилояти бошқармаси ходими:

«Инсонпарварлик ёрдамлари таркибида кийим-кечаклар, ноозиқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари бор ва юклар келишда давом этмоқда. Фуқароларимиз сифати кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотларини юборишлари мақсадга мувофиқ. Сифати кафолатланмаган ёки аниқ бир ёрлиққа эга бўлмаган, ишлаб чиқариш санаси ёки тайёрланиш жойи кўрсатилмаган маҳсулотларни аҳоли истеъмолига бериб бўлмайди.

Уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария қоидалари ва меъёрлари асосида тайёрланмайди, уларнинг сифати бўйича кафолат йўқ, шу боис аҳолига етказишни тавсия қилмаймиз», – дейди Шавкат Эргашев.

Сирдарёга инсонпарварлик ёрдамлари келиши давом этмоқда. Нафақат давлат ташкилотлари, балки хусусий тадбиркорлар ҳам бу жараёнда фаол қатнашишяпти. Фаол фуқаролар томонидан турли акциялар ташкил этилиб, ёрдамлар тўпланмоқда.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги қошида ташкил этилган махсус штаб билан қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин:

+99867 235 01 18

+99867 225 15 49

Штабнинг хайрия мақсадида ўтказиладиган маблағлар учун реквизитлари қуйидагича:

Ҳисоб рақам: 23402000300100001010

ИНН: 201122919

Шахсий ғазначилик ҳисоб рақами: 400121860244017950100018066

ИНН: 201980453

МФО:00014

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz тошқин оқибатида мол-мулкидан айрилган ватандошлар учун «Сирдарёга ёрдам» хайрия акциясини ташкил этган.

Мавзуга оид