Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сардобадаги тошқинда йўқолган ва қаровсиз қолган 4 мингдан ортиқ уй ҳайвони эгаларига қайтарилди
Миллий гвардия тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Тўлқин Қодиров 8 май кунги онлайн брифингда «Сардоба» туманидаги техноген офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, тошқин оқибатларини бартараф этиш тадбирларига Миллий гвардия бўлинмаларидан жами 2500дан ортиқ шахсий таркиб ва юзга яқин техника жалб этилган.
«Миллий гвардия бўлинмалари томонидан Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» МФЙдаги сув тошқини оқибатида талафот кўрган фуқароларга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар моддий ёрдам сифатида тарқатилди.
Жумладан, 100 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 мингдан ортиқ кийим-кечак, 4 мингдан ортиқ турли хўжалик буюмлари, 6 мингдан ортиқ тиббий ва гигиеник воситалар топширилди.
Шунингдек, Миллий гвардия бўлинмалари томонидан Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» МФЙдан турли хил буюмлар, Оқолтин туманидаги «Аҳиллик» МФЙдан телевизорлар ва бир дона «Дамас» русумли транспорт воситаси топилиб, ўз эгаларига топширилди.
Йўқолган ва қаровсиз қолган 4 мингдан ортиқ уй ҳайвонлари ўз эгаларига қайтариш чоралари кўрилди.
Миллий гвардия ишчи гуруҳлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда хонадонлар текширилиб, 1,5 мингдан ортиқ далолатномалар тузилди.
Миллий гвардия шахсий таркиби Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округларига бириктирилган 4та ҳудудда тегишли вазирликлар, идоралар ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда хизмат вазифаларини бажариб келмоқдалар.
Мазкур ҳудудларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан 15та блокпостлар ташкил этилиб, аҳоли яшаш пунктларида жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулки қўриқланишини таъминлаш мақсадида 67тадан ортиқ пиёда ва 3тадан ортиқ автопатруль хизматлари олиб борилмоқда.
Фуқароларга тегишли ов қуроллари ва 20дан ортиқ турли хил ҳужжатлар топилиб, ҳудудий ички ишлар бўлимларига топширилди.
Шунингдек, пул ва қимматбаҳо буюмлар топилиб, ўз эгаларига топшириш чоралари кўрилди.
Миллий гвардия бўлинмалари томонидан 15та маҳаллада 446та хонадонга борилиб, хонадон эгаларига юклари олиб чиқилишида, уйлари таъмирланишида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Ҳозирги кунгача 50дан ортиқ кўчаларда тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Оқолтин туманидаги Учтом, Мирзаобод туманидаги Навбаҳор ва Ҳақиқат аҳоли яшаш пунктларидаги мавжуд ҳолат Миллий гвардия раҳбарияти томонидан ҳавода ва жойларга бориб ўрганиб чиқилди. Натижаси бўйича Фавқулодда вазиятлар, ветеринария ва санитария-эпидемиологик хизматларга ушбу ҳудудларда нобуд бўлган уй ҳайвонларини олиб чиқиш ва белгиланган тартибда кўмиш ишлари ташкил этилмоқда», – деди Тўлқин Қодиров.
Қайд этилишича, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари Миллий гвардия бошқармаларидан 100 нафар ходимдан иборат захира гуруҳлари етиб келиб, Оқолтин туманидаги Учтом, Мирзаобод туманидаги Навбаҳор ва Ҳақиқат аҳоли яшаш пунктларида вазифаларини бажаришга киришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёдаги тошқинда оқиб кетган уч нафар Миллий гвардия ходими ҳақида маълумот берилган эди.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
13:53 / 18.09.2022