Жаҳон | 14:25 / 09.05.2020
18905
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев: «Сувдан оқилона фойдаланиш масаласи Ўзбекистон томони билан ҳал қилинади»

akorda.kz

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи Ўзбекистон билан ҳал қилинади. Бу ҳақда Twitter’да Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

«Туркистон вилоятининг Махтарал туманида сув тошқинидан жабр кўрганлар янги ёки таъмирланган уй-жой билан тўлиқ таъминланадилар. Уларнинг ҳар бири республика бюджетидан 100 минг тенге олади. Вазият назорат остида», - деб ёзган Тўқаев.

Шунингдек, у сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш масаласи Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорликда ҳал этилишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқот чоғида чегараолди ҳудудларда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жабр кўрган туманларда аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ва инфратузилмани тиклаш бўйича навбатдаги қадамлар келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид