Эронда денгиз машғулотлари вақтида бир кема иккинчи кемани чўктириб юборди - ОАВ
Эронда денгиздаги машғулотлар вақтида Jamaran фрегати янглиш тарзда ёрдамчи кемага ракета отиб юбориши оқибатида у чўкиб кетди.
Бу ҳақда эронлик журналистлар ижтимоий тармоқларда, жумладан Tasnim ахборот агентлиги сиёсий бўлими бошлиғи Маҳди Бахтиёрий твиттерда хабар қилган.
Воқеа Уммон кўрфазида юз берган. Унинг давомида Jamaran фрегати Эрон флотига қарашли бошқа бир кема - Konarak’га кемаларга қарши ракета билан шикаст етказган ва натижада у чўкиб кетган. Бошқа хабарларга кўра, шикастланган кема Чобохар портига тортиб олиб кетилган. Шунингдек, 20 дан 40 гача киши ҳалок бўлгани, ўнлаб одамлар жароҳат олгани маълум қилинмоқда. Бироқ воқеанинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.
Маълум қилинишича, Jamaran фрегати 2010 йилда сафга киритилган ва Эрон флотида энг замонавий ҳарбий кемалардан бири ҳисобланади. У Хитойда ишлаб чиқарилган кемаларга қарши ракеталар, торпедолар ҳамда бошқа қуроллар билан қуролланган. Кема экипажи 140 кишини ташкил қилади.
Россиялик мутахассис Илья Крамникнинг “Коммерсант” нашрига тушунтиришича, Konarak отиш машқлари учун нишонлар ўрнатган бўлиши, бироқ натижада ракета йирикроқ ёки ҳаракатланаётган нишонни, яъни кемани мўлжалга олиб, унга теккан бўлиши мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, фрегат Хитойда ишлаб чиқарилган С-802 ракетаси ёки унинг Эронда ишлаб чиқарилган “клони” Noor ракетаси билан қуролланган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024
АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
21:44 / 19.11.2024