Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус, чартер рейслар ва патент – Россиядаги ўзбекистонликларни қизиқтираётган саволлар юзасидан ҳуқуқшунослар билан суҳбат
Россияда COVID-19 билан зарарланиш ҳолатлари кескин ортиб кетиши ортидан ушбу мамлакатдаги ватандошлар тақдири ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди.
Kun.uz мухбири таҳририят манзилига юборилаётган энг кўп саволлар юзасидан Россияда юристлик фаолиятини олиб бораётган мутахассислар – Ботиржон Шермуҳаммад ва Илгиза Яхшибоева билан суҳбатлашди.
— Россияда вирус билан зарарланиш ҳолатлари охирги вақтда кескин ошиб кетди? У ерда қайси тизим хато ишлаяпти, деб ўйлайсизлар?
Ботиржон Шермуҳаммад:

Умуман олганда, бирон тизим хато ишлаяпти, демаган бўлардим. АҚШда ҳам зарарланганлар сони 1 млн.дан ошди. Бу АҚШнинг соғлиқни сақлаш тизими ёмон ишлаяпти дегани эмас. Фақатгина у ерда кўпроқ текширув бўляпти, кўпроқ тест қилиняпти. Ўлим ҳолатларини кўрадиган бўлсак, Россияда анча паст. Касалланганлар кўп бўлса ҳам, ўлим ҳолатлари камроқ. Бугунги кун ҳолатига 198 мингдан ортди Россияда. Кечанинг ўзида 11 минг одам зарарлангани аниқланган. Лекин ўлим ҳолатлари 2 мингга яқин. Россия катта давлат. Тушунишим бўйича, аввалида улар шошилмасдан ҳаракат қилишди. Европага борганлар кўп бўлган экан. Кўпчилик Италияга борган, Европада бўлиб қайтишганини эшитдик. Бу ерда секин-асталик билан чораларни кўриш бошланди. Бирданига кескин чоралар кўрилмади. Ҳозиргача ниқоб тақиш каби масалалар энди кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, Россия аҳолисининг ўзида ҳам бунга нисбатан масъулиятсизлик бор. Бунга ишонқирамай қараётганлар кўпроқ. Жамоат транспортида эътиборсизлик билан юрганлар бор. Москва ҳукумати рухсатнома билан кўчага чиқишни ташкил қилгандан кейин бирданига кўчага чиққан одамлар сони кўпайиб кетди. Яъни керак бўлса-бўлмаса, рухсатномани олиб, кўчага чиқиб айланиб юрибди. Фуқароларнинг ўзларида ҳам масъулият сустроқ десак бўлади.
Илгиза Яхшибоева:

Россияда касалланиш ҳолатларининг кўпайиши сабаби, биринчи навбатда, коронавирусга оддий грипп – ЎРВИ сингари муносабат билдиришяпти.
— Айтишларича, коронавирус билан зарарланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бу бўйича аниқ рақамлар борми?
Ботиржон Шермуҳаммад:
Ҳозирги кунда аниқ маълумот йўқ. Ҳеч кимда йўқ, тушунишим бўйича. Мен кўпчилик деб айтмаган бўлардим. Бизнинг колл-марказимиз апрель бошида ташкил қилинган бўлса, шу пайтгача 618дан ортиқ мурожаат келган. Шундан фақат 209та мурожаат ўзбекзабон шахслар томонидан қилинган.

Илгиза Яхшибоева:
Статистикани кўрадиган бўлсак, мен Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ишлаб келаман. Фуқароларимизнинг барчаси ҳақида ҳам маълумот йўқ. Шахсий рақамимга ва колл-центрга мурожаат қиладиганларнинг кўпчилиги хусусий клиникага бориб, коронавирус борлигини билганларидан сўнг ўзларини яширишга ҳаракат қилишган. Ўзларига тиббий хизмат олишга қўрқишади. Шундай ҳолатлар ҳам бўлган. Менинг ёш болам бор, турмуш ўртоғим шу ерда, бизни депортация қилишади. Йўқ, бунақа фикрлар нотўғри. Бу ҳақида ҳеч қандай статистика йўқ. Россия ҳукумати COVID-19’га чалинган биронта шахсни депортация қилмайди, мамлакат ҳудудидан чиқариб юбормайди.
— Яқинда сайтимиз орқали асли самарқандлик бўлган мигрант йигит билан гаплашдик. У ҳам Россияда вирус юқтирган. Унинг айтишича, россиялик фуқаролар ва чет эл фуқароларини даволашда икки хил муносабат кўзга ташланади. Ҳақиқатда ҳолат қандай, наҳотки, Россияда беморларга икки хил қараш мавжуд бўлса?
Ботиржон Шермуҳаммад:
Алишер Навоий асаридаги “Фил ва кўрлар” деган ҳолатга ўхшаш вазият бўляпти. Яъни оддий фуқароларимиз алоқада бўлган бўлса, бир неча ҳолатни кўрган бўлиши мумкин. Лекин бизга ўхшаган юристлар, кўпчилик мигрантлар билан ишлаб турган, колл-марказда ишлаётган операторлар бутун Россиядан бўлаётган мурожаатлар билан ишлашяпти. Врачлар билан алоқада бўлишни кўриб боришяпти. Яъни ҳолатлар бир томонлама ёритиладиган эмас. Россияда, ҳар қандай жойда бўлгани сингари ўзининг фуқаросига муносабат сал бошқачароқ бўлиши мумкин. Шунга ўхшаш хусусий ҳолатлар бўлиши мумкин. Лекин умуман олганда, чет эл фуқароларига қарамаяпти, ташлаб қўйяпти, деган гап нотўғри бўларди. Чунки ўзимиз шахсан тиббий ёрдам чақириб берганмиз, шифохонада даволаниб турган ўзбекистонликларни биламиз. Бу нарса тизимли кузатилаётган бўлса, биз билган ҳолатлар ҳам бўлмаслиги керак эди.
— Маълумотлар маркази ҳақида гапирдингиз, бу марказ ҳақида қўшимча маълумот бера оласизларми?
Илгиза Яхшибоева:
Колл-марказга мурожаат қиладиган муҳожирлар аниқ тушуниши керак – қаернинг фуқароси бўлишидан қатъий назар, бизнинг ўз шифохонамиз йўқ. Биз бевосита шифохонага жойлаштириш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва коронавирусга чалинганларга озиқ-овқат, дори-дармон масаласида ёрдам кўрсатишимиз мумкин.Биз моддий ёрдам кўрсатмаймиз, уй билан таъминламаймиз, бизда шахсий шифохона йўқ. Колл-марказга телефон қилиб, ўзбеклар шифохонасига бизни олиб кетинг, дейишади. Йўқ, бундай шифохона мавжуд эмас.
Ботиржон Шермуҳаммад:
Апрель ойи бошида Москвадаги Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси бошлиғи Саиднўъмон Мансуров томонидан шундай ташаббус бўлди. Яъни касалликка чалинган ўзбекистонликларда муаммо бўлиши мумкин, уларга ёрдам берадиган марказ қилайлик, деган гап бўлди. Юристлар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари, врачлар биргалашиб, жамоат кенгаши тузилди. Унинг қошида 4 тилда ишлайдиган колл-марказ қилиш фикрига келинди. Ўзбек, қирғиз, тожик ва рус тилларида 5 нафар оператор кўнгиллилик асосида, ҳеч қандай моддий манфаатсиз ишлашяпти. Бизга бир қанча жамоатчилик фондлари ва кўнгиллилар ёрдам беришяпти. Марказга қўнғироқ қиладиганлар коронавирусга чалинганлар ёки бемор билан алоқада бўлганлар бўлиши керак. Бир жойда яшаб юрганлар ҳам 14 кун давомида кўчага чиқмаслиги керак. Агар шунга рози бўлса, биз томонимиздан уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти. 14 кунга етадиган стандарт тўплам етказиб бериляпти. Керак бўлганда, дори-дармонни ҳам етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Бу нарса асосан ҳозирги кунда Москва шаҳри, Москва вилоятида амалга ошириляпти. Россия жуда катта давлат, бошқа ҳудудларда ҳам бу иш ташкил қилинса, яхши бўларди.
Марказимиз билан қуйидаги алоқа рақамлари орқали боғланиш мумкин: +79035618585
Илгиза Яхшибоева:
Биз нафақат Москва ва Санкт-Петербург шаҳрида тиббий ёрдам машиналарини чақириб беряпмиз, балки Россиянинг бошқа ҳудудларидан ҳам қўнғироқлар бўлади. Бу борада ҳам ёрдам кўрсатиш кучига эгамиз.
— Россиядаги ўзбекистонликларнинг баъзилари билан гаплашиб чиқдим. Уларнинг жуда кўпи чартер рейсларнинг қачон бўлиши, тезроқ ортга қайтиш бўйича савол беришяпти.

Ботиржон Шермуҳаммад:
Россияда 2 млн.дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси бор. Чартер рейс Россиядан кетишнинг ечими эмас. Чунки битта самолётга 250та одам сиғади. Кетмоқчи бўлиб ёзилганларнинг ўзи ҳозиргача 10 мингдан ошиб кетган. Ёзилганларнинг ўзини олиб чиқиб кетиш учун ҳам жуда кўп миқдорда рейс қўйишга тўғри келади. Кўпчилик барибир кета олмайди. Менга телефон қилишганида айтаман – бугун рўйхатга ёзилган тақдирингизда ҳам, сизнинг навбатингиз қачон келиши номаълум. Навбат келгунча, йўллар очилиб, ҳамма нарса изига тушиб кетиши ҳам мумкин. Нафақат самолёт, темирйўл ва бошқаларни йўлга қўйганда ҳам қисқа муддат ичида барча ўзбекистонликларни олиб чиқиб кетишнинг имкони йўқ. Шуни ҳам тушуниш керакки, биринчи навбатда, ҳақиқатан ҳам муҳтожлар, касаллар, ёш болалилар, кексалар кетиши керак. Сал қийналгани учун ҳам, шериги кетаётгани учун ҳам одамлар кетмоқчи бўляпти. Фавқулодда вазиятни тушуниб, муҳтожларга кўпроқ йўл беришимиз керак. Оддий ҳолатдаги одам имкон қадар шу ерда кутиши керак. Бундан ташқари, биз озгина масъулият ҳис қилишимиз керак. 200 мингга яқин касаллик чиқиб турган Россиядан Ўзбекистонга боришимиз ўз соғлигимиз учун хавфли, йўлда бизга ҳам касаллик юқиши мумкин. Касалликни ўзимиз ҳам Ўзбекистонга олиб боришимиз мумкин. Ўзбекистонда яқин орада касаллик тугаб қолса керак. Касаллик камайиб турган пайтда, яна тарқатишга сабабчи бўлиб қолиш тўғри эмас.
— Россияда патент тўлови пандемия туфайли вақтинча бекор қилинди. Бу жуда кўп ватандошларни хурсанд қилгани рост. Патент тўлови ҳамма учун бекор қилинмаган, тўлов олишда давом этилаётган ҳолатлар бор, деган мурожаатлар ҳам бизга етиб келмоқда. Аслида вазият қандай?

Ботиржон Шермуҳаммад:
Бу тушунмовчилик ҳолатида энг катта муаммо президент фармонига бориб тақалади. Президент фармонида муддати 15 июндан кейин тугаётган бўлса, шуларнинг муддати 15 кунга чўзилиши бўйича рухсат берилган. Лекин бунда бир нарса ҳисобга олинмаган, патент бошқа ҳужжатларга ўхшамайди. Ҳеч қайси ҳужжатнинг муддати ҳар ой тўланадиган тўловга боғлиқ эмас. Президент фармонида патент масаласи алоҳида бандда тушунтирилиши керак эди. Шундан келиб чиқиб, юристлар орасида ҳам баҳслар бўлди. Бошида патент муддати тугагандан кейин 15 кун давомида тўлаш керак эмаслигини тушундик. Ички ишлар вазирлиги сайтида бу ҳақида бир неча маротаба айтилди. 15 июндан кейин тўлов қилинмаслиги айтилди. Аммо шундан кейин ҳам турли мазмундаги видеолар чиқди. Бир неча нафар фуқаро Ички ишлар вазирлигига хат ёзиб, шу саволларни берган ва аниқ жавобларни олган. Бу жавоблар фақат савол йўллаганларга боғлиқ, бошқаларга таъсир кўрсатмайди, деган гапларни ҳам айтишади.
Илгиза Яхшибоева:
Пандемияга қарамай патент тўловини олиб бораётган фуқаролар ҳеч нарсадан қўрқмаслиги мумкин. 15 июндан бу саналар чўзилади ва расмий тарзда давлат корхоналари, МЧЖ ёки ЁАЖларда шахсан ўзлари меҳнат шартномаси асосида ишлаб келаётган фуқаролар патент тўловини йил охирида қайтариб олиши имконияти бор. Шифохона, автопарк, мактаб ва боғчаларда ҳам кўп мигрантларимиз иш фаолиятини олиб боради. Йил якунида иш берувчи пантент тўловини тўлаб боргани сабаб буларга патент тўлови аванс ҳисоблангани учун бу солиқ ҳисобланади. Ўша тўловларни олиб боргани учун қайтариб берилади. Патент тўловини тўлаб бораётган ва расмий тарзда иш олиб бораётган мигрантлар хавотирга тушишмасин.
— Патент учун тўлов қилган бўлса, уни йил охирида қайтариб олиши мумкинми?
Илгиза Яхшибоева:
Ҳа, уни йил охирида қайтариб беришади. Фақат расмий тарзда меҳнат шартномаси билан ишлайдиган меҳнат муҳожирлари учун бу.
Ботиржон Шермуҳаммад:
Қўшимча қилиш керак. Патент тўловини қайтариб бермайди. Гап шундаки, чет эл фуқароси икки марта пул тўлайди. Яъни бир марта авансли даромад солиғини маълум миқдорда ҳар ой олдиндан тўлайди. Иккинчиси, расмий ишлаб турган жойидан иш ҳақидан 13 фоиз миқдорида даромад солиғи олинади. Иш ҳақидан олинган 13 фоиз миқдор патент тўловидан камроқ бўлиши мумкин. Яъни йил охирида ёки бошқа пайтда мурожаат қилганда патент пули эмас, иш ҳақидан олиб қолинган 13 фоизни қайтариб беришлари мумкин. Патентни қайтариб бериш тўғри гап бўлмайди. 13 фоиз, мисол учун, Москва шаҳрида 5350 рубл бўладиган бўлса, фоиз 5350 рублгача бўлганларни қайтариб беради. Кимдир 2 минг тўлайди, кимдир 3 минг тўлайди. Мана шулар тўланади. Лекин агар иш ҳақининг 13 фоизи 5350дан кўпроқ бўладиган бўлса, фақат 5350 тўланади.
Илгиза Яхшибоева:
Лекин меҳнат муҳожирларининг иш фаолиятига келадиган бўлсак, ўрта иш ҳақи, ўрта ҳам эмас, расмий тарзда тўланадиган стандарт иш ҳақи Петербург шаҳрида бир ставка учун 18 минг. Конвертда тўланадиган суммаларни ҳам яширмаймиз. Асосан мигрантлар 45 минг иш ҳақи оладиган бўлса, расмий иш ҳақи 18 минг бўлади. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, 13 фоизи 1800-2300. Қолган сумма йил охирида 12 ойлик қилиб ҳисобланиб, бухгалтерия орқали қайтарилади.
— Карантин вақтида кўпчилик ишга чиқмаяпти, кўпчиликнинг ижтимоий аҳволи ҳам оғирлашган ҳолатлар кўп. Шундай пайтда меҳнат муҳожирлари ижтимоий ёрдам олиши мумкинми?
Ботиржон Шермуҳаммад:
Ижтимоий ёрдам фақатгина жамоат фондлари орқали амалга ошириляпти. Давлат томонидан алоҳида ижтимоий ёрдам йўқ. Расмий ишлаб турганлар ишга чиқмаган тақдирда қандайдир компенсациялар олиши мумкин. Кўпчиликнинг расмий ишламаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, Москва шаҳрида “Саховат” маркази ташкил этилди, бизнинг марказимиз томонидан ёрдам кўрсатиляпти, “Закат” деган фонд ҳам бор. Охирги пайтда мигрантлар федерацияси томонидан ҳам ёрдам эълон қилинди. У ерда ҳам анкета тўлдирилади, чиндан ҳам муҳтож деб топса, ёрдам кўрсатишлари мумкин. Давлат томонидан тизимли амалга оширилаётган иш йўқ. Давлат хизматчилари, амалдорлар бир нарсани инобатга олишмаяпти – жамоатчилик кучидан яхши фойдаланса бўлади. Ўзбекистонда бутун халқ ўз ёрдамини бера оладиган фонд ташкил этилди, бу ўз самарасини кўрсатяпти. Россияда ҳам элчихоналар, консулликлар ёрдамида буни ташкил қилса бўлади. Ҳисобрақам очиб, истовчилар пул ўтказиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатишса бўлади. Чунки жамоат фонди, мустақил юристлариннг имконияти билан элчихона имконияти ўртасида катта фарқ бор. Бунда фирибгарлик ҳолатлари олди олинади, ортиқча харажатларнинг олди олинади. Биз очган колл-марказни Россиянинг бошқа регионларида ҳам очиш мумкин. Талабалар негадир фаол эмас. Талабаларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билади. Оддий тез ёрдамни чақириш каби ишларни ташкиллаштиришда юристлар ва талабалар ёрдам кўрсатишса, яхши бўларди.
— Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини иш билан таъминлаш, миграцияси оғриқли масалаларга айланган. Мана шу соҳанинг келажагини қандай кўрасизлар?
Ботиржон Шермуҳаммад: Россияда доим мигрантлар бўлади. Россия ривожланаётган катта мамлакат. Бу ерга доим ишчи кучи керак. Дунёда бизнинг энг кўп қийналаётган мигрантларимиз Россия билан Қозоғистонда. Бу ердаги жамият ҳали шундай ривожланиш даражасига чиқмаган, у ерада инсон омилига, инсон ҳуқуқларига бўлган муносабат, қонунга бўлган муносабат бошқача. Корея ёки Туркияда бундай қийинчилик йўқ. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, сотилиб кетаётганлар йўқ. Чунки у ерда тизим бошқача ишлайди. Россияда анчадан бери кузатиб бораман, миграция билан боғлиқ жараёнларни чиройли тартибга солса бўларди. Коррупция ва бошқа сабаблар билан шу нарса атайин тартибга солинмаяпти. Миграция рўйхати мигрантларни энг қийнайдиган нарса. Россиядан чиқиб кетишга мажбур қиладиган нарса шу. Мигрантдан рўйхатдан ўтиш талаб қилинади. Лекин чет эл фуқаросида ўзи яшаб турган жойдан бориб рўйхатдан ўтиш имконияти йўқ, фақатгина уйнинг эгаси ёки яшаб турган жойининг раҳбарияти билан бориши керак. Бунга уй эгаси рози бўлмайди. Худди шу нарса фавқулодда вазиятда ҳам ўзини кўрсатяпти. Уйдан 100 метр узоқ масофага бориш мумкин эмас, энг яқин дўконга бориш мумкин, акс ҳолда жарима солинади. Лекин чет эл фуқаросининг регистрация билан турган жойи ҳар хил жойда бўлади одатда. Яъни регистрацияси тўғри келмайди ва бу ерда яшашини исботлашнинг имкони бўлмайди. Энг катта муаммо шунда. Европа, Корея, Туркия, АҚШда миграция рўйхати йўқ, лекин мигрантлар ишлаяпти, жиноятчилик кўпайиб кетгани йўқ. 2008 йилда инқироз бўлди, 2014 йилда Украина билан боғлиқ зиддиятлар, ҳозир яна инқироз бошланяпти. Ҳар сафар инқирозда Россия рублининг қиймати бирданига тушиб кетади. Бу нарса биринчи навбатда мигрантлар даромадига таъсир кўрсатади. Чунки биз даромадимизни Ўзбекистонга долларда юборамиз. Кеча топган пулингиз 1000 доллар бўлса, бугун 500га айланиб қолади. Ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда даромади кескин тушиб кетяпти. Шунинг учун тезроқ мигрантларга тилни яхши ўргатиб, дунёда керакли долзарб касбларни ўргатиб, идеал ҳолатда ўзимизга қайтариш керак ёки оқимни бошқа давлатларга ҳам йўналтириш керак.
Илгиза Яхшибоева:
Мигрантларнинг савиясига келадиган бўлсак, уларнинг тил билиш даражаси паст. Лекин шунга қарамай, кўпгина мигрантлар Россияда оиласи билан яшаяпти. Мигрантлар оиласида мен кўрган энг яхши ҳолат, маош ва қийинчиликка қарамай фарзандларга таълим бериш тизими. Яъни мигрант болалари ўртаҳол рус оилалари сингари рус тили, инглиз тили, спорт тўгаракларига қатнашиб келишмоқда. Мигрантлар фарзандларининг таълим тизимига бошқача қарашади. Қиз ёки ўғил бола бўлишидан қатъий назар фарзандларини олий таълимда ўқитмоқчиликларини айтишади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мигрантлар савияси яқин 10 йил ичида ўзгаради. Меҳнат муҳожирларининг аксарияти айтишади, биз оддий қишлоқ аҳолисимиз, қишлоқда деҳқончилик билан топган даромадимизга Ўзбекистонда фарзандимизни ўқита олмасдик деб. Ҳозирги ҳолат 50га 50. Савияли мигрантлар кўпайган. 2000 йиллардаги мигрантлар кам. 30-40 фоиз мигрант ўз ҳуқуқларини яхши билмайди ва қийналади. 50-60 фоиз мигрант эса ўзини қўлга олган, савияси ўрта ёки ўртадан сал юқори.
Ботир аканинг фикрига қаршиман, чунки мигрантларнинг кўпчилиги ўз ҳуқуқларини билишади ва ўрганишмоқда.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
23:26 / 19.05.2025
Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди
18:19 / 09.05.2025
Жиззахда фуқарони Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди
11:05 / 07.05.2025
Россияда мушкул аҳволда қолган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди
19:21 / 01.05.2025