Жамият | 14:18 / 11.05.2020
18608
3 дақиқада ўқилади

 «Операция ўтказилмаса, 3 ойдан кўп яшамаслиги мумкин». Жигар циррози билан оғриган беморга ёрдам зарур

Бекободлик Тўлқин Турдиматовга жигар циррози негизидаги саратон ташхиси қўйилган. Тиббий хулосага кўра, ягона даво чораси – жигар транпслантацияси. Акс ҳолда, бемор 3 ойдан узоқ яшамаслиги мумкин.

Беморнинг қизи Мунира Турдиматованинг айтишича, отаси умуртқа чурраси туфайли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Амалиётдан сал вақт ўтиб – 2019 йил ноябр ойида бемор жигарида кучли оғриқ сезади. Аниқланишича, беморда аввалдан гепатит Б бўлиб, операциядан кейин қабул қилинган гормон препаратлари ўсимта ўсишини ривожлантириб юборган, натижада жигар циррозга учраб, саратон пайдо бўлган.

Ҳиндистонда ўтказилган текширув хулосасига кўра, жигар кўчириб ўтказиш амалиётини ўтказиш лозим.

Бошқа оила аъзоларига нисбатан саломатлиги яхшилиги боис, беморнинг қизи Мунира донор бўлади. Амалиёт, йўл ва яшаш харажатлари учун оилага 30 минг доллар керак эди. “Дадамнинг машиналарини сотдик. Қариндошлардан имкон қадар қарз кўтариб, бир амаллаб керакли маблағни йиғдик. 2 феврал куни мен, ойим ва дадам Ҳиндистонга учиб бордик. Қарийб бир ой амалиёт олди текширувларини ўтказишди. Шунинг ўзига 6 минг доллар кетди. 29 феврал куни трансплантация амалиёти муваффақиятсиз ўтди. Сабаби менинг жигаримда олдиндан кўриб бўлмайдиган аномалия бор экан. Иккимизни ҳам кесиб бўлгандан кейингина бу аниқланди. Жигар кўчириб ўтказилмади. Ҳеч қандай натижа бўлмаса ҳам, операция учун 7 минг доллар тўлов қилишга мажбур бўлдик”, дейди Мунира Турдиматова.

Муваффақиятсиз операциядан сўнг, оила бошқа донор излай бошлади. Бу орада карантин режими бошлангани учун Мунира чартер рейс билан Ўзбекистонга қайтади, бемор ва аёли навбатдаги операция учун Ҳиндистонда қолади. Донор топилавермагач, Тўлқин Турдиматовга кекса бўлса ҳам, аёлининг жигарини кўчириб ўтказишга қарор қилишади. Аммо Ҳиндистонда яшаш харажатлари ва муолажа учун ҳам пулнинг анча қисми сарфланган эди. Энди навбатдаги операция ва муолажалар учун 10 минг доллар маблағ зарур.

“Агар операция ўз вақтида қилинмаса, 3 ойдан кўп яшай олмаслигини айтишяпти. Ҳамма имкониятимизни ишга солиб, керакли маблағни йиғгандик. Аммо юзага келган муаммолар туфайли озгина етмай турибди. Қутлуғ кунларда юртдошларимиздан ёрдам сўрамоқчиман...”, дейди Мунира Турдиматова.

Тўлқин Турдиматов 35 йилдан бери болаларга дарс беради. Савобталаб халқимиз илм йўлида хизмат қилган ўз муаллимига оғир кунида тиргак бўлишига ишонамиз. Муборак Рамазон ойида қилинган мисқолча яхшиликнинг ҳам буюк ажри бор. Миллат фарзандларига дарс бериб келган инсоннинг шифо топишида ўз ҳиссамизни қўшайлик. Яхшилигингиз сабаб Яратган топганингизга барака берсин!

Ёрдам бериш истагида бўлганлар учун маълумот:

Бемор Тўлқин Турдиматов номига очилган карта:

UzCard: 8600 3329 3890 6975

Беморнинг рафиқаси Манзура Турдиматова номига очилган карта:

Visa: 4143 8100 7002 4346

Тел: +99890 989 11 90

Саодат Абдураҳмонова 

Мавзуга оид