Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойнинг Шимолий Корея билан чегарадаги шаҳри коронавирус авж олиши сабабли ёпилди
Хитойнинг Гирин провинциясидаги Шулан шаҳрида коронавируснинг кутилмаганда авж олиши ҳукуматни шаҳарни ёпишга мажбур қилди. Шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар билан транспорт алоқаси тўхтатилган.
Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар қилган.
Шаҳарнинг Шимолий Корея билан чегарада жойлашганлиги баъзи экспертларнинг шаҳарда коронавирус авж олиши Шимолий Кореядаги эпидемия билан боғлангани ҳақида тахминлар билдиришига сабаб бўлган. Уларнинг таъкидлашича, дастлаб коронавирус Шимолий Кореяга Хитойдан олиб кирилган ва кейинчалик чегарадан ўтиб юрувчи кореялик савдогарлар томонидан Хитойга қайтган.
Шаҳардаги барча жамоат жойлари ёпилган, транспорт тўхтатилган. Аҳолига уйларида қолиш буюрилган. Шаҳар юқори хавф тоифасига киритилган.
Шимолий Корея Хитой билан чегарасини январда ёпган ва ҳозирча коронавирусдан бирорта касалланиш ҳолати ҳақида расман маълум қилмаган. Бироқ Bloomberg ахборот агентлигининг Сеулдаги Корея университети тиббиёт фанлари профессори Ким Син Гонга таяниб хабар беришича, Шимолий Кореяда чегаралар ёпилгунгача юзлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳақида маълум бўлган. Америкалик ҳарбийларнинг фикрича ҳам Шимолий Кореяда эпидемия мавжуд.
Шимолий Корея ёпиқ давлат бўлгани сабабли у ердаги реал вазият ҳақида гапириш қийин. Бироқ шунга қарамай, баъзи янгиликлардан у ердаги вазият бўйича муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлмоқда. Жумладан, апрель охирида Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда узоқ муддат сақланувчи озиқ-овқат маҳсулотлари саросимада харид қилинаётгани маълум қилинган. Шунингдек, мартда Шимолий Корея ҳукумати 4500 киши карантиндан олинганини маълум қилган. Таъкидланишича, мамлакатда эпидемия мавжудлигининг бошқа аломатлари ҳам кузатилган. Ҳукумат томонидан пандемияга қарши кураш учун хорижий ёрдамнинг қабул қилиниши бунга мисол бўла олади. Шунингдек, Шуланда карантин киритилгани хабар қилиниши билан бир вақтда Хитой оммавий ахборот воситалари Шимолий Кореяга коронавирусни аниқловчи минглаб тест тўпламлари юборилганини маълум қилишган.