Ўзбекистон | 13:52 / 12.05.2020
12232
3 дақиқада ўқилади

Бобир Акилханов: «IT соҳасидаги давлат лойиҳаларини бозорга чиқариш керак»

MFactor лойиҳасининг Ёшлар иттифоқи билан ташкил этилган навбатдаги сони «Ўзбекистонда freelance истиқболи» мавзусига бағишланди.

Дастурда IT соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширган Бобур Акилханов иштирок этиб, Ўзбекистонда ахборот технологиялари, фрилансингни ривожлантириш учун амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Биринчиси, Ўзбекистондаги бюджет шартномаларини интеграторларга бермаслик. Ҳозир Ўзбекистонда нима бўляпти? Ўзбекистондаги катта лойиҳалар давлат лойиҳаси бўлса, «Ўзинфоком» ва бошқа давлат корхоналарига бериляпти.

Ана шу лойиҳаларни бозорга чиқариб юборинглар деган бўлардим. Бозорга чиқариб юборсангиз, ҳозир ахборот технологиялари соҳасидагилар болаларни йиғиб, жамоалар тузяпти. Уларга пул керак. Шу пул тендер бўлиб, бозорга чиқиб кетса, ҳаракат бошланади. Жамоалар пайдо бўлишни бошлайди. Жамоалар пул йиғиб олганидан кейин чет элга Google’га реклама қилиш учун пули бўлади. Шу нарсани биринчи бўлиб қилиш керак. Давлат лойиҳаларини давлат амалга ошириши керак эмас. Давлат фақат регулятор бўлиши керак.

Бобир Акилханов

Бюджетдаги ҳозирда бўлаётган лойиҳалар бозорга, халққа чиқсин, одамлар ютсин. Бир миллионлик лойиҳаларни ўнта компанияга бўлиб беринглар. Йигитлар бор, лекин кўтарила олмайди. Улар қаердан лойиҳа олади? Ҳеч қаердан ололмайди. Хусусий сектордаги лойиҳалар жуда кичкина. Давлатнинг ичида эса миллионлаб лойиҳалар айланади. Шу нарсаларни чиқариб юборинглар. Майли, бу лойиҳаларнинг 20, 50 фоизини чиқариб юборинглар. Икки йил ичида бизда кучли компаниялар пайдо бўлади, улар экспорт қилишни бошлайди.

Иккинчиси, 4-6 йил олдин курсларга, яъни таълим учун лицензия олиш жуда ҳам қийин, муаммоли нарса эди. Худога шукр, ҳозир бу муаммо йўқ. Шунинг учун бизда курслар кўпайди, ҳаракат пайдо бўлди. Давлат умуман аралашмасин: Skype’га, мессенжерларга блок қўймасин, интернет монополиясини олиб ташласин, худди бозор иқтисодиётидагидек ишлаб кетса, қолган ҳаммасини ахборот технологиялари мутахассисларининг ўзлари қилиб кетишади. Уларнинг ўзлари нони, мижозларини топиб, ривожлантириб боради», деди Акилханов.

 У Ўзбекистонда интернет сифати ёмонлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Бизда нима учун интернет ёмон? Монополия бўлгани учун. «Ўзбектелеком»да монополия бор. Бир ташкилот ҳамма нарсани назорат қилади. Монополия бўлмаса, хусусий компаниялар ривожланади», дейди мутахассис.

Тўлиқ суҳбатни MFactor’нинг Youtube’даги канали орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид