Жаҳон | 12:30 / 12.05.2020
19016
3 дақиқада ўқилади

Петербургда коронавирус беморлари ётган шифохонада ёнғин: беш киши ҳалок бўлди

Санкт-Петербургнинг Виборгск туманида жойлашган Авлиё Георгий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ёнғин чиқиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Шифохонанинг бир қисми Covid-19 беморларини даволаш учун ажратилганди.

Фото: Петр Ковалев/ТАСС

Россия Тергов қўмитасининг Петербург бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, ёнғин вақтида реанимациядаги беморлар ҳалок бўлиши бўйича жиноий иш қўзғатилган. Эҳтиётсизлик оқибатида ўлим етказиш моддаси бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

ТАСС агентлиги дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида беш бемор ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Кейинроқ шаҳар фавқулодда ҳолатлар бошқармаси «Интерфакс»га ёнғин қурбонлари сони беш нафар бўлганини тасдиқлаган.

Сешанба тонгида шифохонанинг 6-қаватида, коронавирусга чалинганлар даволанаётган жонлантириш бўлимида ёнғин бошланган. Ўт ўчириш хизмати бўлимлари воқеа жойига соат 06:23да етиб келишган, соат 06:55да ёнғин бартараф қилинган. Қутқарувчилар 150 кишини эвакуация қилишган. Ёнғин 10 квадрат метр майдонни қамраб олган.

Ҳодисага сунъий нафас олдириш аппаратида ўт олиши сабаб бўлган, деб тахмин қилинмоқда.

«ИВЛ аппаратларига юклама»

«Интерфакс» маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар бўлган ва улар сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган бўлган. Агентлик суҳбатдошининг маълум қилишича, ёнғинга аппаратлардан бири қизиб кетгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Ёнғин ўчоғи олтинчи қаватдаги реанимация бўлимида жойлашган. Бу «қизил зона» бўлиб, у ерда янги коронавирус инфекциясидан зарарланиб, оғир аҳволга тушган беморлар ётган. Тахминларга кўра, ИВЛ аппарати ёниб кетган», - деган «Интерфакс» манбаси.

«ИВЛ аппаратларига ҳаддан ташқари юқори юклама тушган. Дастлабки маълумотларга кўра, кучли юклама туфайли аппарат чўғланган ва бу ёнғинга сабаб бўлган», дея қўшимча қилган у.

Фавқулодда хизматлар вакили РИА Новостига ёнғин сабаби «электр қурилмадаги носозлик» ҳам бўлиши мумкинлигини айтган. 

«Тиббий муассасанинг бир қисми оғир аҳволдаги коронавирус беморлари учун ажратилган. Саккиз қаватли бинонинг олтинчи қаватида ёнғин чиққач, барча беморлар ва ходимлар биринчи қаватга ўтказилган», деган манба.

Петербург Россияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича учинчи ўриндаги ҳудуд ҳисобланади. Душанба кунги маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда 7 711 ҳолат қайд этилган, 56 бемор вафот этган.

Бундан аввалроқ, 9 май куни Москвадаги коронавирусга чалинганлар даволанаётган шифохонада юз берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлганди. 10 май куни эса Москва областининг Красногорск шаҳрида жойлашган қариялар хосписида ёнғин юз бериши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид