Жамият | 08:56 / 13.05.2020
2083
2 дақиқада ўқилади

Газдан ўғринча фойдаланаётган “тадбиркорлар” ушланди

Фото: МИБ

Жорий йилнинг 2 май куни Бюронинг Қувасой шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан тунги рейд тадбирлари ўтказиш жараёнида Қувасой шаҳар Боғбон қишлоғида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехини кўздан кечиришганида корхона раҳбари И.Д. ўзини ғалати тутиб гўёки ҳаммаси жойида эканлигини тушунтиришга уриниши шубҳа уйғотди. Тадбирга жалб қилинган мутахассислар томонидан табиий газ ҳисоблагич ускунаси текширилганида унинг механик қисмига яширин равишда сим орқали ташқи таъсир кўрсатилиб, ҳисоблагич тўхтатиб қўйилганлиги ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мутахассислар томонидан қилинган ҳисоб-китобларга кўра “тадбиркор” Қувасой шаҳар газ таъминоти корхонаси манфаатларига 24 млн. 195,0 минг сўм моддий зарар етказганлиги аниқланиб, 12.05.2020 йилда ушбу зарар тўлиқ қопланди.  

Шунингдек, Бюронинг Фарғона вилоят бошқармаси ва Қувасой шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан 07.05.2020 йил куни тунги вақтда ўтказилган тадбирда Қувасой шаҳар Дўстлик қишлоғида жойлашган ғишт ишлаб чиқариш заводида табиий газдан фойдаланишнинг қонунийлиги ўрганилганида юқоридаги ҳолат каби корхона раҳбари С.И. газни ҳисоблаш ускунаси паррак қисмига сим жойлаб қўйиб ҳисоблагични тўхтатиб қўйганлиги ва ғишт ишлаб чиқаришда табиий газдан мутлақо “бепул” асосда ва ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги фош этилган.

Ғишт завод раҳбари С.И.нинг ноқонуний қилмиши давлатга 44 млн. 880 минг сўмга тушган ва мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Бюронинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид