Жаҳон | 08:56 / 14.05.2020
8598
2 дақиқада ўқилади

Трамп коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқишни тезлаштириш лойиҳасига раҳбарлар танлади

АҚШ президенти Дональд Трамп фармацевтик компаниянинг собиқ раҳбари Монсеф Слауи ва армия генерали Густав Пернга коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқишни тезлаштиришга қаратилган “Товушдан юқори тезлик” амалиёти” лойиҳасига раҳбарлик қилишни топширмоқчи.

Бу ҳақда The Hill нашри хабар берди. Оқ уй маъмуриятидаги манбага кўра, Слауи лойиҳанинг бош маслаҳатчиси, генерал Перн эса бош операцион директори бўлади.

Монсеф Слауи GlaxoSmithKline компаниясининг вакциналар яратиш бўйича бўлимининг собиқ раҳбари бўлиб, у 8 йил давомида чақалоқларни гастроэнтеритдан сақловчи, пневмококк инфекция ва бачадон бўйни саратонидан ҳимояловчи вакциналар яратиш ишларига раҳбарлик қилган. Айни вақтда у венчур инвестор ва шу билан бирга, Moderna биотехнологик компанияси директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Перн логистика бўйича мутахассис ҳисобланади ва АҚШ қуруқликдаги қўшинлари моддий-техник таъминоти қўмондонлиги раҳбари бўлиб хизмат қилади.

“Товушдан юқори тезлик” амалиёти

Апрель охирида Трамп маъмурияти “Товушдан юқори тезлик” амалиётини амалга оширмоқчилиги маълум бўлганди. Ундан мақсад коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш вақтини 8 ойгача қисқартириш учун хусусий фармацевтик компаниялар, ҳукумат муассасалари ва ҳарбийларни бирлаштириш ҳисобланади 

Аввалроқ АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислари коронавирусга қарши вакцина энг яхши вазиятда 12-18 ой ичида тайёр бўлиши мумкинлигини айтишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид