Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япониянинг 47 префектурасидан 39тасида фавқулодда вазият режими бекор қилинади
Япония ҳукумати 14 май куни апрелда коронавирус пандемияси сабабли бутун мамлакат бўйлаб киритилган фавқулодда вазият режимини 47 префектурадан 39 тасида бекор қилиш ҳақидаги қарорни тасдиқлайди. Бу чекловлар кучга киргандан бери уларнинг илк бор енгиллаштирилиши бўлади.
Шу билан бирга фавқулодда вазият режими Токио ва унга ёндош Канагава, Сайтама ва Тиба, мамлакат ғарбидаги Киото, Осака ва Хёго ҳамда шимолдаги Хоккайдо префектураларида сақланиб қолади.
Япония ҳукумати фавқулодда вазиятни бекор қилишда мутахассислар фикрига таянган. Бунда ҳисобга олинган кўрсаткичлардан бири у ёки бу ҳудудда бир ҳафтада қайд қилинган коронавирусдан касалланишлар сони индекси бўлган. Агар бу индекс 100 минг аҳолига 0,5 дан ошмаган бўлса, енгиллаштиришга йўл қўйилган.
Мисол учун, аҳолиси 14 миллионлик Токио учун янги касалланиш ҳолатларининг ҳафтасига 70тагача камайишига эришиш талаб этилади. Ўтган ҳафта бу кўрсаткич 200 атрофида бўлган ва шу сабабли у ерда фавқулодда вазият режимини ҳозирча қолдиришга қарор қилинган. Бошқа ҳисобга олинган мезонлар орасида шифохоналарда бўш палаталар мавжудлиги, префектура тиббиёт тизимига умумий юклама даражаси ва коронавирусга тест ўтказиш имконияти бўлган.
Ҳукумат бир ҳафтадан кейин, яъни 21 май куни яна бир мутахассислар йиғилиши ва коронавирусга қарши чоралар бўйича штаб мажлисини ўтказмоқчи. Улар натижаларига кўра қолган 8 префектурада фавқулодда вазият режимини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинади.
Айни вақтда Японияда Diamond Princess круиз лайнери йўловчилари ва экипажини ҳисобга олган ҳолда, коронавирусга чалинганлар сони 16,7 мингдан, ундан вафот этганлар сони 700 дан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Мамлакатда фавқулодда вазият режими вақтида ҳаракатланишга ҳеч қандай қатъий чекловлар киритилмаган. Аҳолидан уйларини заруратсиз тарк этмаслик илтимос қилинган ҳамда ҳукумат илтимосига кўра таълим муассалари, савдо марказлари каби жамоат жойлари ёпилган, компаниялар аксарият ишчиларини масофадан ишлашга ўтказган.
Фавқулодда вазият режими бекор қилингандан кейин у ёки бу объектларни очиш бўйича қарорларни префектуралар губернаторлари қабул қилади.
Мавзуга оид
14:06 / 26.05.2025
Япония бозори учун кадрлар тайёрлаш бўйича таълим дастурлари ишлаб чиқилади
15:50 / 25.05.2025
Япония кемаси Россия билан баҳсли орол яқинида огоҳлантиришсиз ўт очди
11:23 / 25.05.2025
Тошкентда дарахт босиб қолган бир киши вафот этди
21:15 / 21.05.2025