Ўзбекистон | 15:48 / 15.05.2020
13469
4 дақиқада ўқилади

Молия институти ректори: Талабалар якуний имтиҳоннинг электрон шаклини кўпроқ маъқул кўришмоқда

Тошкент Молия институти ректори Улуғбек Азизов олий таълим тизимида карантин сабабли масофавий таълим йўналишига ўтилиши ва институтда бу тизимнинг қандай йўлга қўйилгани борасида маълумот берди.

Тошкент Молия институти ректори Улуғбек Азизов

Ректорга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг масофавий таълимни жорий этиш бўйича буйруғи билан талабаларга таълим бериш ва баҳолаш жараёнлари Тошкент Молия институтида видеомаърузалар, телеграм ижтимоий тармоғи ва электрон видеоалоқа дастурлари орқали самарали ташкил қилинмоқда.

Бу борада масофавий таълим платформаси www.tfi.uz сайти: “PLATONUS” электрон платформаси)дан фойдаланиш бўйича талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун йўриқномалар ишлаб чиқилиб, институт вебсайтига жойлаштирилган.

Институтда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқитилаётган фанлардан 1000 дан ортиқ видео маъруза машғулотлари тайёрланган бўлиб, институт сайти ва институтнинг You Tube каналидаги MOLIYA TV саҳифасига жойлаштирилган.

Шунингдек, www.tfi.uz сайти: АРМ фондида (электрон ресурслар сони 3224 та, ҳозирги кунда янги адабиётларни киритиш давом этмоқда) ва Телеграм ижтимоий тармоғидаги каналида институт профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган ҳамда хорижий ўқув адабиётлари ва бошқа бадиий, илмий, оммабоп адабиётлар жойлаштирилган», – дейди у.

Ректорга кўра, талабалар охирги вақтларда якуний имтиҳонларни электрон шаклда топшириш усулини маъқул кўришмоқда.

«Шунга кўра, институтда битирувчи курс талабаларининг билимини шаффоф, холис, одилона баҳолаш мақсадида, институт ректорининг буйруғи билан бакалавриат ўқитилаётган фанлардан якуний назорат босқичи масофавий таълим платформаси орқали ёзма иш, тест, оғзаки тарзида ташкил қилинган.

Институтнинг 1-2-3-курсларида якуний назоратни ташкил этиш бўйича ва  ўқитилаётган фанлардан рейтинг (баҳолаш)ларининг якуний назорат босқичини ўтказиш борасида институт ректорининг қатор буйруқлари чиқарилган.

Шунингдек, институтимизда битирувчи курс талабалари битирув олди амалиётларини курс лойиҳаси (иши) сифатида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бу вазифалар ижросини бажариш учун кадрлар тайёрловчи кафедралар томонидан битирувчи курс талабалари битирув олди амалиётларини курс лойиҳаси (иши) сифатида амалга оширилиши бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди ҳамда талабалар эътиборига етказилди», – деди Улуғбек Азизов.

Институт ректори якуний давлат аттестацияларининг ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича қилинаётган ишлар борасида ҳам маълумот берди. Унга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 9 нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича 12 нафар тасдиқланган ЯДАК раислари билан келишилган ҳолда якуний имтиҳонларни сифатли ва адолатли ўтказиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

«Аввалроқ барча таълим йўналишлари бўйича 310 нафар битирувчи курс талабаларига битирув малакавий иши мавзуси ва илмий раҳбарлар бириктирилган. Шунга кўра, талабаларга якуний давлат аттестациясини онлайн шаклда топширишга ҳам рухсат берилди.

Ҳозирга қадар 310 нафар БМИ ёзадиган талабаларнинг 198 нафари БМИ ҳимоясини ихтисослик фанларидан онлайн тестга ўзгартириш бўйича мурожаат қилган. 112 нафар талаба эса БМИ ҳимоясини электрон видеоалоқа дастурларида ҳимоя қилиш истагини билдирган.

Жорий йилда институтни битираётган 151 нафар магистрантлар магистрлик диссертацияларини ҳам электрон видеоалоқа дастурлари орқали ҳимоя қилади.

Ихтисослик фанлар бўйича якуний имтиҳонлар 25 майдан 6 июнгача онлайн тест шаклида ўтказилади. Шунингдек, битирув малакавий ҳимоялари 8 июндан 30 июнга қадар, магистрлик диссертациялари ҳимоялари 22 июндан 27 июнга қадар онлайн ҳимоя шаклида ташкил этилади», – деди ректор.

Мавзуга оид