Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзимни кўпроқ британияликман деб ҳис қиламан» — Англияда улғайган 14 ёшли Имрон билан суҳбат
Kun.uz Буюк Британияга сафари давомида бу мамлакатда яшаб келаётган бир қатор ўзбекистонлик ватандошларимиз билан суҳбатлар ташкил этди. Турли касб эгалари бўлган бу ҳамюртларимизнинг баъзилари бир неча ўн йилдан буён шу ерда истиқомат қилиб келишади. Табиийки, уларнинг фарзандлари ҳам Англияда вояга етмоқда.
Бир неча кун олдин қарийб 20 йилдан бери Буюк Британияда яшаётган тажрибали педагог Мардон Юсупов билан суҳбатни тақдим этган эдик. Бугун эса ушбу ватандошимизнинг тўнғич фарзанди Имрон билан танишамиз.
14 ёшли Имрондан қизиқишлари, мактаби, Ўзбекистонга икки марта борганида қандай таассуротлар билан қайтгани ҳақида сўрадик.
«Технологияга боғлиқ нарсаларга қизиқаман. Масалан, шу компьютерни ўзим ясаганман. Ҳозир яна битта компьютер устида ишлаяпман. Бу мен учун жуда завқли», – дейди суҳбатдошимиз барча қисмларини ўзи териб чиққан десктопига ишора қилиб.
Ундан буни қандай уддалагани ҳақида сўрадик.
«YouTube`дан. Асосан видеолар кўриш орқали. Компьютер ясаган дўстларим бор, улардан ҳам ёрдам сўрадим.
Бу компьютеримни жуда яхши кўраман, ундан ғурурланаман ҳам. Анча вақтим шу билан ўтади, интернет орқали кўп янги нарсаларни ўрганаман. Бирор технологиядан фақат фойдаланиш эмас, у қандай ишлашини билишга қизиқаман. Булар ҳаммаси қандай тузилганини билгим келади», дейди у.
Имрон мактабда ҳам технологияларга алоқадор фанларга кўпроқ эътибор қаратишини айтди.
«Эҳтимол дастурчи бўларман. Балки компьютер яратиш билан шуғулланарман. Хуллас, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бормоқчиман».

Ўзбекистонга боргани ҳақида
Имрон ўзбек тилини тушунса-да, гапиришга қийналади. «Болалигимда инглизчага тилим келишиши учун ота-онам кўпроқ инглиз тилида гапиришга ўргатган. Улар менга ўзбек тилида гапириб туришади, лекин мен инглизчада жавоб қайтараман», – дейди у.
Ёш суҳбатдошимиз Ўзбекистонга икки марта борган.
«Биринчи марта борганимда жуда ёш бўлганман, шунинг учун яхши эслай олмайман. Иккинчи марта борганимда (2019 йилда) қариндошларимизни кўриб жуда хурсанд бўлгандим. У ердаги аквапарк зўр эди. Ёзда боргандик, ҳаво жуда ҳам иссиқ эди, бунчалик иссиқ ҳаво менга унча ёқмаган. Ўзбек таомлари эса роса ёққан. Бизда ҳам ёз у ердагидек узоқ давом этишини хоҳлардим.
Тўйга бордик, бу менда жуда ёрқин таассурот қолдирган. Тўйдаги одамларнинг кайфияти аъло эди. Олдин бунақасини ҳеч кўрмагандим.
Бундан ташқари, тоғга – курортга ўхшаш жойга бордик, манзара чиройли эди», – дея эслайди у.
«Ўзимни кўпроқ британиялик деб ҳисоблайман»
– Ўзимни унчалик ҳам ўзбек деб ўйламайман. Менимча, кўпроқ британияликман. Англияда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан, Ўзбекистонда эса ундай эмас. Шундай экан, очиғи, ўзбекман деб қатъиян айтмаган бўлардим, дейди суҳбатдошимиз.
– Инглизлар ва ўзбекларни таққослаганда, уларни нима фарқлаб туради?
– Менимча, англияликлар анча совуқфеъл. Бу ерда одамлар Ўзбекистондагичалик бир-бирига яқин эмас, кўп гаплашишмайди ҳам. Ўзбекистонда эса одамлар анча киришимли, тез-тез бир-бирларини меҳмонга таклиф қилиб туришади. Англияда ундай эмас.

«Тарихда инсонлар йўл қўйган аҳмоқона хатоларни билишга қизиқаман»
Ҳозиргача эришган энг катта ютуғим деб нимани айтган бўлардинг, дея берган саволимизга Имрон «мактабда аъло ўқишимни» дея жавоб берди.
«Ўзимни ўқиш-ўрганишга қизиқувчи инсон, деб ҳисоблайман. Билим олиш менга ёқади.
Ўзимдан яхшироқ натижаларга эришаётганлар билан дўст бўлишга ҳаракат қиламан. Бу уларнинг даражасига чиқишимга ёрдам беради. Дўстларимнинг кўпи мендан яхшироқ ўқийди», деди у.
Имрон спорт турларидан сузиш, дзюдо ва чим устида ҳоккей билан шуғулланиб туради. У китоб ўқишни ҳам яхши кўриши, тарихни ўрганишга қизиқиши ҳақида айтиб берди.
«Саргузашт, баъзида детектив китобларни ўқишни яхши кўраман. Шерлок Холмс ёқади. Энди Макнабнинг китобларини мутолаа қиламан. Танкларни жуда яхши кўраман.
Бу – тарихга оид қўрқинчли ҳикоялар жамланган китоблар тўпламим. Бу китоблар мендан бироз ёшроқ болалар учун мўлжалланган, лекин мен қайта-қайта ўқиб тураман. Тарихий воқеалар ёзилган. Тарихни ўрганишга қизиқаман. Тарихда инсонлар йўл қўйган аҳмоқона хатоларни билиш мен учун қизиқ».
– Қайсиларини ўқиб тугатгансан?
– Ҳозир Пайғамбарлар тарихини ўқияпман.
– Ростданми? У сенга ёқдими?
– Ҳа, унда пайғамбарлар ҳақида кўп маълумотлар бор.
– Ҳозиргача ўқиганларингдан қайси пайғамбар тарихи сенга кўпроқ ёқди?
– Одам ато. Китобда биринчи бўлиб у ҳақида ёзилган.
Қуръоннинг унинг ҳаётида тутган ўрни ҳақида
Имроннинг Қуръонга муносабати, қайси сураларни билиши билан қизиқдик.
«Ҳафтасига камида бир марта Қуръон ўқишга ҳаракат қиламан. Яқиндан бошлаб нафақат араб тилида, балки маъносини яхшироқ тушуниш учун инглиз тилида ҳам ўқий бошладим. Бир ҳафтада тўлиқ бўлмаса-да, билган сураларимни такроран ўқиб тураман. Қуръондан Ар-Роҳман, Ёсин сураларини, қисман Бақара сурасини биламан».
– Айт-чи, Қуръон ҳаётингга таъсир кўрсатадими, ҳа бўлса қай даражада?
– Ўйлаб олай. Менимча, ҳа. Қуръонда мен бажаришим керак бўлган амаллар ёзилган. Нима ҳаром, нима ҳалол – ҳаммаси айтилган. Бу кундалик ҳаётимга катта таъсир қилади, масалан Англияда яшаймиз – бу ерда кўчага чиқиб, дуч келган жойда овқатланиб бўлмайди. Бирон нарса ейишимдан олдин, у ҳалол эканига ишонч ҳосил қилишим керак. Қуръон, шубҳасиз, ҳаётимга таъсир қилади.
Қуръонда келган пайғамбарлар тарихини ўқиб, ундан сабоқ олишга, ўрганганларимни ҳаётимга татбиқ қилишга ҳаракат қиляпман. Бундан ҳам яхшироқ уддалай оламан, деб ўйлайман.
– Араб тилини кимдан ўрганяпсан?
– Араб тилини ўрганмаяпман. Арабчада қандай ўқиш-ёзишни ўрганганман. Бир неча йил олдин тажвидни ўрганиш учун дарсларга қатнаганман, лекин ҳозир сабоқ олиш учун курсга бораётганим йўқ.
– Ўқишни асосан ота-онанг ўргатадими?
– Одатда кўпроқ китобдан ўқиб ўрганаман. Баъзида ота-онам ҳам ёрдам бериб туради. Лекин кўпинча ўзим мустақил тарзда ўрганаман.

«Англияда диний бағрикенглик даражаси юқори»
Имрондан Англияда кўплаб дин вакиллари яшаши ва улар ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўрадик.
«Ўзаро ҳурмат даражаси жуда юқори. Мактабим мусулмонлар мактаби бўлмаса ҳам, унда мусулмон болалар клуби бор, у ерда намоз ўқишимиз мумкин. Христианлар клуби ҳам бор, улар ҳам ўз таомилларига риоя қилишади. Бир-биримизни ҳурмат қиламиз.
Экскурсия вақтида ўқитувчимиздан намоз ўқиб олишни сўрасам, йўқ демайди. Динлараро ҳурмат юқори даражада. Мусулмонларни ёқтирмайдиган баъзи одамлар ҳам йўқ эмас, албатта, аммо бахтимга ҳозирча ундайларни учратмадим.
Бошқа дин вакилларининг дунёқарашини ўрганиш ўзим учун ҳам қизиқ. Маданиятлардаги турфа хиллик менимча яхши, чунки мен дунёни кенгроқ қамровда кўришни хоҳлайман», – дейди 14 ёшли британиялик суҳбатдошимиз Имрон Юсупов.
Мавзуга оид
23:08 / 27.05.2025
Океандаги олди-берди: Британия Чагос оролини нега топширди?
11:50 / 26.05.2025
Британия бозорларига Ўзбекистонда етиштирилган гилос етказиб берилди
18:08 / 22.05.2025
Британия Россия махсус хизматларини 10 мингга яқин камерани бузиб кирганликда айблади
09:04 / 21.05.2025