Ўзбекистон | 21:22 / 18.05.2020
16801
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ Ўзбекистонга 375 миллион доллар ажратишни тасдиқлади

Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши жорий йилнинг 18 май куни Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш учун Ўзбекистон Республикасига 375 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли қарз маблағлари ажратилишини тасдиқлади. 

Фото: Shutterstock

Мазкур маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади.Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг Twitter аккаунтида хабар қилган. 

«ХВЖ томонидан имтиёзли қарз маблағларини ажратишда анъанавий равишда мамлакатдаги макроиқтисодий вазият ва давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар таҳлил қилинди», – деб ёзган вазир. 

ХВЖ томонидан эълон қилинган ҳисоботда коронавирус пандемиясининг республика иқтисодиётига салбий таъсири натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 1,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори даражада сақлаб қолинаётгани таъкидлаб ўтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг глобал инқироз ва Коронавирус пандемиясининг миллий иқтисодиётга таъсирини камайтириш бўйича олиб бораётган сиёсатлари халқаро молия институтларидан имтиёзли ташқи қарз жалб қилишда қулай имкониятлар бермоқда.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид