Жаҳон | 16:47 / 19.05.2020
6756
2 дақиқада ўқилади

Владивосток яқинидаги махсус сақлаш жойида бўлган ўзбекистонлик мигрантларга палов тарқатилди

Коронавирус пандемияси туфайли 60га яқин муҳожир Россияни тарк эта олмаяпти ва Владивосток яқинидаги Артём шаҳрида махсус жойда сақланмоқда. Ижтимоий фаоллар мусулмонларни Рамазон ойи ва Ҳайит байрами билан табриклаш учун уларга палов тайёрлашди.

Фото: newsvl.ru

«Адолат» ўзбеклар жамиятининг раиси Баҳодир Нураков сўзларига кўра, ҳозирда 60га яқин киши Артём шаҳридаги муҳожирлар учун махсус жойда сақланмоқда. Уларнинг ярми ўзбеклар, аммо ижтимоий фаоллар олиб келган озиқ-овқат у ерда сақланаётган барча чет элликлар учун мўлжалланган. 

«Ушбу муассасада бўлиб турганларнинг Россия ҳудудида рўйхатдан ўтиш муддати тугаган. Шунинг учун миграция хизмати уларни махсус жойга жойлаштирди. Одатда, барча муаммолар бир ой ичида ҳал қилинади ва чет элликлар уйларига кетишади, аммо ҳозир улар кета олмаяпти ҳамда 2-3 ой давомида ушбу муассасада қолишга мажбур бўлмоқда, сабаби коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпиқ. Ҳаммаси қачон тугашини ҳеч ким билмайди», - деди Нураков.

Палов бир неча ошпаз томонидан Артёмдаги «Самарқанд» қаҳвахонаси яқинида тайёрланди. Миллий таомнинг 80та порцияси учун 10 килограмм мол гўшти ва гуруч керак бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистондан келтирилган лазер гуручидан фойдаланилди.

Палов тайёрлаш тахминан икки соат давом этди, шундан кейин у катта қозонга солинди ва махсус сақлаш жойига олиб борилди. Қўлга олинган муҳожирларга сабзавотлар, мевалар, ўзбек нони ва салқин ичимликлар ҳам топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид