АҚШда иккита дамба бузилиб кетди: рўй берган тошқин штат тарихидаги энг йириги бўлиши мумкин
19 май оқшомида, бир неча кунлик кучли ёғингарчиликдан сўнг АҚШнинг Мичиган штатидаги иккита дамба бузилиши оқибатида тошқин рўй бериб, 10 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинди.
Тошқин кузатилаётган Мидленд округида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
CNN телеканали хабарига кўра, 10 мингдан ортиқ киши шошилинч эвакуация қилинган, 3500дан ортиқ хонадон сув остида қолган.
Расмийлар жароҳат олганлар ёки қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаганини айтмоқда.
Мичиган штати губернатори Гретхен Уитмернинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда ҳудудда кузатилаётган кучли ёмғир оқибатида Титтабавасси дарёси ўзанининг кўтарилишига Эденвилл ва Сенфорд дамбалари дош бера олмаган.
«Келгуси 12-15 соат ичида Мидленд шаҳрини тахминан 9 фут (2,7 метр – таҳр.) баландликда сув босиши мумкин. Биз штат учун тарихий кўламдаги йирик тошқин рўй беришини тахмин қиляпмиз», – деган губернатор офатдан сўнг бир неча соат ичида ташкил этилган матбуот анжуманида.
Штат раҳбари Титтабавасси дарёсининг ҳам шарқий, ҳам ғарбий қисмларида яшовчи аҳолини иложи борича юқорироқ ҳудудларга кўчиб ўтишга ундаган.
«Илтимос, иккиланиб ўтирманг. Штатнинг бошқа ҳудудида яшайдиган қариндошингиз ёки бошқа яқинларингиз бўлса, ҳозироқ ўша ерга йўл олинг. Агар бундай яқинларингиз бўлмаса, округ бўйлаб ташкил этилаётган бошпана манзилгоҳларига кўчиб ўтинг», – деган Гретхен Уитмер.
Эвакуация ишларига Миллий гвардия хизматчилари жалб этилган. Вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилганлардан тиббий ниқобни ечмаслик сўралмоқда.
Reuters агентлигининг хабар беришича, сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик сабабли Мичиган штатидаги Титтабавасси ва Райфл дарёлари АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати томонидан «тошқин хавфи юқори» дея тоифаланган бўлган.
USA Today нашри маълумотига кўра, сешанба куни аввалига Эденвилл, сўнгра Сенфорд дамбаларида рўй берган авариялардан олдин Титтабавасси дарёсининг юқори оқимларидаги бошқа бир нечта дамбалар ҳам маълум даражада бузилган ёки зарар етмаган бўлса-да, назорат қилиб бўлмас сув тошиб чиқиши кузатилган.
Dramatic video from the air shows the Edenville, Michigan dam breach. You can see the water pouring out of Wixom Lake. Video by Ryan Kaleto. pic.twitter.com/1Gd58W028E
— Mid-Michigan NOW (@midmichigannow) May 20, 2020
Associated Press агентлигининг маълум қилишича, Эденвилл дамбаси 1924 йилда қурилган бўлиб, 2018 йилда ўтказилган тафтишда унинг ҳолати қониқарсиз деб баҳоланган. 1925 йилда барпо этилган Сенфорд тўғони эса қониқарли дея таснифланган эди. Иккала дамба ҳам сотувга қўйилиши кутилаётганди.
Эденвилл дамбаси эксплуатацияси билан шуғулланиб келган компания фаолияти талабларга номувофиқ деб топилгани учун 2018 йилда лицензиясидан маҳрум этилган. Федерал энергия бошқаруви комиссияси дамбадан сувни чиқариб юбориш қурилмаси ҳажми кичик экани ва мазкур ҳудудда рўй бериши эҳтимоли бўлган кучли тошқинларга дош бера олмаслигини қайд этган.
Ўша йили ўтказилган баҳолаш натижасида Мичиган штатидаги хавфлилик даражаси юқори плотиналардан 19таси қониқарсиз ёки ёмон аҳволда экани аниқланган. Бу хулоса билан Мичиган – 45та штат орасида 20-ўринда кўрсатилган.
Маълумот учун, Мичиган – АҚШнинг Канада билан чегарасидаги Буюк кўллар ёқасида жойлашган. Штатнинг маъмурий маркази – Мидленд округи. Округ аҳолиси 80 мингга яқин, шунинг ярми Мидленд шаҳрида яшайди.
Айни пайтда Мичиган АҚШда коронавирус қурбонлари сони юқорилиги бўйича тўртинчи штат бўлиб турибди: бу ерда Covid-19`га чалинган 5 мингдан ортиқ киши вафот этган. Жами кейслар сони 50 мингдан зиёд, ҳозирда даволанаётганлар 19 минг нафарни ташкил этади.
Шу кунларда Буюк кўллар минтақасидаги бошқа ҳудудларда ҳам сув тошқинлари кузатилмоқда. Жумладан, Иллинойс штатида Чикаго дарёси ўзанидан тошиб чиқди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024