Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Кунимиз сув ташиш билан ўтяпти» — Фарғонадаги маҳаллага сув тортиш нега чала қолдириб кетилган?
Фарғона вилояти Фарғона туманининг «Тошқўрғоназиз» маҳалласидан келган мурожаат ва фотосуратлар билан танишгач, арзномачиларни тинглаш ва муаммони тўлиқ ўрганиш учун ўша манзил томон йўл олдик.
«Тошқўрғоназиз» маҳалласида бизни бир гуруҳ фуқаролар кутиб олишди. Маҳаллада 120та хонадон бўлиб, аҳоли асосан томорқадан олинадиган даромад билан тирикчилигини ўтказади. Уларнинг энг долзарб муаммоси – ичимлик суви ва экинларни суғориш учун оқин сувнинг йўқлигидир.


Оқсоқоллар бизни Тошқўрғоннинг ягона ичимлик суви манбайи атрофида узун навбат ҳосил қилган аҳоли олдига олиб бордилар. У ерда аянчли ҳолатга гувоҳ бўлдик.

«Сувга 5 соатлаб навбатда турамиз»
Қишлоқ аҳолиси рўзғор учун энг керакли ичимлик сувидан қийналиб яшайди. Одамлар резина қувур орқали сойнинг нариги бетидаги хусусий корхонадан сув олиб ўтишган. Вақти-вақти билан кичик босимда сув келадиган биргина «водопровод» жўмраги олдида аёллар-у болалар навбатда туришади.

«Тошқўрғон маҳалласи оқсоқолиман. Асосий муаммомиз – ичимлик суви. Неча йиллардан бери шу аҳвол. Ёзган мурожаатларимиз бир даста бўлди. Қачон ва қаерга мурожаат қилсак: «Ичимлик суви 2021 йилнинг 3-чорагида бўлади», деб жавоб хати келяпти.
Оқин сув ҳам муаммо. Тирикчилик учун фойдаланадиган томорқаларимиз иссиқдан куйиб кетди.


Юртбошимиз: «Бир қарич ҳам экилмаган жой қолмасин», деб айтяптилар. Бироқ биз экин экайлик десак, на ариқда сув бор, на водопроводда.
Туман «Сувоқава» ташкилотидан келишиб, сув минораси ўрнатишди ва тармоқ тортишди. Тармоқни тортиб, ерга кўмиб кетишганига икки йил, сув минорасини ўрнатишганига эса бир йил бўлди.




Ҳозирги кунда 120та хонадон бир километр узоқликдаги масофадан сув ташиб келяпмиз. Катталар-ку майли, невараларимизга қийин бўляпти. Айниқса қиш кунларида жуда қийин. Оқин сув эса бизга Қирғизистон томондан келади. Раҳбарларимиз улар билан келиша олмаяпти чоғи», – дейди Тошқўрғон кўчасида яшовчи Муҳаммаджон Қодиров.
Маҳалланинг нариги бошидан келадиганлар учун «водопровод» олдига етиб келиб, навбат кутиб, сўнг сув олиб, яна уйига бориш кўп вақт олади. Унинг устига сув доим ҳам оқиб турмайди.


«Томорқани суғориш учун, кир ювиш учун, овқат учун, болаларимизни чўмилтириш учун ҳам сув ташиймиз. Қорамол ва қўйларимиз ҳам биз ташиган сувдан ичади. Томорқага ҳам оқин сув йўқ. Картошкаларимга ҳам шу сувдан чўмичлаб қуйган эдим. Етарли бўлмади шекилли, барибир қуриб қолди», – дейди Гулнорахон Мирзабоева.


«Ҳозирги кунда уйда ўтирибмиз, сув ташияпмиз. Ишлаётган пайтимизда ишдан соат 3дан кейин чиқар эдик. Бу ерда сув ҳар куни соат 11 билан 3 атрофида чиқади. Биз у пайтда ишда бўламиз. Қўшнимга сув идишларимни ташлаб кетаман, ишдан келгунимча сув тўлдириб қўяди. Ишдан келиб, сув тўлдирилган идишларимни уйимга олиб кетаман.
Шу ҳолатда сув ичяпмиз. Ёш болаларни сувга жўнатамиз. Кейин уйда илҳақ бўлиб ўтирамиз. Бу ерда кўпчилик тўпланади. Карантин бўлса!» – дейди Зулфия Нишонова.


Қишлоққа 2018 йили сув минораси ўрнатилиб, ичимлик суви тармоғи тортилган. Лекин икки йилдан буён уни ишга туширишмаяпти.
Аҳолининг бу борада туман ҳокимлигига қилган мурожаатларига маблағ йўқлигини баҳона қилиб, турли ваъдалар билан чекланишмоқда.
«Тошқўрғоназиз» маҳалласи аёллари кунлари сув ташиш билан ўтиб кетаётганини қайта-қайта таъкидлашдан чарчашмади.
Чўмич билан суғорилаётган томорқалар
Фарғона туманининг бу ҳудуди аҳолиси миришкор, бу ерда ҳар бир қарич ер ҳисобда. Водий вилоятларини малина билан ҳам Фарғона тумани таъминлайди. «Тошқўрғоназиз» маҳалласидаги ҳар бир хонадон томорқасида ҳам малина парвариш қилинар экан.
Картошка, помидор каби рўзғорга керакли барча сабзавотлар ҳам бозордан сотиб олинмайди. Томорқалар четига гилослар экилиб, ундан ҳам яхши даромад қилинади. Бироқ мевали дарахтлар ва экинларни суғоргани сув йўқ. Ерлар қақраб, энди қизаришга келган гилослар сўлий бошлаган.

«Хўжайиним Россияга ишлагани кетган. У ерда ҳам карантин бўлгани учун пул жўната олмаяпти. Яхшиям иккита молим бор, сути рўзғорга яраб турибди. Тўғриси, қийналяпмиз. Уйимизда 12 туп гилос бор, мевасига харидор келди. «Майда-ку, нега суғормадингиз?» деб сотиб олишмади. Сув бўлса суғораманми?
Икки ўғлим бор, улар эрталабдан кечгача сув ташийди. Картошка ва помидорларни чўмич билан суғорамиз», – дейди Маъмурахон Исроилова.

«Муҳтарам президентимиз айтяптиларки, томорқангга эк, етиштир, ўзингни-ўзинг боқ. Бозорга чиқиб, сотиб олмагин. Уйингда етиштир, деяпти. Шуни экиб, парваришлаш учун сув йўқ. На ариқда сув бор, на «кран»да.
Ҳокимиятга 3-4 марта бордик. Ҳар сафар «бўлади» дейишади. Ўтган сафар ҳам 2021 йилнинг 3-чорагида дейишди. Унгача экин-тикин қилмаймизми? Томорқа қуруқ қолаверадими?» – дейди Муҳаммаджон Қодиров.

Зайнабхон Султонованинг хонадонида бўлганимизда картошка, ловия палаклари сувсизликдан қуриётганининг гувоҳи бўлдик. Зайнабхон она малина буталарини чўмич билан суғорибди, лекин сув етмаган сердаромад ўсимлик мева тугмаяпти.
«Биз экин-тикин қилиб, ер солиғини ҳам тўлаймиз. Мен нафақада бўлсам ҳам, 423 минг сўм миқдорида солиқ тўлайман. Томорқаларимизни аҳволини кўрдинглар. Нафақа пулини солиққа тўлаймиз. Қиш учун сабзавотлар сотиб олишимиз керак-ку?»

Фарғона туман ҳокимлигида
Туман ҳокимлигида бўлиб, «Тошқўрғоназиз» маҳалласидаги ҳолат бўйича мутасаддилардан изоҳ сўрадик.

Эътиборлиси, туман ҳокимининг иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалаллари бўйича биринчи ўринбосари Азизжон Собиров маҳалланинг ичимлик сув муаммоси 15 кун ичида ҳал бўлишини айтди.
«Тошқўрғоназиз» МФЙда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув минораси ўрнатилиб, тармоқ тортилган. Ҳозирги кунда «насос» тушириш ишлари кечикмоқда. Сабаби, маблағ масаласида муаммо бўлганди. Муаммони 15 кун ичида ҳал қиламиз. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўлиқ йўлга қўйилади.

Томорқаларни суғоришга келсак, бизга оқин сув қўшни Қирғизистон Республикасидан оқиб ўтгани сабабли, ҳозирги кунда бу ерга етиб келаётган сув етарли эмас. 80та тик қудуқ қазиш ишларини 2020-2022 йил дастурига киритганмиз. Айни пайтда 3та ҳудудда 3та тик қудуқ қазиш ишлари бошланган. Ўша 80та тик қудуқ ишга тушса, оқин сув бўйича ҳам муаммоларимиз ечилади.
Келгусида томорқаларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда муаммо бўлмайди», – деди Азизжон Собиров.
«Тошқўрғоназиз»нинг азиз бўлмаган аёллари
Йиллар давомида битмаётган ичимлик суви муаммосидан аёллар ва болалар қийналмоқда. Ярим кунини сув ташиш билан ўтказаётган, сабзавот, меваларини чўмич билан суғориб ҳосил олаётган «Тошқўрғоназиз» аёлларининг азиз бўлиши Фарғона туман ҳокими ва мутасаддиларига боғлиқ.

Биз мазкур мавзуга яна қайтамиз.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
19:58 / 21.05.2025
Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
12:13 / 06.05.2025