Жаҳон | 01:20 / 21.05.2020
3034
2 дақиқада ўқилади

Мадрид Испания ҳукуматини чеклов чораларини юмшатишга рухсат бермагани учун судга бермоқчи

18 майдан қиролликнинг аксарият жойларида пандемия сабабли киритилган чеклов чораларини юмшатишнинг янги босқичига ўтилди.

Фото: Adria Salido Zarco/NurPhoto via Getty Images

Мадрид автоном ҳамжамияти ҳукумати пандемия сабабли киритилган чекловларни юмшатишнинг кейинги босқичига ўтишга рухсат бермагани учун Испания соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори устидан олий судга шикоят қилади. Бу ҳақда El Pais газетаси хабар бермоқда.

Мадрид дастлаб 11 майдан, сўнгра 18 майдан чеклов чораларини юмшатишнинг кейинги босқичига ўтишни сўраганди, аммо бу сўровлар марказий ҳукумат томонидан рад этилди. Испанияда айнан ушбу регион пандемиядан энг кўп жабр кўрган ҳудуд ҳисобланади. 

Оқибатда автономия ҳукумати олий судга мурожаат этишга қарор қилди.

18 майдан қиролликнинг аксарият жойларида пандемия сабабли киритилган чеклов чораларини юмшатишнинг янги босқичига ўтилди. Ушбу босқичда яқин кишилар билан учрашишга, маълум бир чекловлар асосида қаҳвахона ва барларнинг айвонлари, меҳмонхона ва музейларни очишга рухсат берилди. Аммо янги босқичга на Мадрид, на Барселона ўтди.

Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 232,5 мингдан ошган, 27 888 киши вафот этган. Касаллик тарқалиш суръати пасайиб бораётганлиги боис Испания ҳукумати чекловларни босқичма-босқич олиб ташламоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид