Спорт | 18:03 / 22.05.2020
17023
2 дақиқада ўқилади

Диёр Имомхўжаев ПФЛ директори бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистон профессионал футбол лигасига Диёр Имомхўжаев раҳбар бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги маълумотни Tribuna.uz манбаси тасдиқлади.

ПФЛнинг собиқ директори Даврон Шоқурбонов 21 май куни ўз аризасига кўра ишдан бўшатилганди. Ташкилотнинг янги раҳбари бўлиш учун ПФЛ директори ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Диёр Имомхўжаев тавсия қилинган ва унинг номзоди қўллаб-қувватланган. У тез орада расман ташкилотнинг вақтинча раҳбари сифатида эълон қилиниши кутилмоқда.

ПФЛ расмий сайтида Шоқурбоновнинг вазифасидан озод этилгани ва унинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Tribuna.uz мухбирининг аниқлашича, Даврон Шоқурбоновнинг истеъфоси қандайдир можаро билан боғлиқ эмас.

Даврон Шоқурбонов 2019 йил 17 июнда ПФЛ директори этиб тайинланганди. Собиқ қанот ҳаками бўлган Шоқурбонов ПФЛ директорлигига келишдан аввал «Бунёдкор» клубида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Унинг кейинги фаолиятига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Диёр Имомхўжаев 2017 йилдан буён ПФЛда фаолият юритиб келади. У даставвал ташкилот директори маслаҳатчиси, кейинчалик директор ўринбосари бўлиб ишлаган. Мутахассислиги бўйича журналист ҳисобланган Диёр Имомхўжаев айни дамда «Futbol TV» телеканалида футбол ўйинларини шарҳлаб боради.

Мухлислар орасида «Спорт» телеканалида «Футбол шарҳи» кўрсатувидаги танқидий чиқишлари, «Соккер клуб» муаллифлик дастурида келишилган ўйинлар муаммосини кўтариб чиққани билан танилган. Матбуотда ҳам фаолият юритган Диёр Имомхўжаев бир неча йил «Эрудит Спорт» газетасидаги колонкасида ўзбек футболидаги ҳақидаги мақолалари билан чиқиш қилган.

Мавзуга оид