Коронавируснинг янги асорати қайд қилинди
Италиялик шифокорлар коронавируснинг янги асорати ҳақида маълум қилишди. Коронавирусдан соғайиб кетган беморларнинг организмида илк бор бу асорат аниқланди.
Бу ҳақда Journal of Clinical Endocrinology & Metabolism нашри ёзган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, коронавирус қалқонсимон безнинг яллиғланишига олиб келиши мумкин.
Мақолада шифокорлар коронавирусдан соғайган 18 ёшли қизда ним ўткир тиреоидит ёки яна қалқонсимон без яллиғланиши деб аталувчи асоратни аниқлашганини маълум қилишган. Қиз вирусни отасидан юқтириб олган. Унда касалликнинг ўрта оғирликдаги аломатлари – тумов ва йўтал кузатилган. Қиз бир неча кундан кейин соғайиб кетган.
Бироқ қисқа вақтдан кейин у ўзини ёмон ҳис қилаётганини маълум қилган. Унда бошқа аломатлар – ҳарорат кўтарилиши, бўйиндаги оғриқлар пайдо бўлган. Шифокор кўриги вақтида қизда юрак тез уриши ҳамда қалқонсимон без оғриши ва катталашгани қайд қилинган.
“Шифокорлар коронавирус ўзини шундай тарзда ҳам намоён қилиши мумкинлигини билишлари лозим”, деб айтган профессор Франческо Латрофа.
Олимларнинг таъкидлашича, қиз аввал қалқонсимон без билан муаммоларга эга бўлмаган. Шу сабабли уларнинг айтишича, коронавируснинг ўпкадан қалқонсимон безига кириши хавфи мавжуд.
Мутахассисларнинг шу ўринда таъкидлашича, 2002-2003 йилларда авж олган SARS коронавируси вақтида ундан вафот этган баъзи беморлар жасади ёрилганда уларда қалқонсимон без яллиғланиши аниқланган.
Мавзуга оид
14:57 / 25.07.2020
Беморда қандай белгилар кузатилса стационарга ётқизилиши ҳақида маълумот берилди
17:22 / 24.07.2020
Коронавирусга чалинган беморлар уйда даволанаётганда нималарга эътибор қилиши керак? – Мутахассис изоҳ берди
12:56 / 10.07.2020
Коронавирусни қайта юқтириш мумкинми? Давлат бош санитария инспектори жавоб берди
14:18 / 28.04.2020