Жаҳон | 16:42 / 24.05.2020
6835
3 дақиқада ўқилади

New York Times газетаси биринчи саҳифасини коронавирус қурбонларига бағишлади

АҚШнинг New York Times газетаси 24 майдаги сонининг биринчи саҳифасини коронавирусдан вафот этган америкаликларга бағишлади. Айни вақтда АҚШда коронавирус қурбонлари деярли 100 мингга яқинлашиб қолди.

Нашрнинг 24 майдаги сонининг биринчи саҳифасида одатда унда чоп этиладиган мақолалар, суратлар ва графиклар ўрнига коронавирус пандемияси сабабли ҳаёти узилган одамларнинг узун рўйхати пайдо бўлган.

“Коронавируснинг АҚШга таъсирини шунчаки рақамлар – на соғайиб кетганлар, на йўқотилган ҳаётлар сони билан ўлчаб бўлмайди. Мамлакат вирус сабабли 100 минг ўлимга яқинлашаётган бир пайтда New York Times одамлар ўлими ҳақидаги таъзиянома ва хабарларни ўрганиб чиқди. Бу ерда келтирилган минг одам вафот этганларнинг бир фоизидир”, дейилган биринчи саҳифада.

Сарлавҳа ости матнида “Бу шунчаки рўйхатда келтирилган исмлар эмас. Улар биз эдилар”, деб ёзилган. Рўйхатда коронавирусга чалинганларнинг исми, фамилияси, ёши, яшаш жойи ва нима билан машғул бўлганликларига қисқача таъриф берилган. 

Нашр ходимларидан бири Симон Лэндоннинг тушунтиришича, бир саҳифада 100 минг нуқта ёки расмнинг жойлаштирилиши “бу одамлар ким бўлгани, улар яшаб ўтган умр ҳақида кўп нарса билдирмасди”. Шу сабабли бутун мамлакатдаги катта ва кичик газеталардан таъзияномалар ва вафот этганлик ҳақидаги хабарларни тўплаб, улардан энг таъсирли парчаларни олиш ғояси пайдо бўлган.

Шу мақсадда турли манбалардан ўлим сабаби сифатида коронавирус кўрсатилган хабарлар кўздан кечириб чиқилган. Натижада якуний рўйхатда юзлаб газеталардан олинган деярли минг исм ҳосил бўлган. Муҳаррирлар ва журналистлар жамоаси тўпланган таъзияномаларни ўқиб чиқиб, ҳар бир йўқотилган ҳаётнинг ўзига хослигини билдирувчи ибораларни танлаб олишган. Мисол учун, “Алан Лунд, 81 ёш, Вашингтон, “ажойиб эшитиш қобилиятига эга” дирижёр”, “Коби Адольф, 44 ёш, Чикаго, тадбиркор ва саргузаштлар изловчи” ва шу каби. 

Таъкидланишича, рўйхатдаги исмлар газетанинг 22-саҳифасида ҳам давом эттирилган.

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 1,66 млндан ошиб кетди, ундан вафот этганлар сони 98,683 кишини ташкил қилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид