Ўзбекистон | 17:00 / 25.05.2020
13348
3 дақиқада ўқилади

Бу йил умумтаълим мактабларини 1 миллионга яқин битирувчи тамомламоқда

Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов АОКАда ўтказилган брифингда 2019-2020-ўқув йили расман якунланганини эълон қилди.

«Бугун республикадаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили расман якунланди. Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин туфайли «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилмади.

2019-2020 ўқув йили натижаларига кўра, 490 мингга яқин ўқувчи 9-синфни, 451,3 мингдан зиёд ўқувчи 11-синфни битирди. 9-синф битирувчиларининг бир қисми 2020-2021 йилдан қайта ташкил этилаётган ўрта-махсус таълим муассасаларида, 11-синф битирувчилари олий ўқув юртида таҳсил олишни давом эттиради. 11-синф битирувчиларининг бир қисми (олий таълим муассасаларига қамраб олинмаган) ўз меҳнат фаолиятини бошлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида»ги низомига кўра, олтин медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфлари ҳамда академик лицейда барча фанлар бўйича якуний назорат, чорак, йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли, шунингдек, жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилиши белгиланган.

Кумуш медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейда барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

«Ҳудудлардан олинган буюртмаларга асосан, жами 6901 нафар ўқувчи олтин ва кумуш медалга даъвогар бўлмоқда. Улардан 4682 нафари олтин медал, 2219 ўқувчи эса кумуш медал соҳиби бўлиши кутиляпти», деди вазирлик вакили.

Бироз аввалроқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг «Умумий ўрта таълим мактабларида 2019–2020-ўқув йилини якунлаш ва ўқувчиларни аттестат (шаҳодатнома) билан таъминлаш тўғрисида»ги буйруғи эълон қилинганди. Унга кўра мактаб битирувчилари 15 июнга қадар чоп этилган аттестатларнинг электрон шаклини (сканер) олишади.

Мавзуга оид