Ўзбекистон | 22:17 / 29.05.2020
5572
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Янгиариқдаги ичимлик суви муаммоси ечимини топди

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Собурзон маҳалласи аҳолисининг ичимлик суви таъминотидаги муаммолар бўйича қилган мурожаати ижобий ечим топди. Аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани Собурзон маҳалласида яшовчи фуқаролар ичимлик суви билан боғлиқ муаммодан Kun.uz`га шикоят қилишган эди.

2017 йилда маҳалладаги Шиддат, Ойдин, Муножот, Муҳташам кўчаларида ичимлик суви тармоғи таъмирланиб, янги қувурлар ётқизилган, одамлар «Туямўйин-Урганч» МСҚФ Янгиариқ тумани бўлими билан шартнома имзолаб, шахсий маблағлари эвазига тармоққа уланиб, олдиндан тўловни ҳам амалга оширишган.

Аммо орадан 3 йил ўтган бўлса-да, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар тўлиқ ҳал қилинмагани, жумладан, қувурлар ёрилиб, сув назоратсиз тарзда далага оқиб ётгани, аҳолининг уйларига етиб бормаётгани айтилган эди.

Kun.uz`да бу ҳақда «Янгиариқда ичимлик суви муаммоси – одамлар қувурлар ёриғидан оққан сувни истеъмол қилишмоқда» номли танқидий мақола эълон қилинди.

Мақолада ёритилган ҳолатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирбек Тўразода, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Отабек Раззақов томонидан ўрганиб чиқилди.

Янгиариқ туманидаги ичимлик суви етказиб бериш ва қувурлар эксплуатацияси, уларни таъмирлаш ишлари давлат хусусий шерикчилигидаги «City Building Tale» корхонаси томонидан тармоқдаги авария бартараф қилинди.

Қувурларда жорий таъмирлаш ишлари ўтказилди ва аҳоли хонадонларига тоза ичимлик сувининг етиб бориши таъминланди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид