Спорт | 15:10 / 30.05.2020
10954
10 дақиқада ўқилади

ЎФА интернет трансляция ҳуқуқини қандай сотмоқчи? Ташкилот маркетологи билан суҳбат

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоа иштирокидаги ва ички чемпионат ўйинларини интернет орқали намойиш этиш борасида тендер ўтказишини эълон қилгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Ахир футболимиз учун бу янги ҳолат. Бу жараён қандай кечиши ҳақида маълумот олиш учун ЎФА маркетологи Бахтиёр Маметов билан суҳбат уюштирдик

– Бахтиёр, билишимча, Ўзбекистон футбол ассосациясида шошилинч мажлис ўтказилган. Шу мажлисдан кейин тендер ҳақида хабар чиқдими ёки аввалдан бўлган режамиди?

– Бу иш ОФК билан биргаликда 2017 йилдан бошланган эди. Турли лойиҳалар, хусусан тижорий ҳуқуқлар, медиа ҳуқуқлар тўғрисида ҳам банд бор эди. Бунинг устида иш олиб боргандик. Сиз айтиб ўтган мажлисда ЎФА раҳбарияти томонидан тендер эълон қилиш юзасидан топшириқ берилди.

– Бу қандай тендер? Қандай ҳуқуқлар сотиляпти ва шартлари қанақа?

Бобур Акмалов ва Бахтиёр Маметов

– Мамлакатда татбиқ қилиш мумкин бўлган онлайн ҳуқуқлар тўғрисидаги гап кетяпти. Суперлига ва миллий жамоа иштирокидаги ўйинлар интернет майдонида кўплаб томошабин йиғяпти. Миллий жамоаларимиз ўйинларини миллионлаб томошабинлар интернет орқали кўришади. Афсуски, ЎФА шу ҳуқуқларга эга бўлиб туриб шу вақтгача ҳеч қандай даромад кўрмаган. Шу бўйича модель тузилганлиги сабаб медиада фаолият юритадиган компаниялар билан иш олиб боришимиз мумкин. Ҳозир ПФЛ таснифидаги мусобақалар ҳақида гап кетяпти. Лекин келажакда ЎФАга, миллий жамоага тегишли бўлган ҳуқуқларни сотишда ҳам тендер эълон қиламиз.

Тендерда Про-лига мусобақаларини суратга олиб, кўрсатишни ташкил қила оладиган компаниялар ҳам иштирок этиши мумкин. Биласиз, Про-лига мусобақаси ҳеч қаерда ёритилмайди, лекин бориб томоша қилсангиз, Про-лигадаги баъзи ўйинлар ҳатто Суперлигадан қизиқарлироқ ўтади. Бу мусобақанинг ўз мухлислари бўлгани сабаб унинг трансляциясини ҳам йўлга қўймоқчимиз. Бу орқали Про-лига савиясини кўтариш мақсади кўзланган.

– Тендер эълон қилинганига бир неча кун бўлди. Шу кунлар давомида қизиқувчилар бўлдими?  

– Ҳа, ҳозиргача 3та ариза келиб тушди. Бу рақам яна кўпаяди, чунки қизиқувчи медиа компаниялар бор. Улар телефон орқали тендер тартиби юзасидан саволлар беришди. Ариза бериш 5 июнгача давом этади.

– Қизиқиш билдирганлар номини очиқ айтоласизми?

– Айтолмайман, чунки бу тижорий сир ҳисобланади. Тендер якунида иштирокчилар номини эълон қилишимиз мумкин.

– Шу пайтгача интернетда тўғридан-тўғри трансляция деярли йўқ эди. Ҳозиргача бўлган лойиҳалар ҳисобга ўтмайди, деб ҳисоблайман, чунки улар давомли бўлмади. Ҳозир бу амалга ошадиган бўлса, илк катта лойиҳа бўлади. Бунинг техник шартларига жавоб берадиган шундай катта компаниялар борми бизда?

– Ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳам бундай компанияларни топса бўлади. Кўп нарса тузилган моделга боғлиқ. Маркетинг соҳасида айтайлик, Англия модели Ўзбекистонга тўғри келмайди. Ҳар битта мамлакатнинг ўзига хослиги, йўналиши бўлади. Ўзбекистонда футбол онлайн транляциясида катта зафарлар кутяпти.

– Бу тендер телевизион трансляцияга тегишли эмас. Телевизион трансляция «Sport» каналига тегишли. Тушунишимча, аслида ҳуқуқ тегишлимас, лекин улар намойиш қилишади ёки ҳуқуқ берилганми?

– Икки томонлама меморандум тузилган. Бир тарфдан олганда, ягона «Sport» каналининг мавжудлиги салбий ҳолат бўлса, иккинчи тарафдан канал ходимлари ўз фаолиятини максимал даражада бажаришга уринаётганликларини ўтган йилги мавсумда кўрдик. Телевизион трансляция бўйича тендер онлайн шаклдан кўра анча қимматроқ туради. Шу сабабли бу моделни пухта ўйлаб чиққанимиздан сўнг бир қарорга келамиз.

– Тендер бўйича ҳамкорлик қандай бўлади ва неча томонлама бўлади? Телетрансляцияларни «Sport» канали амалга ошираётган бўлса, онлайн платформада бу трансляцияларни сотиб олган компания ўзи келиб ўйинни тасвирга олиши ёки «Sport» телеканалидан тайёр тасвирни олиши ва ўзи намойиш этиши керак бўлади. Бу келишувларга «Sport» учинчи томон бўлиб қўшилса, телеканал тасвирларни узатиш жараёнида қандайдир талабларни қўйиши мумкинми?

– Бу масалада «Sport» канали билан махсус келишув бор. Сигнални бериш бўйича муаммо бўлмайди. Шу сабабдан Суперлига мусобақалари бўйича жараён максимал даражада осон кечади. Ўтган йили ҳам кўргандик: баъзи интернет сайтлар YouTube каналларида ўйинларни намойиш этишган ва ҳеч қандай муаммосиз трансляция қилишган. Лекин ўртада ПФЛ бўлмаган. Шу сабабдан биз бунга аралашмаганмиз, чунки моделни тузиб чиқаётгандик. Пролига мусобақасида бошқача вазият. Бу ерда айнан сигнални компаниялар ўзлари тайёрлаши керак бўлади ва бу техника сифатига боғлиқ бўлади. Интернетнинг устун тарафи тўғридан-тўғри эфирдир.

– Бу ерда сизларга боғлиқ бўлмаган муаммолар келиб чиқади. Инфратузилма, транспорт, логистика. Нафақат пролига, ҳатто Суперлигада иштирок этаётган жамоаларда ҳам шароитлар унча зўр эмас. Интернет бирдан узилиб қолиши, тезлиги пастлиги мободо пролигага маълум компания Зомин ёки Яйпанга борадиган бўлса, бунга коммуникация, яхши тасвир учун ёритиш тизими жавоб берадими? Агар интернет тезлиги жавоб бермаса, уни тўғридан-тўғри ёритиш имконияти бўладими? Бунга қанчалик тайёрсизлар?

– Бизда турли вариантлар бор. Агар буни қила оладиган компания топилмаса, ЎФА ўзи ҳам продакшин масаласи бўйича иш бошлаши мумкин. Интернетнинг янги турлари чиқяпти. Бунинг техник ечими бор. 2018 йилда (майкужо) лойиҳаси бошланганда оддий телефонда трансляция қилинган ва минглаб томошабинлар йиғган. Ўша пайтда Google Analytics дан кўрганимизда, 86та давлатдан томошабинлар кириб, Ўзбекистон чемпионатини кўрган.

– Тендер хориж компанияларига очиқми?

– Очиқ.

– Маҳаллий ва хорижий компанияларга талаб бир хил бўладими? Шу бугунгача тендерга қизиқувчи хорижий компаниялар ҳам бўлдими?

– Ҳозирча йўқ. Лекин хориждан тендер бўйича қўнғироқ бўлди. Унда тендер талаблари сўралди.

– Тендернинг асосий устун шартлари нималар?

Барча мусобақалар битта пакетда сотилади. Шу шартларни бажара оладиган компания кириши мумкин. Ҳозирда юридик томондан ҳужжатлар текшириб чиқилмоқда. ОФК ва ФИФА футбол ассосациялари узоқ йиллик шартномалардан воз кечиши кераклигини айтади, чунки бу ерда федерация манфаатлари, тўлиқ потенциали йўқолиши мумкин. Шу сабабдан раҳбарият билан келишган ҳолда, шартномалар неча йилга тузилиши бўйича аниқ айтилади. 2019 йил миллий жамоаларга тегишли бўлган барча ҳуқуқларни ЎФА ўзига қайтариб олди. Бу ҳам футболимиздаги катта ютуқ. Унгача Сингапурнинг World Sport Group компанияси билан шартнома тузилган эди ва бу футболга катта фойда келтирган. Лекин йиллар ўтганидан кейин максимал даражада потенциалимизни ишлатиш имконияти йўқ ва бундан кўпроқ фойда кўришимиз мумкин.

– Биринчи шартномани бекор қилганимиздан кейин иккинчи босқич ўйинлари бўйича музокаралар олиб борилди ва барча миллий жамоалар ўйинларини бепул трансляция қилиш имкониятига эга бўлдик. Қўшимча даромад ҳам кўрдик. Саудия Арабистони билан ўйин сигналини компанияга сотишга муваффақ бўлдик.

– Телетрансляцияларни ЎФА йил охиригача тажриба тариқасида ўтказиб, ҳамма камчиликлар аниқланиб, бартараф этилгандан кейин тендер эълон қилинса бўлмасмиди?

– Йўқ, чунки ҳозирги кунда ЎФА якка ўзи бу ишни олиб боролмайди, чунки бу ерда кўп сонли ходимлар гуруҳи фаолият олиб бориши керак бўлади.

– Ёки бошқа вариант: тендер эълон қилмай, ҳеч кимга сотмай таржриба версияси-чи?

– Бу масала маблағ билан боғлиқ. Тажриба версияси учун ҳам анча куч ва маблағ талаб этилади. Шу сабабдан бу бизга фойдали бўлмаслиги мумкин эди. Агар иштирокчилар ЎФА талабларини тўлиқ бажара олишмаса, ўзида ҳуқуқларини сақлаб қолиши мумкин. Яъни ҳаммаси юридик томондан тузилган шартномалар асосида бўлади, чунки мақсадимиз футболнинг шу соҳасини ривожлантиришдир. Нима учун бошқа футбол федерациялари қилолган трансляцияларни биз қилолмаймиз? Бизнинг вақтимиз келди.

Телетрансляцияларда 2-3 баравар кўпроқ маблағ талаб этилса, бу борада ҳам клублар томонидан модел ишлаб чиқилиши мумкин. Бу бўйича таклифлар берганман. Масалан, «Насаф» футбол клубида 4та камера ва телевизион станция бор. Оптик толали интернет орқали МТРКга тўғридан-тўғри эфирни узатишади. Агар барча клублар шундай инфратузилмани яратишса, ўйлайманки, бошқа каналларга бу сигналларни узатиш имконияти пайдо бўлади. Ҳозир бу имконият фақат «Насаф»да бор.

– Агар клубларга бундай талаб қўйилса ёки илтимос қилинса, клублар пул ишлаши мумкин. Ҳамкорлик ва ҳаммуаллифлик ҳуқуқлари сотилиши мумкинми? Бир турда 7-8 та ўйин ўтказилса, бир компания марказий, бошқаси ҳудудий ўйинга қизиқиши мумкин.

– Хориждаги компаниялар тажрибасини ўрганиб чиққанимизда, бу охир-оқибатда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради. Марказий ўйинни талашиб қолиш ҳолатлари бўлган. 2 та компания бирлашиб ишлаши мумкин.

Бобур Акмалов суҳбатлашди

Таҳририятдан: Шу ойда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканалини тарк этган режиссёр Жамолиддин Бобожонов ва шарҳловчи Бобур Акмалов Kun.uz ва Tribuna.uz сайтлари жамоасига қўшилишди. Бундан буён ижодкорларнинг интервью ва мақолаларини шу сайтларда кузатиб боришингиз мумкин.

Мавзуга оид