Ўзбекистон | 12:56 / 30.05.2020
31149
9 дақиқада ўқилади

Пахта санкцияси. Кореяга чартер рейс. Россияга кета олмаган меҳнат муҳожирлари. Вазирнинг биринчи ўринбосари билан интервью

Кореяга қайта олмаган меҳнат мигрантлари учун чартер рейслар уюштириладими? Пахта санкциясини бекор қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати қандай йўл тутади? Россиядаги меҳнат мигрантларига ёрдам берилиши қандай амалга оширилмоқда? Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов шу каби саволларга жавоб берди.

28 май куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида, вазирлик, Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакили, ХМТ, АҚШ халқаро бизнес кенгаши, АҚШ Меҳнат департаменти, Америка кийим ва пойабзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, Адолатли меҳнат уюшмаси вакиллари ҳамда Cotton Campaign координатори иштирокида вебинар бўлиб ўтди.

“Пахтадан сўнг: ўрганилган дарслар ва Ўзбекистон учун истиқболлар” мавзусида ташкил этилган вебинарда, Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатининг ҳар қандай кўринишига буткул барҳам беришга қаратилган ислоҳотларнинг самараси, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижалари, мақсадга эришишда фуқаролик жамиятларининг роли ҳақида сўз борди.

Иштирокчилар, шунингдек, томонлар ўртасидаги келгусидаги ҳамкорликни давом эттиришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган хавотирлар, Ўзбекистон ҳукуматининг келгуси режалари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб иш ўринларини барпо қилиш соҳасидаги муҳим қадамлари хусусида фикр алмашилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов вебинар доирасида Kun.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берди.

Эркин Муҳиддинов

Cotton Campaign БММВ вазири Нозим Ҳусановнинг Ўзбекистон пахтасига жорий қилинган санкцияни бекор қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватламади. Вазирлик ва умуман Ўзбекистон ҳукумати бу борада навбатдаги қадами қандай бўлади?

Cotton Campaign мурожаатимизни қўллаб-қувватламади, дейиш қийин. Чунки уларнинг жавобини синчиклаб қарайдиган бўлсак, биринчи маротаба, бойкотни олиб ташлаганимизда ҳам айрим хорижий ишлаб чиқарувчилар бу қарорни қўллаб-қувватламаслиги мумкин, деган фикрни билдирди. Яъни, бойкотни бекор қилишни ишлаб чиқарувчиларнинг ўзларига қолдирмоқда.

Биз буни эшитганимиздан сўнг, бевосита хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Шу масалада вебинар ҳам ташкил этилди. Эндиликда, биз бевосита ишлаб чиқарувчилар билан мулоқот қилиш, музокаралар ўтказиш имконига эга бўлдик.

Биз муаммони ҳал этиш бўйича 4 томонлама механизм таклиф этяпмиз:

-      Бизга эътирози нима?

-      Уларнинг хавотири нима?

-      Бизнинг кластерлар нима учун улар билан ҳамкорлик қила олмайди?

-      Улар қайси босқичда мажбурий меҳнат эҳтимолини кўрмоқда?

Биз уларни ўйлантираётган саволларнинг барчасини ўрганиб чиқишимиз керак. Бойкотни бекор қилишнинг бошқа йўлини кўрмаяпмиз. Биз бевосита музокара олиб боргач, жаҳон бозорига эшиклар очилади, деб ишонаман. Қолаверса, кластерлар фаолияти мажбурий меҳнатдан холи эканини ҳам кўрсатиб беришимиз керак.

Бугунги кунда ишсизлик ишсизлик кўрсаткичи ўсганини вебинар чоғида ҳам қайд қилдингиз. Вазирлик сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қандай ишларни амалга ошириш зарур деб ўйлайсиз?

Бу сафарги инқироз оқибатлари жуда оғир бўлмоқда. У 2-Жаҳон урушидан кейинги даврда меҳнат бозори учун энг оғир инқирозга сабаб бўлди. Авваллари бу қадар ишсизлик даражаси намоён бўлмаганди. Вебинарда ҳам ишсизлик билан боғлиқ рақамларни ҳам келтирдик. Ўзи ишсизлик кўрсаткичлари юқори эди, пандемияда янада кўтарилди. Ишсизлар сони қарийб 2 млн кишига ортди.

Шу боис, вазирлик аҳолини бандлигини таъминлаш йўналишида фаол ишлаши керак, аммо бу маъмурий-буйруқбозлик усулидан фойдаланиш кераклигини англатмайди. Аксинча, карантин чоғида мавжуд иш ўринлари борасида иш берувчи ва иш қидираётган фуқаро ўртасида воситачилик ролини ижро этмоқда.

Масалан, Сергели туманида қурилиш ишлари бошланган бўлиб, уларга мутахассислар етишмаяпти. Бз бошқа вилоятлардан қайси ҳунар эгаси лозим бўлса, уларни топиб, Сергелидаги қурилиш пудрат ташкилотларига келтирмоқдамиз.

Ёки бўлмаса, 230 минг киши жамоат ишларига олиб чиқилиб, вақтинча бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, шахсий томорқаларни ривожлантириш бўйича субсидиялар беришни эълон қилдик ва апрел-май ойларида 15 минг оилага шахсий томорқасида деҳқончилик қилиши учун маблағлар тақдим этдик.

Яна бир гап, президент қарори билан қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этиладиган бўлди. Унинг ғояси нимадан иборат? Бир тадбиркор атрофида камида 50 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари бирлашади. Уларга субсидиялар берилади ва тадбиркор маблағи билан биргаликда жамғарма ташкил этилиб, маълум бир фаолият тури йўлга қўйилади. Бу йўл билан аҳоли орасидан 18 минг киши банд қилинди.

Коронавирус пандемияси кўплаб соҳаларда камчиликлар борлигини кўрсатди. Меҳнат бозори учун пандемия ҳолатидан келиб чиққан ҳолда қандай хулосалар қилинди. Келгусида шу каби эҳтимоллар учун қандайдир стратегия ишлаб чиқилмоқдами?

Албатта, биз пандемияда даврида, кўплаб фуқаролар масофавий ишлашга тайёр эмаслигини билдик. Илк кунларда масофавий ишлаш бўйича тартиб ишлаб чиқиб, иш берувчиларга ва ишчи-ходимларга етказдик.

Карантин даврида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида иш ҳақи ва меҳнат таътили борасида тушунмовчиликлар кузатилди. Меҳнат муносабатлари кескинлашди. Шу боис, карантин чоғида қандай йўл тутишлари бўйича тартиб ишлаб чиқдик ва уларни ҳам иш берувчиларга етказдик.

Меҳнат бозоридаги инқироз узоқ давом этиши мумкин. Шу билан бирга, меҳнат бозорида хусусийлашган йўналиш пайдо бўлмоқда. Яъни фуқаролар уйда ўтирган ҳолда ўзини-ўзи банд қилиши мумкин бўлмоқда. Улар учун алоҳида йўриқнома ёки тартиблар керак бўлмоқда.

Пандемия биз учун катта дарс бўлди, келгусида ҳозирда тайёрланган инструментлардан воз кечмаймиз, аксинча уларни сақлаб қоламиз.

Пандемия халқаро меҳнат миграциясини бутунлай издан чиқарди. Ватанга таътилга келган мигрантлар ўзлари ишлаб турган давлатларидаги иш жойларига қайта олмади. Иш берувчилар иш ўринларини қисқартиришга мажбур бўлди. Хорижга ишга кета олмаган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш бўйича вазирлик қандай чораларни кўрмоқда?

Пандемия даврида 2та йирик муаммога дуч келдик. Биринчидан, хорижга ишга кета олмаган фуқароларни банд қилиш, иккинчидан, хориждаги ватандошларимизга ёрдам бериш.

Демак, биринчи масала бўйича “ишсиз, пандемия даврида ишсиз қолган, меҳнат миграциясига кета олмаган ёки қайтган” қоидаси асосида ёндашаяпмиз. Яъни, 200 та бандликка кўмаклашиш марказларимиз орқали хорижга ишга кета олмаган фуқароларни иш билан таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратмоқдамиз.

Бу борада Россия қурилиш соҳасида ишлаган ва ватанга қайтган қурувчи-мутахассисларни топиб, уларни иш билан банд қилиш амалга ошираётган бўлса, айрим мигрантларимиз, ер бўлганида деҳқончилик қилишини, чет элга иш қидириб кетмаслигини таъкидлаб келади. Ҳозирда, шундай фуқароларга ер берилмоқда. Тадбиркорлик қилмоқчи бўлганларга эса, субсидиялар тақдим этиляпти.

Иккинчи муаммо юзасидан хорижда ишлаётган фуқароларнинг кўпчилиги ишсиз қолди, маблағсиз қолганлари боис, ижарада турган уйларидан ҳам чиқишига тўғри келди. Биз шундай фуқароларга арзон хостеллар топиб, бир ойлик пулларини 300 долларгача тўлаб бермоқдамиз.

Тураржойидан чиқмаган, бироқ ишсиз қолган фуқароларга эса, озий-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун маблағлар тақдим этяпмиз.

Шу бугунги куннинг яна бир саволи. Кореядан ватанга дам олишга келган ва авиақатновлар бекор қилингани боис, Кореяга кета олмаган ватандошлар масаласи. Улар ўз вақтида иш жойига қайта олмаса, ишларини, ҳатто Кореяга кириш изнини ҳам йўқотиши мумкин. Вазирлик кореялик ҳамкорлар билан шу хусусда музокаралар олиб боряптими?

Биз бундай муаммоларга дуч келган фуқаролар учун хавотирга тушдик. Шу боис, Корея Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Инсон ресурслари департаменти билан музокаралар олиб бора бошладик. Эндиликда, Кореяга кетишни режалаштирган, яъни таътилга келиб, қайтиб кетиши лозим бўлган ўзбекистонлик Кореяда 14 кунлик ўзини изоляция қилиши талаб этилади. Бунинг учун у манзилини тақдим этиши керак. Сўнгра, Инсон ресурслари департаменти кўрсатилган манзил бўйича бориб, карантин талабига мос келиши ёки йўқлигини аниқлайди. Хулоса ижобий бўлсагина, етарли фуқаролар бўлса, чартер рейслар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.

Бунда яна бир масала ҳам ҳал этилдики, бу карантинда қолиш учун маблағни ким тўлайди, деган мавзудир. Бу харажатни ёки ўзбек меҳнат мигранти ёки Корея иш берувчиси тўлаши лозим. Бу тўловни ишчиларимиз тўлашга рози бўлди.

Мавзуга оид