Жамият | 22:31 / 31.05.2020
105235
17 дақиқада ўқилади

«Аёл эмас, хизматкор керак, дейишди». Оддий аёлнинг оддий бўлмаган ҳикояси

«Ёшим 29 да. Икки марта турмуш қурганман. Биринчи эрим руҳий хаста эди. Ота-онам 19 ёшимда оиласини суриштирмай шу одамга беришди. Ундан бир нафар фарзандим бор. Ўртамизда фақат шаърий никоҳ бўлган, холос. Бошқа ҳеч нарса. Менинг муқим яшаш жойим йўқ. Беватанман. 2 нафар фарзандим билан бировларнинг уйида вақтинча яшаб келяпман».

Иллюстратив фото

Ҳаёт инсонни турли синовларга ташлайди. Кимгадир гўзал бахт, яна кимгадир фақат азобли кунларни раво кўради. Баъзилар дуч келган ташвишлар қаршисида довдираб қолади. Иродаси букилмаганлар эса ёруғ кунларни сабр билан кутади. Орамизда тақдир синовларидан қаддини букмай ўтган, эртанги кунидан умид қилиб яшаётганлар борлиги қанчалик яхши...

Самарқанднинг Қўшработида Жўш деган қишлоқ бор. Катта, хуштабиат қишлоқ. Бугун ана шу қишлоқда яшовчи Гулмира Қўшоқованинг ҳаёт ҳикоясини сиз билан бўлишмоқчимиз. Унинг тақдири намуна бўлмаслиги мумкин, аммо ҳеч бўлмаса ўз ҳаётимизга қараб шукур қилишга ундайди. Ҳайратга сабаб бўлгани шуки, суҳбатдошимиз аянчли тақдири ҳақида гапирган бўлса-да, кўзига ёш олмади. Ҳа, унинг эзилган юраги йиғларди, аммо буни ташқарига чиқармасди.

«Эрим «Менга хотин керак эмас», деб айтган»

2010 йил... Энди 19га тўлгандим. Оилада кенжа фарзандман. Эрка, айтганини қилдирадиган қиз эдим. Бўйим етгач, совчилар кела бошлади. Ҳар хил баҳона топиб куёв бўлмишларни рад этавердим. Бир куни бозорга тушиб эдим, қариндошимни кўриб қолим. У менга куёв топганини айтиб қолди. Учрашиб, гаплашиб кўринглар, деди. Учрашувга чиқдим. Тўғриси, йигит кўримсизгина эди. У ўзини ғалати тутгани учун уйдагиларга «ёқмади» дедим.

Орадан 3 ой ўтди. Ўша йигитдан совчилар келди. Дадам «Икки қизимни хоҳлаганимга бердим, бунисининг ихтиёри ҳам ўзимда», деди. Кейин йигит билан яна учрашувга чиқдим. У очиқчасига «Менга хотин эмас, ишчи керак. Еримиз кўп, онам эса ишга ярамай қолган», деди. Уйга келиб онамга рози эмаслигимни айтдим, аммо бу энди ҳеч кимни қизиқтирмасди. Ота-онам раъйига қарши боролмай, мен ҳам рози бўлдим. 10 куни ичида аввал унаштирув, кейин катта тўй бўлди...

«Тўй кечаси куёв ғойиб бўлди. Кейин билсам...»

Тўй ҳам ўтди. Куёв иккимиз ёлғиз қолдик. У сув олиб келишимни сўради. Бир коса сув олиб уйга қайтсам, ҳеч ким йўқ. «Ҳой, қаердасиз?», деб бир неча марта чақирдим. Жимжитлик. Бирор жойга чиқиб кетганмикин деб ўйладим. Кейин қарасам, парда ортига бекиниб турган экан. Бирдан бақириб, чиқиб келди. Нима қилишни билмай қотиб қолдим.

Бўлган воқеани қайнонамга айтиб берганимда, ҳазиллашгандир-да, деди. Орадан 3-4 кун ўтиб қизиқ иш бўлди. Хонамиздаги кўзгу (яъни трюмо) кун сайин ўзидан-ўзи силжиб бораётганидан ҳайрон қолардим. Балки эрим уни суриб қўйгандир, деб ўйладим. Бир куни хонага кирсам, ҳеч ким йўқ, тиққиллаган овоз эшитиляпти. «Қаердасиз, бу ёққа қаранг», дедим. Кулгу овози эшитилди. Эрим кўзгунинг орқа тарафига ўтиб олиб, қиқирлаб куларди. Нима қилишимни билмасдим. Эримдан нега бундай қилаётганини сўрасам, менга хотин керакмас, кетишингни хоҳлайман, деди. Қайнонамдан ўғли нега бундай қилаётганини сўраганимда, бу бир эркалик эканини, эътибор бермаслигимни айтди.

«Келинлик уйимдаги шароитни қабул қилолмасдим»

 

Қайнотам анча йил олдин вафот этганди. Уйда қайнонам, эрим, қайнукам ва икки қайнопам билан яшардик. Оилада фақат қайнукам соғлом эди. У менга янгаси сифатида қарамас, хизматкор деб билиб фақат иш буюрарди. Қайнонамнинг эса оилабоши сифатида ўрни йўқ эди. Ҳеч ким билан иши бўлмай, индамасдан юрарди. Икки қайнопаларимдан бири турмушга чиқиб, эридан ажрашиб келганди. Иккаласиям руҳий касал эди. Вақти-вақти билан руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб келишарди.

Уйда касали қўзиган вақтда иккаласини алоҳида хонага қамаб қўярдик. Бутун рўзғор ишлари менинг зиммамда эди. Ҳар куни уйларни йиғиштириб, молхонани тозалардим, яна даладаги ишлар ҳам бор эди. Ҳаммасидан тўйиб кетгандим. Охири опамга қўнғироқ қилиб, дардимни тўкиб солдим. Уйдан бош олиб кетмоқчилигимни айтганимда, шошилмаслигимни, вазиятни билиш учун акамни жўнатишини айтиб, мени тинчлантирди. Акам уйга келгач, катта жанжал бўлди. Лекин шундаям вазият ўзгармади. Шу тариқа бир йилни ҳам ўтказдим. 2011 йил 25 ноябрда жуда ёмон иш бўлди – хомилам нобуд бўлди... Сабаби эса аниқ эди – оғир меҳнат.

«Ухлаётганимда эрим оёғимни лезвия билан кесаётган экан»

2012 йил. Қишнинг изғиринли тунида оғриқдан уйғониб кетдим. Турсам, эрим оёғим остида ўтирибди, қўлида писка (лезвия). Оёғим қип-қизил қонга бўялган, эрим эса куларди. Эртаси куни қайнонамга бўлган воқеани айтиб берсам, одатдагидек, эътибор бермаслигимни, ўз ишларим билан банд бўлишимни айтиб тинчлантирди.

«Бир йилда 2-3 маротаба уйдагилар эримни узоқроққа жўнатишарди»

Бир куни қайнонам узоқроқ қариндошимизнинг тўйига Фазлиддинни (эрим) жўнатаман, ҳеч ким бормайди, деб қолди. Мен қаршилик билдирдим, чунки ўша ердаям бизни шарманда қилишидан қўрқдим. Шунга қарамасдан, уни 15 кунга жўнатишди. Кейин билсам, эримни вақти-вақти билан даволатишга олиб боришаркан. Қариндошларникига бориб, ҳаво алмаштириб келади, деган баҳоналар ҳам бўларди. Кетган вақтларида менга тез-тез қўнғироқ қилиб, ахволимни сўрарди. Баъзида ундан меҳрибон инсон йўқ эди дунёда мен учун, баъзида эса менга нафрат кўзи билан қарарди. Даволаниб қайтганидан кейин менга яхши муносабатда бўларди. Шу тариқа кунларни ўтказа бошладик. Азоблардан чарчаб кетгач, бу ердан кетаман, деб қайнонамга айтдим. Қайнонам бизни алоҳида уйга чиқармоқчилигини айтди. Уй тўлиқ қуриб бўлинди, фақат ички таъмири қолганди.

Бу орада эрим яна ғалати қилиқлар қила бошларди. Тўйиб кетганимдан ҳаммасини ташлаб уйдан чиқиб кетдим. Қизлик уйимга бордим. Ортимдан қайнонам, қайнукам келаверганидан кейин уйга яна қайтиб бордим. Акам шаҳарда таниш шифокорлар борлигини, эримни уларга кўрсатишини айтди. Эримни шифокор кўригидан ўтказишди. Миясида озгина нуқсони борлигини ҳисобга олмаганда, соғлом эканини айтишди.

«Иккинчи марта хомиладор бўлганимда, ундан воз кечишни маслаҳат беришди, лекин мен...»

Шифокорнинг гапидан кейин ҳам руҳий хаста эр билан яшаб кетишимга кўзим етмасди. Дадамга қўнғироқ қилиб, уйга олиб кетишини сўрадим. У келиб олиб кетди. Кун сайин ҳолсизланавердим. Бутун танам зирқираб оғрирди. Аёллар шифокорига учрашдим. Хомиладор эканман. Қариндошларим фарзандимдан воз кечишимни маслаҳат беришди. Фарзандли бўлишни жудаям хоҳлардим. Воз кечишга кўзим қиймасди.

Бир куни бозорда қайнукамни кўриб қолдим. Фарзанд кутаётганимни, аммо қариндошлар қарши чиқишаётганини айтиб бердим. Қайнукам уйга олиб боришини айтди. Борсам, ўша-ўша аҳвол... Эрим келганимгаям, кетганимгаям парво қилмасди. Вужудимда 8 ойлик ҳомилам бор эди. Бир куни далада буғдой ўриб, нўхат териб, кеч бўлганда уйга қайтдим. Жудаям ҳолдан тойгандим. Уйда қайнонам йўқ, у онасининг жанозасига кетганди. Уй ишларини қилдим-да, хонага кириб ётдим.

«Туғруқхонада мендан ҳеч ким хабар олмади»

Мазам бўлавермагач, қўшни аёлдан сўрадим: «Янга, мени дард тутяптими? Сиз фарзандли бўлгансиз. Буни мендан яхшироқ биласиз». Қўшнимиз туғруқхонага ётишим кераклигини айтди. Эримга дард тутаётганлигини айтсам, менга фарқи йўқ, болангни туғасанми, йўқми бу сенинг ишинг, деди. Уйда ҳеч ким аҳволим билан қизиқмасди. Қўшнимиз чидолмай, охири қайнонамга қўнғироқ қилиб, дардим тутаётганлигини, мени тезда туғруқхонага олиб бориш кераклигини айтди. Шундан кейингина қайнукам мени туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига жойлаштирди. Қўлимга 40 минг сўм пул берди-да, ўзи кетди. Ёнимда ҳеч ким йўқ эди. Охири дадамга қўнғироқ қилдим. Дадам дарров келиб ҳолимдан хабар олди.

2 кундан кейин ўғил фарзандли бўлдим. Эрим билан қонуний никоҳдан ўтмагандик. Шу учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириш муаммо бўлди. Туғруқхонадан чиқиш вақти келганда, ҳеч ким олиб кетай демасди. Дадамга яна қўнғироқ қилдим. Дадам эримни олдига бориб, унга танбеҳ берди. Кейин иккаласи келиб, мени туғруқхонадан олиб чиқишди.

«Ўғлингни тан олмайман, у меники эмас»

Чақалоғим билан эримнинг уйига қайтдим. Яшаш жойимдаги ҳудудий ҳамширалар келиб, болага зарур тиббий муолажалар қилиш учун гувоҳнома расмийлаштиришимни айтишди. Буни эримга айтсам, бу бола меники эмас. Тез орада иккаланг ҳам бу уйдан кетасан, деб мени қўрқитди. Бунга чидолмай уйдаги пул турадиган жавондан 100 минг сўм пулни олдим-да, ўғлимни кийинтириб, чиқиб кетдим. Кечки пайт эди, ёмғир ёғаётганди. Қандай қилиб бўлмасин, боламга гувоҳнома расмийлаштиришим керак, деган ўй билан қизлик уйимга бордим. Дадамга бор гапни айтиб бердим. Кейин ўғлимга гувоҳнома расмийлаштиришга ёрдам берди. Мени ёлғиз она, деб рўйхатдан ўтказишди. Тирик отаси бўла туриб, гувоҳномада «отаси» деган жойи бўш турарди...

«Эрим бешикдаги боламни бўғмоқчи бўлди»

Боламга гувоҳнома расмийлаштириб сўнг уйга қайтдим. Бир куни уйимиз жудаям совиб кетганди. Эримга бешикдаги болага қараб туришини, печкани ёқиш учун бориб ташқаридан ўтин олиб келишимни айтдим. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас қайтиб келсам, не кўз билан кўрайки, эрим бешикдаги боламга «Сендай бола менга керакмас», деб гўдакни бўғмоқчи бўлаётганди. Уй совуқлиги ҳам эсимдан чиқиб кетди. Дарров боламни бешикдан ечиб олиб, уни қўлимда ушлаб тонг оттирдим.

Кейин қайнонам билан роса жанжал қилдим. Бундай хаста эр билан яшолмаслигимни айтиб, ўкириб-ўкириб йиғладим. Дадамга қўнғироқ қилдим. Келиб уйдагиларга ҳеч нима демасдан болам ва мени олиб кетди. Қизлик уйимга боргач, отам судга ариза беришини, шаърий никоҳдан ўтилган деб иккаламизни ажраштиришини айтди. Салкам 4 йиллик турмушимдан ажрашиб ота уйимда яшай бошладим. Шундан кейин на эрим, на қариндошларим мени сўраб келишмади. Энди фикр-у хаёлим боламни қандай қилиб катта қилиб олиш бўлиб қолди, чунки у жуда нимжон туғилганди.

«Боланг – кучук ялоғи. Уни олиб чиқиб ташла»

Бир куни тўнғич акам маст ҳолда уйга келиб, боламни назарда тутиб, «Бу кучукнинг ялоғини нима қиласан? Уни чиқариб ташла, сенга нимага керак?» деди. Тонг отди. Иккинчи акамга бўлган воқеани айтиб бердим. Акам оиласи билан алоҳида турарди. Уйида яшаб туришимни таклиф қилди. Боламни олиб, қизлик уйимдан чиқиб кетдим. Акамникида 5 кун яшадим.

Одамлардан сўраб-суриштириб, Нурота туманида бир бой хонадонда иш борлигини эшитдим. Хонадон эгаси фарзандим ёш эканлигини, ишларни эплолмаслигимни айтди. Ёш бола билан бўлсаям, ишлайверишимни айтдим. Сўнг 10 кун синов муддати билан рози бўлди. 2 қаватли уйдаги ҳамма юмушларни қилардим. 7та сигирни соғардим. Орада боламгаям қарардим. Бу вақтда соғлиғим панд бера бошлади. Уй эгаси тез-тез касал бўлаётганим учун мендан норози бўларди. Қизлик уйимга қайтиб бордим ва шаҳарга бориб, аёллар шифокорига учрашдим. Кўкрагимда оғриқ бор эди. Шифокор яна фарзандли бўлсам, касаллигим ортда қолиб кетишини айтди. Касаллик жиддиймас экан, дея ишимга қайтиб бордим.

«Иккинчи турмушим нисбатан яхши, лекин...»

Орадан 3 йил ўтди. Кўкрагимдан қон аралаш йиринг кела бошлади. Шифокорга учрасам, кўкрак саратонига олиб келиши мумкинлигин айтди. Ўзим ишлаётган хонадон эгасига дардимни тўкиб сочдим. Шунда у қариндошининг уйида оиласидан ажрашган бир эркак ишлашини айтиб, унга эрга тегасанми, деб сўради. Рад жавобини берсам ҳам ўша эркакни уйимизга келтириб, иккаламизни учраштирди. Болам табиатан одамови эди, бегоналардан ўзини олиб қочарди. Ўша эркак ўғлимга «Дилшод, кел, болам», деганида ўғлим унинг қучоғига отилди. Бунақаси олдин бўлмаганди. У ўғлим иккимизга жуда меҳрибон эди. Қанақа вазият бўлса ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Шундан кейин унга нисбатан меҳрим орта бошлади. Никоҳдан ўтиб, ўша уйда яшай бошладик. 5 ойдан кейин эрим ичиб келадиган бўлди. Бу орада ҳомиладор бўлдим ва у нобуд бўлди. Эрим баъзан ичкилик ортидан 3-4 ойлаб дом-дараксиз йўқолиб кетади.

«Ўндан ортиқ хонадонларда ишлаб, яшадим»

Ҳозир ҳисоблаб кўрсам, 10дан ортиқ хонадонларда ишлаган эканман. Навоийда, Жиззахда ва шу ерда (Қўшработ тумани) хонадонларда ишладим. Менинг муқим яшаш жойим йўқ. Беватанман. Кунлар ўтаверди. Бир куни кўнглим беҳузур бўла бошлади. Ҳомиладор эканман, олдирмоқчи бўлиб, бир нечта шифокорга бордим, аммо аборт қилдиролмадим. Фарзандимни туғдим, қиз экан. Ҳозир 2 ёшга яқинлашяпти.

«Уй эгаси ош-овқат, ундан ташқари 500 минг сўм ойлик беради»

Ҳозир бир бўш ҳовли уйда яшаймиз. Уй эгасининг ерида деҳқончилик қиламиз. Эвазига бизга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб беради. Ундан ташқари, ойига 500 минг сўм пул ҳам беради. Бу маблағ еб-ичишимиздан ортмайди, чунки уй эгаси картошка, пиёз ва ёғ олиб келиб беради. Қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун эса пул сарфлаш керак. Кийим-кечак сотиб олиш ҳақида ўйламаймиз ҳам. Фарзандларим уй эгасининг болаларидан қолган эски кийимларни кийиб катта бўлишяпти.

Телевизоримиз йўқ. 2-3 хил ўйинчоқ уларга овунчоқ бўлиб турибди. Ўғлимнинг кўкрагида нуқсони борлиги аниқланди. Шифокор болани спорт билан шуғуллантириш кераклигини маслаҳат берди. Спортга беришга эса имкониятим йўқ. Шунга қарамай, ҳар куни эрталаб боламни уйғотиб, бирга машқ қиламиз, ҳовлида бирга югурамиз.

«Одамларга ишончим сўниб бўлган..»

Умрим меҳнатда ўтяпти. Одамларнинг чорва молларига қарадим, уйларини тозаладим, тандирда нон ёпиб бердим. Иш танламадим. Фикр-у хаёлим нон учун пул топишда бўлганидан атрофда қандай ўзгаришлар бўлаётганини ҳам билмайман. Янгиликлардан бохабар бўлиш учун телевизор ҳам йўқ.

Бир куни акам ҳокимиятдан кам таъминланган оилаларга уй-жой берилаётгани, шунга ариза ёзиб қўйишимни айтди. Унчалик эътибор бермадим. Ишлаган жойимда одамлар пешона тери билан топган пулларимни беришмаганди, давлат менга текинга уй берармиди, деб ишонмадим. Акам мени номимдан уй-жой сўраб ҳокимиятга ариза ёзди. Бироз муддат ўтгач, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси доимий яшаш манзилим – қизлик уйимга борди. Аризага мувофиқ келганини, яшаш шароитимни ўрганаётганини айтди.

Уй берилишига ишонмадим ва вақтим бўлганида боришимни айтдим. Орадан 7 ой ўтди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси қишлоғимизда ҳозир фойдаланилмаётган эски поликлиника биносидан кам таъминланган оилаларга хоналар ажратиб берилишини айтди. Шу ердан менга ҳам жой берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Хурсанд бўлиб кетдим. Уй-жой берилишидан умидвор бўлиб, ўша поликлиникадан хона ажратиб беришлари учун ҳокимиятга қатнай бошладим.

Кейинроқ хотин-қизлар қўмитаси раиси қишлоғимизда бир эскироқ уйни менга бермоқчилигини айтди. Бу уйга 50 ёшлардаги бошқа аёл ҳам даъвогар ва у ҳокимиятга мендан 4 йил олдин ариза ташлаган экан. Маҳалла раиси, маҳалла фаоллари иштирокида мажлисда уй ўша аёлга берилди.

Бир куни хотин-қизлар қўмитаси раиси яна телефон қилиб, эски поликлиника биносидан 3 хонани беришини айтди. Шунгаям рози бўлдим. Мана бугун берамиз, эртага берамиз, деб поликлиникадаги 3 хонали жойдан дарак ҳам бўлавермади. Яқинда борсам, карантиндан кейин жой берамиз, дейишди. Карантингачаям турли баҳоналар қилишганди. Мурожаат қилсам, ер участкаси берилиши ҳақида айтишди. Лекин қаерга, қай тарзда мурожаат қилишни билмайман.

Ўзи қанақа ҳуқуқларим борлигини ҳам билмайман. Умрим нон топиш дардида ўтиб кетяпти. Ҳозир ниятим бу йил мактабга чиқадиган фарзандим ўқиши учун шароит яратиб бериш, қизимни боғчага бериш ва ўз яшаш маконимга эга бўлиш...

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид