Жаҳон | 19:52 / 02.06.2020
2780
2 дақиқада ўқилади

Руминия бош вазири ҳимоя ниқобини ечгани учун жарима тўлади

Руминия бош вазири Людовик Орбан эпидемияга қарши чекловларни, жумладан ниқоб тақиш режимини бузгани учун жарима тўлашига тўғри келди.

Фото: Robert Ghement/EPA/EFE

Орбан ушбу қоидабузарлик учун 3 минг лей (617 доллар) миқдорида жарима тўлаган, деб хабар берди Euractiv нашри.

Бу билан боғлиқ можаро 30 май куни ижтимоий тармоқларда Орбан ўз ишчи хонасидаги стол атрофида бир неча вазирлар билан ўтиргани ва сигарет чекаётгани акс этган сурат пайдо бўлгандан кейин авж олган. Бундан ташқари, хонадаги бошқа одамлар ҳам ниқобсиз бўлган. Суратда ниқоблар стол устига қўйилганини кўриш мумкин.

Орбан қоидани бузганини тан олган ва у 25 майда 57 ёшлик таваллуд куни иш вақтидан кейин ҳукуматнинг баъзи аъзолари билан бирга хонасида йиғилишганини маълум қилган. Орбан қонун бузилса, бунинг учун жазо муқаррар бўлиши кераклигини айтган.   

Руминияда 15 май куни тугаган 60 кунлик карантиндан кейин Орбан ҳукумати 30 кунлик юқори хавф режими амал қилишини белгилаган эди. Бу режим вақтида жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида ниқобларни тақиш шарт қилиб қўйилган. Боз устига, мамлакатда 2016 йилдан бери жамоат жойларида сигарет чекиш тақиқланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид