Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Самарқанд дарвоза»да тадбиркорлардан карантин даври учун ҳам ижара тўлови талаб қилинди
Тошкентдаги йирик кўнгилочар ва савдо маркази – «Самарқанд дарвоза» бошқарувчиси «SD Mall» МЧЖ карантин даврида ёпиқ бўлган дўкон эгаларидан ижара тўловини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'га мажмуада фаолият олиб борувчи бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, «SD Mall» МЧЖ раҳбари Сергей Канн «Самарқанд дарвоза»даги тадбиркорларга ижара тўлови масаласида хат йўллаган.
Хатда маълум қилинишича, бинодан фойдаланиш даврий харажатлари, ишчиларга маош, давлат бюджетига йўналтириладиган солиқ ва йиғимларни тўлаш масаласи кўндаланг турибди.
«Шуларни инобатга олиб, «SD Mall» МЧЖ сизлардан апрель ойи учун қисман, ижара шартномасида кўрсатилган сумманинг 25 фоизи миқдорида тўловни тўлашингизни сўрайди», – дейилади бинодан ижара асосида фойдаланаётган тадбиркорларга йўлланган хатда.
Таъкидланишича, карантин давридаги ижара учун тўловни, бошқа жорий харажатлар каби, жорий йилнинг 1 декабрига қадар тўлаш мумкин.
Kun.uz билан суҳбатлашган тадбиркорнинг айтишича, ноозиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳали-бери иқтисодий барқарор аҳволга келиши қийин, карантин учун ижара тўлови эса умуман ошиқча.
«Савдо фаолиятини бошлагани билан, ҳали пештахтада янги мавсум маҳсулотлари йўқ. Хориж билан алоқа қилиш қийин. Қолаверса, ишчилар ва ўзимизнинг харажатлар, хусусан солиқлар ҳақида қайғуришимиз керак.
Карантин даври учун ижара тўловини талаб қилиш эса ўз фаолиятимизда кескин чоралар кўришга мажбурлайди. Масалан, нарх-наво ошади, ишчиларнинг маоши пасайтирилади ё иш ўринлари қисқаради. Ахир бинода ижара тўлов кичик суммани ташкил этмайди: масалан, 1 кв.м. учун ўртача 1 миллион сўм тўланади», – дейди тадбиркор.
Сергей Каннинг Kun.uz'га билдиришича, карантин пайтида бинонинг даврий харажатларини қоплаш учун ижара тўловининг минимал қисми миқдорида тўлов сўралмоқда.
Шунингдек, ушбу тўловни бажариш учун узайтирилган муддат берилган. Ўз вақтида тўланмаган ижара учун пеня ё жарима қўлланмайди.
Бошқарувчи компания пандемия даврида ижарачилар кам зиён кўриши учун барча имкониятларни ишга солишини алоҳида таъкидламоқда.
Карантин даври учун ижара тўлови олиниши мумкинми?
Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилган.
Аммо хусусий сектор иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар давлат томонидан тартибга солинмайди.
Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми 2020 йилнинг I чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди:
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;
- ижтимоий солиқ бўйича – уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.
Бу ўринда йирик корхона ва солиқ тўловчилар назарда тутилмаган. Шунга қарамай, амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзларни бериш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг Kun.uz'га берган интервьюсида билдиришича, йирик солиқ тўловчилар билан муносабатларни тартибга солиш учун қўмита ҳузурида алоҳида инспекция фаолият кўрсатади. Уларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида ўрганилади.
Жамоатчилик фикри қандай? Ижтимоий сўровнома натижаси
Kun.uz расмий Telegram-каналида ушбу масала юзасидан ижтимоий сўровнома ўтказди. Унда 65 мингдан зиёд фойдаланувчи овоз берди.
Респондентларнинг ёши, меҳнат фаолияти, яшаш манзиллари ва социологик сўровни аниқлаштирувчи бошқа омилларга аниқлик киритилмади. Улардан: «Карантин даврида иш фаолиятингиз тўхтатилганига қарамай, хусусий тадбиркорга тегишли бино ёки дўкон учун ижара ҳақи тўладингизми?» деган саволга жавоб бериш сўралди.
Сўровда қатнашганларнинг 29 фоизи (19 мингдан ортиқ киши) «Ҳа, ишламаган кунлар учун ижара ҳақи олинди», дея жавоб берган бўлса, 17 фоиз респондент карантин даврида ижара тўлови ҳисобдан олиб ташланганини билдирган.

«Самарқанд дарвоза» кимга тегишли?
Ўзбекистондаги йирик кўнгилочар ва савдо марказларига сармоя киритган «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» ҳақида маълумотлар етарли эмас. Ушбу компания «Самарқанд дарвоза»нинг таъсисчиларидан бири сифатида рўйхатдан ўтган. Унинг таъсисчилигида ташкил этилган «SD Mall» МЧЖ савдо марказини бошқаради.
«Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси»нинг «SD Mall» МЧЖ устав фондидаги улуши 82 фоизни ташкил этади. Жамиятнинг 18 фоизи Азизхўжа Аббосхўжаевга тегишли бўлиб, у мамлакатдаги йирик фармацевтик компаниялардан бири – «Grand Pharm Trade» МЧЖ таъсисчиси (устав фонддаги улуши 60 фоиз) сифатида таниш саналади.
«Самарқанд дарвоза»да катта улушга эга «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» Ўзбекистонда 2010 йили 17 февралда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, унинг таъсисчилари Ўмон султонлиги давлат бош захира жамғармаси (75 фоиз) ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (25 фоиз) ҳисобланади.
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ кенгаш аъзолари тўғрисидаги маълумотда «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖ директори Расохон Калонхўжаев номи ҳам аъзолар қаторига киритилган.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
13:35 / 21.01.2025
Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилувчилар учун қулай шароит яратилади
21:00 / 28.12.2023
2024 йил учун ижара ҳақининг янги минимал ставкалари белгиланди
21:59 / 27.11.2022
Хитойда коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда
00:22 / 26.11.2022