Ўзбекистон | 16:00 / 03.06.2020
46827
2 дақиқада ўқилади

Андижон туман ДСИ бўлим бошлиғи устидан жиноий иш очилди

Солиқ мансабдори 106,7 млн сўм маблағни талон-торож қилганликда айбланмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Андижон туман бўлими томонидан тадбиркорлар Ф.У. ва С.Т.ларнинг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.

Бош прокуратура матбуот хизматидан Kun.uz`га маълум қилишларича, текширувда Андижон туман ДСИ таҳлил ва прогнозлаш бўлими бошлиғи Ж.Қ. қонунбузилиш ҳолатларини содир этгани аниқланган.

«Хусусан, бўлими бошлиғи Ж.Қ. жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-рақамига тўланган декларация солиғидан мавжуд ортиқча тўловларни қайтариш юзасидан сохта хулосаларни тузиб, ушбу пул маблағлари ҳисобидан қариндоши У.Қ. ва туман ДСИ ходими Р.О.нинг номларига очилган пластик карталарга 236,2 млн сўмни тушириб, шундан 129,5 млн сўмини фуқароларга қайтариб, қолган 106,7 млн сўмини эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган», – дейилади пресс-релизда.

Ҳолат юзасидан Ж.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид