Ўзбекистон | 16:31 / 03.06.2020
84304
2 дақиқада ўқилади

Сўх туманига янги ҳоким тайинланди

Фарғона вилояти Сўх туманига Сайидбаҳром Сайидмусаев ҳоким этиб тайинланди. У 2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.

Фарғона вилояти Сўх туманига янги ҳоким тайинланди.

Сўх тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев туман ҳокими этиб тайинланган.

Сайидбаҳром Сайидмусаев

Подполковник С.Сайидмусаев 1970 йилда Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган. Қувасой шаҳар ИИБ, Бешариқ тумани ИББ, Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган. У  2019 йилдан буён Сўх тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Сўх туманининг аввалги ҳокими подполковник Фаррух Усаров ҳам ички ишлар органларидан чиққан. У 2015 йилдан Қува тумани ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган, 2016 йил сентябрида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси Жиноятчиликнинг олдини олиш бўлими бошлиғига айланган. У 2019 йилдан Сўх тумани ҳокими сифатида иш бошлаган.

Қайд этиш керакки, Фаррух Усаров «Чашма» булоғида юз берган можаролардан аввалроқ лавозимидан бўшатилган. 19 май куни президент иштирокида ўтказилган видеоселекторда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилганди. Хусусан, Бўстонлиқ, Муборак, Яккабоғ, Тўрткўл, Сўх туманлари ва Оҳангарон шаҳри қаторида Марҳамат туманида ҳам тадбиркорлар томонидан эътирозлар кўплиги маълум бўлгани айтилганди. Кейинчалик ушбу рўйхатдаги туманларнинг деярли барчасида ҳокимлар ишдан олинган.

Сўх туманига 20 майдан молия ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Машрабжон Исломжонович Шарипов вақтинча ҳоким сифатида ишлаб келаётганди. 

Мавзуга оид