Нишонда 4 млрд сўмга сув иншооти қурилган ҳудудда аҳоли сувсизликдан қийналяпти. Қандай қилиб?
Қашқадарёнинг қатор ҳудудларида ичимлик суви жиддий муаммо. Аммо Kun.uz бу сафар ўрганган масала сув тармоқлари йўқлиги, иншоотлар эскириб кетгани ёки уни янгилаш учун катта маблағ талаб этилиши билан боғлиқ эмас.
Чунки шундоққина аҳоли дарвозаси олдигача водопровод тармоғи етиб келган. Одамларга сув етказиш учун аллақачон давлат томонидан тегишли маблағ ажратилганидан кейин ҳам қурилиш корхонасининг айби, ўз ишини бажармагани сабабли аҳоли сувсизликдан азият чекяпти.
Нишон туманининг «Байналминал» маҳалласида яшовчи аҳоли Қашқадарёдаги аксарият туманлар қатори ичимлик сувини ҳовузда (қудуқ) сақлайди. Ҳар бир хонадоннинг шахсий ҳовузи бўлиб, улар ичимлик суви учун ойига камида 60 минг сўм маблағ ажратади.
Дарвоқе, «Байналмилал»да харид қилинадиган сувнинг нархи ҳам икки хил: Қарши шаҳридан машинада келтириладиган «чучук сув» 120 минг сўм. Шу туманнинг сув иншоотларидан олиб келинадигани эса — 60 минг. Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, кейингисининг сифати пастроқ, лекин арзон...
Маҳаллада ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган икки қаватли уйлар бўлиб, юқори қаватда яшовчилар учун сув масаласи жуда оғир бўляпти. Чунки, сув сақлаш мумкин бўлган қудуқни ҳаво бўшлиғида қуриб бўлмайди-да.
Шокир бобо Кенжаев 79 ёшда. У киши кўп қаватли уйда ёлғиз туради. Ҳар куни уйига челаклаб сув ташийди. Сувсиз ва канализациясиз яшаш тарзидан норози отахон бизга алам билан савол қўймоқда: «Нечанчи асрда яшаяпмиз?!»
Ҳовузда ойлаб сақланадиган сувни истеъмол қилиш санитария меъёрларига зид. Қолаверса, маҳалладагилар сувдан ҳали қурбақа, ҳали калтакесак чиқишидан ҳам безор бўлишган.
Маҳаллага сув тармоғи ўтган йили «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида тортиб келинган. Фуқароларнинг айтишича, ҳудудга тоза ичимлик суви ўтган йили парламент ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайланишида бир марта, кейингиси эса жорий йилда, март ойининг бошида келган.
Туман «Сувоқова» ишлаб чиқариш корхонаси бошлиғи Равшан Бабаев ҳолатга изоҳ берди.
«Тармоқлардан ичимлик суви юбориш учун катта маблағ керак, электр энергияси сарфлаймиз ва бошқа харажатлар бор. Шунинг учун, ичимлик суви олиш учун аҳоли биз билан шартнома имзолаши лозим. Белгиланган тўлов тартиби ва қоидалари бор. Агар шартнома имзоланса, айтайлик, ҳисоблагич бўлмаган тақдирда ҳам 5 кишилик оила тахминан ойига 20 минг сўм тўлов қилишига тўғри келади. Аммо одамлар шартнома қилишни истамайди. Шунинг учун ичимлик суви беришни тўхтатиб турибмиз. Аҳоли шартномага рози бўлган куни ичимлик суви муаммоси ҳал бўлади», дейди у.
Бабаевнинг фикрига таянадиган бўлсак, «айб одамларнинг ўзида», «улар пул тўлашни хоҳламайди». Бир қараганда, муаммо жуда содда ва ечими ҳам бордек. Шу тарзда аҳолига шартнома ҳақда тушунча бериб, ўрганиш ва мақолага нуқта қўйилиши ҳам мумкин эди. Лекин, бир мантиқий савол хулоса чиқаришга тўсқинлик қилиб турибди: Наҳотки, ойига 60 минг сўм тўлаб, ҳовуздан сув ичишга рози бўлиб яшаётган аҳоли қувурлардан мунтазам оқиб келадиган, марказлашган тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишни истамайди? Ким тоза ва арзон сув турганда, қиммат ва сифатсизини танлайди?
Ғалати.
Буни қарангки, ўрганиш давомида аҳоли бирор марта ҳам шартнома ҳақида таклиф олмаганини маълум қилди. Нишон тумани ҳокими ва унинг соҳага масъул ўринбосари ҳам Равшан Бабаевнинг важини инкор этди. Муаммо асло шартномага боғлиқ эмаслиги, аҳоли жон деб шартнома тузиши мумкинлигини билдиришди.
Туман ҳокимли айни вақтда мавжуд иншоотлардан истеъмолчилар эҳтиёжига яраша сув юборишнинг техник имконияти йўқ эканини айтмоқда. Яъни, бу ишга қодир насос ўрнатилмай, қолиб кетган. Холбуки, қурилиш ташкилотлари бу иш учун давлатдан катта миқдорда маблағ олган. Аммо қурилиш ишлари охирига етказилмаган.
Соҳага масъул вилоят ташкилотларидан бири, «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ директори Шавкат Муродовдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.
Ш.Муродов Янги Нишон шаҳарчаси ва унинг атрофидаги маҳаллаларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида «Наврўз» МФЙ ҳудудидаги сувтақсимлаш иншоотини реконструкция қилиш 2018 йилдаёқ инвестиция дастурига киритилганини айтди.
Бош пудратчи сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖ танланган. Қурилиш-монтаж ишларини ёрдамчи пудратчи «Нефтгаз капитал монтаж қурилиш таъмир» МЧЖ амалга оширган. Аммо белгилаган ишлар ҳалигача ҳам тўлиқ бажарилмагани сабабли аҳоли ҳамон сувдан маҳрум.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, лойиҳада иккита юқори босимли насос ўрнатилиши ва ишлатилиши кўзда тутилган. Амалда эса фақат битта насос ишламоқда.
«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ томонидан Kun.uz’га тақдим этилган далолатномада ҳам бир қатор ташкилот вакиллари томонидан мазкур муаммо ўрганилгани маълум бўлмоқда. Далолатномада икки юқори босимли насоснинг биттаси ишламаётгани тасдиқланган. Айни кунларда уни электр тармоқларига улаш ишлари кетаётгани ойдинлашади. Далолатнома иштирокчилари мазкур ишларни тез кунларда тугатиш юзасидан ёрдамчи пудратчидан кафолат хати олишгани ҳам маълум қилинган. Мазкур ҳужжат 2020 йил 30 май куни имзоланган (ижодий жамоа муаммони ўрганган куни).
2020 йил 29 май куни эса «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ томонидан айни муаммо юзасидан Уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ҳам мурожаат хати чиқарилган. 8 май куни эса Қашқадарё вилоят сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси Тошкент туманлараро иқтисодий судига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖ устидан даъво аризаси киритган.
Даъво аризада Нишон туманидаги «Наврўз» МФЙ ҳудудида жойлашган сув иншоотини реконструкция қилиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖ ҳисоб рақамига 4 миллиард 102 миллион сўмдан зиёд маблағ кўчирилгани айтилган. Мана шунча маблағ кўчирилганига бир йилдан зиёд вақт ўтиб ҳам маҳалладагилар ўзларининг тили билан айтганда, «қурбақали», «калтакесакли» сувни ичишмоқда.
Одатда, йирик лойиҳалар ўша соҳа бўйича тажрибага эга, синовдан ўтган, олдинги лойиҳаларни ўз вақтида бажариб қўйган қурилиш корхоналарига берилади. Аммо Қашқадарёда яна бир қатор лойиҳаларнинг айнан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖга берилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳолбуки, бошқа лойиҳаларнинг ҳам аксарияти ўлда-жўлда.
2018 йил 28-29 январь кунлари Қашқадарёга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев вилоят аҳлининг ичимлик сув муаммосини тилга олган. Бу бўйича қатор топшириқлар берган. Аниқроғи, Чироқчи туманида давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоят бўйича 54та аҳоли пунктида ичимлик сув тармоқлари ва қудуқлари қуриш, реконструкция қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берилган.
Шу мақсадда вилоят бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Китоб, Чироқчи туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида сув иншоотлари қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Буюртмачи «Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» Самарқанд минтақалараро филиали, бош пудратчи – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖ этиб тайинланади.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус механизациялашган йўл станцияси МЧЖ томонидан танланган ёрдамчи пудратчилар юқорида айтилган шаҳар, туманларда 4та объектда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни охирига етказмаган. Бу табиийки, ушбу ҳудудлар аҳолисининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда (Бу ҳақда ҳам «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ айни муаммо юзасидан Уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига юборган хатида маълум қилган ва бош пудратчи бу ишларни назорат қилмагани айтилган).
Хуллас, давлат томонидан миллиардлаб маблағ ажратилган бўлса-да, ичимлик сув тармоқ ва иншоотларида чала қолдирилган ишлар сабабли аҳоли азият чекмоқда. Оғирлик уларга тушяпти.
Аслида, бу каби мурожаатларда аҳоли ва ҳокимлик ёки бирор масъул эшитилади. Аммо англашиляптики, бу вазиятда бутун механизм, тизим зарарланган. Мураккабликларнинг барчаси сунъий. Арқон жуда узун. Жавобгар ва масъулни топдингиз ҳам дейлик, ишни тугаллаб қўйиш, суд орқали давлат маблағини жойига қўйдиришни ойлаб, йиллаб кутасиз. Аҳоли эса кутаверади, кутаверади.
Шу ўринда яна бир гап. Нишондаги «Байналминал» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Ўтган йили ҳудудда нималардир қилинган. Айни вақтда туман эътиборини бошқа лойиҳага қаратгани учун байналминалликлар унутилган. Аниқроғи, у ерда давлат дастури билан амалга оширилди, деб мақтанадиган деярли ҳеч нарса йўқ.
Kun.uz ҳудуддаги сув иншоотлари тақдири ва «Обод қишлоқ» дастури билан боғлиқ мазкур вазиятни кузатишда давом этади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.
Мавзуга оид
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
09:05 / 07.11.2024