Жаҳон | 08:24 / 04.06.2020
6596
1 дақиқада ўқилади

Трамп Вашингтондаги тартибсизликлар вақтида бункерда яширингани ҳақидаги хабарларни рад этди 

АҚШ президенти Дональд Трамп 30 май тунида Вашингтонда афроамерикалик Жорж Флойд ўлими сабабли ўтган оммавий норозиликлар вақтида Оқ уй яқинидаги бункерга яширилгани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади.

Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

“Мен ўша вақтда у ерда бўлмагандим. Мен бункерга кундузи тушгандим ва бу асосан назорат учун қилинганди. Кундузи эса муаммо бўлмаганди ва бункерга тушишим унча узоқ давом этмади”, деб айтган Трамп Fox News радиостанциясига берган интервьюда.

Трамп, шунингдек, Вашингтондаги вазиятдан кўнгли тўқлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ New York Times нашри Трамп рафиқаси Мелания Трамп ва ўғли Бэррон билан бирга тартибсизликлар вақтида бир соатга яқин бункерда қолганини маълум қилганди. Нашрда маълум қилинишича, президент 29 май куни кечаси намойишчилар Оқ уй дарвозалари олдида ўрнатилган металл тўсиқларни олиб ташлашни бошлагандан кейин бункерга етказилган. 

Ўз навбатида CNN телеканали ҳам Трамп Оқ уйга қайтишдан олдин бункерда бир соатча вақт ўтказганини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид