Ўзбекистон | 21:11 / 07.06.2020
24928
3 дақиқада ўқилади

Элчихона олдидаги навбатлар, чартер рейс ва карантин — Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан суҳбат

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев хориждаги Ўзбекистоннинг айрим элчихона ва консуллик идоралари олдидаги тартибсиз навбатлар, махсус чартер рейсларни ташкил этиш ва аҳолини рўйхатга олиш масалалари бўйича маълумот берди.

Вазир ўринбосарининг Kun.uz'га билдиришича, 6 июнь ҳолатига мувофиқ, 1245 нафар ўзбекистонлик темир йўллар орқали ватанга қайтарилган. Шунингдек, майдан бошлаб ташкил этилган чартер авиарейслар орқали 15 минг 390 нафар, Ўзбекистонга бевосита қўшни бўлган мамлакатлардан 40 минг 209 нафар фуқаро, жами 56 мингдан зиёд фуқаро ватанга қайтарилган. Бундан ташқари Ўзбекистонда қолган 7 мингдан кўп хорижий давлат фуқаролари ҳам ўз ватанига қайтарилган.

Эркин Ҳамроев

«Ватанга қайтишни истаган хориждаги ҳамюртларимиз чет элдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиши зарур. Мурожаатлар асосида дипломатик ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган оператив штабда рўйхат шакллантирилади. Ушбу рўйхат Ташқи ишлар вазирлигига юборилади ва умумлашган ҳолда Республика махсус комиссиясига тақдим этилади. Комиссия ушбу масалани барча йўналишда ўрганиб чиқиб, сана белгилаб, кейин қарор қабул қилади», – дейди Ҳамроев.

Вазир ўринбосарига кўра, рўйхат шакллантириш жараёни шаффоф бўлиши учун оператив штабда жамоат комиссияси тузилган. Унинг таркибида диаспора етакчилари, жамоат арбоблари, блогерлар, тиббиёт ходимлари ва талабалар фаол ишламоқда.

«Кўпчилик таниш-билиш, деб ўйлайди. Бу эса ҳақиқатга мос келмайди. Масалан, Россиянинг биргина ўзида 100 мингга яқин ватандош Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган. Бу жойда катта баҳс бўлади. Қайси категориядаги шахсларни биринчи қайтариш керак? Демак, имконияти чекланган ва қария шахслар, оғир касаллиги бор фуқаролар ҳамда ҳомиладор, шунингдек, ёш болали аёллар ва талабаларга устуворлик берилади. Жамоат комиссияси аъзолари зиммасида катта масъулият бор. Улар ҳам қайтиши керак, лекин шу ишларни бажариб ўша ерда қолиб кетишган», – дея қўшимча қилди у.

 

Эркин Ҳамроев суҳбат давомида элчихона билан боғлана олмаётган фуқаролар норозилигига муносабат билдирди. Шунингдек, суҳбатда Қозоғистон чегарасида қолган ўзбекистонликлар, консуллик ҳаракатларини давом эттириш ва хориждаги ватандошларни моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама этилди. 

Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.

Мавзуга оид