Ўзбекистон | 18:11 / 08.06.2020
12372
18 дақиқада ўқилади

Қурилиш объектларини байрамларга топширишдан воз кечиш керак – эксперт

Канадада яшовчи ўзбек инженери Шарофиддин Қарабоев Kun.uz’га берган интервьюсида Сардоба фалокатини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси нечоғли шаффоф фаолият олиб бораётгани, қурилиш объектларини байрамларга топшириш анъанаси ва СССРдан қолган қурилиш стандартларидан воз кечиш, фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида фикр билдирди.

– Фожиа сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси фаолияти, ўрганиш жараёни қандай кечаётгани ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кам. Сизнингча, комиссия фаолияти шаффоф олиб борилаяптими? Минглаб уйлар вайрон бўлишига, ўн минглаб оилалар кўчада қолишига, миллиардлаб талафотларга сабаб бўлган фалокат оқибатлари аслида қандай ўрганилиши керак? Комиссия фаолияти ҳақида жамоатчиликка ҳисобот бериб бориши керакми ёки бунга зарурат йўқ деб ҳисоблайсизми? Сиз яшаётган мамлакат – Канадада бундай фалокатлар қай тарзда ўрганилади?

– Комиссия очиқ матбуотда ўз хулосаларини, жараён қандай бораётганини мунтазам равишда – ҳафтасига бир марта, ойда икки марта чиқиш қилиб, халққа билдириб бориши лозим. Канада каби ривожланган давлатларда бу иш шундай ташкил қилинади. Комиссиянинг иши шаффоф ташкил қилинади. У ерда эълон қилиш мумкин бўлмаган ва мумкин бўлган маълумотлар бор. Бу ҳақида ҳеч ким баҳслашмайди, лекин халқ билишга ҳақли бўлган маълумотлар ўз вақтида етказиб турилади.

Бу жараёнда журналистларнинг ҳам роли кўп. Канадада бундай фалокатлар бўлган тақдирда журналистлар комиссия аъзоларига тинчлик бермаган бўларди. Керак бўлса, иш жойига боради, иш жойидан топа олмаса, уйига боради. Уйидан топа олмаса, йўлда ушлайди, лекин маълумот олади. Ўзбекистонда ҳам матбуот бироз аччиқлашиши керак, фақат хориждаги ёки Ўзбекистондаги мутахассислар эмас, айнан комиссия таркибига кирганлар билан жонли мулоқотлар қилиши, улардан керакли маълумотларни олиши халқ учун жуда ҳам муҳим.

Ўзбекистонда кейинги даврда бўлаётган ўзгаришлар халқнинг анчагина жонланганини, маълумотга чанқоқлигини кўрсатади. Мен ёзган мақола аслида бироз мураккаб, мутахассислар учун ёзилган бўлса ҳам, 200 мингдан ортиқ одам қизиқиб ўқиган. Чунки бутун халқ фожиа сабабларини ва сабабчиларини билишни истайди. Бунда журналистларнинг роли ҳам катта бўлиши керак.

– Дейлик, тўғон қурилишига оид барча ҳужжатлар, фожиадан кейинги маълумотлар сизга тақдим этилса, масофадан туриб бўлса ҳам фалокат бўйича экспертлик хулосангизни бера оласизми?

– Шу ватан фарзанди сифатида, албатта, фойдам тегишини истардим. Шунинг учун ҳам мақола ёздим, сиз билан суҳбатлашяпман. Лекин сиз кўтараётган масала жуда ҳам жиддий.

Бу ерда иккита муаммо бор. Биринчидан, ҳуқуқий масала. Мен Канадада давлат ишида ишлайман. Икки давлат ўртасида келишув бўлмаган тақдирда бундай жараёнга аралаша олмайман.

Иккинчидан, масофадан туриб лойиҳа-смета ҳужжатлари, қурилиш ҳужжатларини ўзим текшириб, хулосани бера оламанми, деган саволга йўқ деган бўлардим. Чунки сиз мутахассис эмассиз, у ерда кўриб чиқилиши керак бўлган маълумотлар, ҳужжатлар ҳажмини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Лойиҳа-смета ҳужжатлари бир неча жилд бўлиши мумкин, бир неча юз варақ бўлиш мумкин. Уларнинг ҳар бирини синчиклаб ўрганишим, инженерлик ҳисоб-китобларимни қилишим шарт. Бу юзаки баҳо берадиган нарса эмас.

Қурилиш жараёнида ишлатилган материаллар сифатини текшириш бўйича кўплаб хулосалар бўлади – ким томонидан текширилган, қандай асбоблар ишлатилган, асбобдаги ҳар бир рақам қандай бўлган, буларнинг ҳаммаси кунлик, ойлик, йиллик ҳисоботлар шаклида тайёрланади. Бу жуда катта ҳажмдаги маълумот. Уларни кўрмасдан, текширмасдан туриб хулоса бериш қийин.

Жуда муҳим яна бир жиҳат. Хулоса берадиган одам, албатта, Сардоба сув омборига ташриф буюриши шарт. Нега? Қурилиш тугагандан кейин иншоот фойдаланишга топширилади, бу қурилиш битди, биз хулосани олдик, топширдик, комиссия қабул қилиб олгани тўғрисидаги қарор қўлимизда турибди, деб ўйлашлари мумкин. Асло бундай эмас. Давлат комиссияси бу иншоотни қабул қилиб олган бўлса, фойдаланишга яроқли деб топган бўлса, бу лойиҳаларнинг тўғри бўлганини, қурилиш жараёнлари тўғри бўлганини билдирмайди. Бу қабул қилиб олган мутахассисларнинг билими пастлигини билдиради холос.

Қурилиш 3 йил бўладими, 10-20 йил кейин бўладими, албатта, из қолдирадиган соҳа. Технология шунчалик ривожланганки, ернинг тубига 20 метр чуқурликда бетон қозиқ киритилган бўлса, ер сатҳида туриб шу қозиқнинг яхлитлигини, бирон жойи синганини, шаклини бемалол кўриш мумкин, назорат қилиш мумкин.

Бу сув омборининг ҳам бир қисми ер устида бўлса, бир қисми ер тагида. Буни жойига бориб, қурилишда ишлатилган материалларнинг сифатини текшириш мумкин. Яъни текширишларнинг бир қисми лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ҳужжатлари билан танишиш бўлса, иккинчиси инвестигейшн – қурилиш жойининг ўзида олиб бориладиган текшириш ишлари мавжуд. Шуларнинг барчасига риоя қилиниб, умумий бирлаштирган ҳолда хулоса бериш мумкин.

Шарофиддин Қарабоев

– Тўғон ўпирилишидан жабр кўрганлардан бири Kun.uz’га берган интервьюсида етти йил давомида қурилган тўғон етти йил туриб бермади деб айтганди. Жуда оғриқли гап. Ҳали ҳукумат томонидан қанча товон тўланиши, зарар қай тартибда қопланиши аниқ бўлмаган пайтда тушкунлик билан айтилган бўлса ҳам, бу ҳар қандай одамни ларзага солади. Маълумот учун: Сардобадаги сув омбори қурилиши 2010 йилда бошланган бўлиб, 2017 йилгача давом этган.

Энг ёмони, тизимдаги муаммолар ҳал этилмас экан, Сардобадаги фожиа охиргиси бўлмаслиги мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз? Ўзбекистон бу фалокатдан қандай хулосалар чиқариши керак? Юқорида бундай қурилишларни амалга оширишда лойиҳалаш, рельефни аниқлашда малакали олимлар жалб этилиши кераклиги ҳақида бир неча маротаба айтдингиз, балки шундай олимлар Ўзбекистонда йўқдир? Балки таълим тизимидаги инқироз бу муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлаётгандир? Ислоҳотни нимадан бошлаш керак?

– Саволга ўзингиз қисман жавоб бердингиз, аввало таълим тизимини яхшилашдан ишни бошлаш керак. Университетларда таълим даражасини ошириш керак. Ўқув дастурларини замонавий, ривожланаётган давлатларда қўлланилаётган дастурларга яқинлаштириш керак. Бу зарурий ишлардан бири.

Мисол, Ҳиндистон, Бангладеш, Непал каби давлатларни гапирганда кўпчилик қолоқ давлатларни тасаввур қилади. Лекин аслида бу давлатлардаги университетларда Американинг дарсликларидан фойдаланилади. Улар инженерлик соҳасини инглиз тилида ўрганади.

Ўзбекистонда ҳам ўқув дастурларини янгилаш зарурати аллақачон пайдо бўлган. Ўқув дастурларини янгилаш билан олий ўқув юртларини битириб чиқаётган кадрларнинг малакасини оширишга эришилади. Уларнинг замонавий технологиялар, асбоб-ускуналардан фойдаланиши, улар билан дизайн қилиш, лойиҳалаш имконини беради.

Сув тошишини моделлаштириш, унинг қаерга оқишини билиш мумкинми, деган савол қўйдингиз. Бу аслида жуда ҳам примитив, осон нарса. Ҳозирги технологиялардан тўғри фойдаланилса, ривожланиш катта бўлади.

Фақат ўқитиш тизимини яхшилаш билан қурилиш соҳаси ўзгариб қоладими – йўқ. Ёш, малакали, билимли кадрларни тўғри вазифа билан, тўғри иш билан таъминлаш, уларни тўғри лавозимга тайинлаш билан қурилиш соҳасида ўзгаришлар қилишга эришиш мумкин.

Бундан ташқари, қурилиш объектларин тугатиб, топширишни байрамларга тўғриламаслик ҳақида айтгандим. Чунки бу оддий мутахассисга аён нарса. Қурилиш ҳеч қандай байрамларга боғлиқ эмас. Унинг ўз қонун-қоидалари бор. Ҳар бир босқичда бажариладиган ишнинг маълум муддати мавжуд. Муддатни қисқартириш учун ишга зўр бериб тезликни ошириш билан сифатнинг пасайишига эришасиз холос. Бу тизимли муаммо.

Таклифим шундайки, Ўзбекистон бутун республикада бўлаётган қурилишлар суръатини бироз сусайтириши керак. Биз сондан сифатга ўтиш керак бўлган нуқтага етиб бўлганмиз. Ҳозирда аҳоли яшаши учун етарли уй-жой базаси мавжуд. Ишлаб чиқариш, саноат учун ҳам бинолар мавжуд, бўш турганлари ҳам бор.

Суръатни бироз пасайтириб, сондан сифатга ўтиш керак. Илгари “ура-ура”, мана шу байрамга тугатайлик, мана шунча бино қурайлик деган бўлсак, энди битта қурайлик, сифатли қурайлик деган тамойилга ўтишимиз керак. Шунда мана шундай фожиалар бўлмайди. Ўша ерда яшаётганлар ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилади. Бу бутун дунё амал қилаётган тажриба.

–Сиз яшаётган давлат бўлгани учун сўрайман. Канадада ҳам бирон объектни бирор байрамга топшириш анъанаси борми?

– Мутлақо йўқ. Бу кулгили ҳолат. Мен бу ердаги ҳамкасбларимга, дўстларимга бу ҳақида гапира олмайман ҳам, очиғи. Қурилиш шундай нарсаки, лойиҳалаш, режалаш ўз йўлига, лекин қурилиш давомида сиз ҳисобга олмаган хавф-хатарлар ёки қийинчиликлар юзага келади. Лойиҳангиз мавжуд шарт-шароитга, қийинчиликка мос равишда ўзгартирилади.

Мисол сифатида айтишим мумкин, бугунги кунда давлат аҳамиятига эга бўлган йирик иншоотларни қуриш, йирик лойҳиларни бошқариш билан шуғулланаман. Дейлик, икки йилга мўлжалланган лойиҳамиз икки йилда тугамаслиги мумкин.

Ўтган йили бўлган воқеа. Маълум об-ҳаво шароити туфайли лойиҳани тугатиш лозим деб топилмади. Бу ерда асосий қарорни мен бераман. Менга бирон вазир ёки давлат амалдори босим ўтказгани йўқ, аксинча, менинг фикрим билан ҳисоблашган ҳолда – сиз нима десангиз шу, сиз бу соҳанинг мутахассисисиз, истасангиз бу йил тугатинг, истасангиз кейинги йил тугатинг, бунинг давлат учун муаммоли жойи йўқ, дейишди. Албатта, агар мен ўша ерда сифатни назарда тутмаганимда объект бемалол бир ой ичида тугатиларди, тантаналар билан топшириларди. Бу билан мен мукофот ҳам олмайман, бажармаганлигим учун жазоланмайман ҳам. Энг муҳими, иншоотнинг сифати ва хавфсизлиги. Ёмғир мавсуми эрта бошланди. Намгарчилик бўлгандан кейин қурилишни тўхтатишга мажбур бўлдим. Буни чиройли қилиб исботлаб, тушунтириб берганимдан кейин ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

Ўзбекистон ҳам шундай йўл тутиши керак. Бу байрамга бўлмаса, кейингисига бўлар. Унга ҳам бўлмаса, оддий иш кунига бўлар. Энг муҳими, хавфсиз ва сифатли иншоотларни қуриш. Бу мамлакат ва халқнинг турмушини яхшилашга хизмат қилади, деган умиддаман.

– Бу сўзлардан кўринадики, маъмурий-буйруқбозликдан воз кечишимиз керак. Ҳар бир иш ўз усталарига қўйиб бериш керак экан. Ўзбекистонда қурилиш деганда кўпчиликнинг кўз олдига коррупция келадиган бўлиб қолган. Қурилишни коррупциядан холи тизимга айлантириш мумкинми? Қурилиш сифати қандай назорат қилиниши керак? Бу борада Канадада ишлар қандай йўлга қўйилган? Биздаги муаммолар нима учун у ерда кузатилмайди?

– Қурилишдаги коррупция бўйича менда аниқ маълумотлар йўқ, мен изоҳ бера олмайман. Фақат тахминлар қилишим мумкин. Корруциянинг олдини олиш учун энг яхши механизм бу шаффофлик, очиқлик. Канадада лойиҳа қиймати 25 минг доллардан ошса, шаффоф, очиқ тендерлар асосида ўтказилади.

Билсангиз, 25 минг доллар Канада учун ёки унинг бирор провинцияси, корхонаси учун жуда ҳам арзимаган маблағ. Шундай бўлса ҳам, таниш-билишчилик, коррупциянинг олдини олиш учун очиқ тендер орқали қилиниши шарт, деб қонунда белгиланган. Канадада шунга риоя қилинади. 

Тендерда кимга беришни ҳам ҳеч қачон битта инсон ҳал қилмайди. У ерда ишчи гуруҳ тузилади, улар турли соҳа вакиллари бўлиши мумкин. Улар иш ва қариндош-уруғчиликни аралаштирмайдиган инсонлар. Улар бир-бирини таниса-да, ҳамкорлик қилиш имконияти бўлмаган инсонлардан ташкил топади. Биргаликда кўриб чиқиб, хулоса берилади. Асосан бу хулосалар тўғри бўлади, лойиҳалар энг сифатли ва арзон қурадиган компанияларга берилади.

Канадада сифат қандай назорат қилинади? У ерда сифат ва хавфсизлик масаласи энг юқори нуқтага олиб чиқилган. Ҳар қандай қурилишда биринчи навбатда сифат, иккинчи навбатда хавфсизлик туради. Бу каби йирик иншоотлар қурилиши учун, унинг сифатини назорат қилиш учун махсус инженеринг компанияси жалб қилинади. Булар учинчи томон, на буюртмачига, на ижрочига алоқаси бор компаниялар бўлади. Улар бетараф, ишини холис бажаради.

Бир суҳбатда эшитганим, Ўзбекистонда 4 даражали сифат назорати мавжуд, деб айтилди. Яъни биринчиси лойиҳачи томонидан қилинадиган назорат. Иккинчиси, техник назорат, айнан қурилиш олиб бориладиган жойда текшириш олиб борадиган инсонлар. Учинчиси давлат комиссияси, улар қабул қилишади. Тўртинчиси, пудратчининг сифатни текширадиган ўз ходимлари томонидан амалга оширилади, дейилди.

Мен учун бу масала бироз чигал туюлди. Тўрт даражадаги назорат тизими бир-бирига конфликт, келишмовчилик келтириб чиқармайдими? Лойиҳа ва қурилиш сифатига алал-оқибат қайси бири жавобгар ҳуқуқий томондан? Биз яхши текширдик, улар яхши текширмаган, деган нарсалар келиб чиқмайдими?

– Бу тизим гўёки жабрдийда одамларни топиш, шунақа ҳолатлар юз берганда кимнидир жавобгар қилиш учун ўйлаб топилганга ўхшайди-я?

– Шундай деган бўлардим. Назоратчи кўпайса, жавобгар одам бўлмайди. Назоратчи қанча кўп бўлса, жавобгарни топиш мураккаблашади. Канадада бу тизим жуда ҳам содда. Сифат назорати ва суғурта назорати деган нарса бор. сифат назоратида пудратчи учинчи томон – инженеринг-консалтинг компанияларни жалб қилади. У лойиҳачи ёки шу соҳага мос бошқа компания бўлиши мумкин. Ва буюртмачининг ўзининг сифатни назорат қилиш тизими, бўлди. Бошқалар рол ўйнамайди. Иккисининг фаолияти етади. Сифатни назорат қилувчи учинчи томон мутахассислари ва технологиялари билан сифатни назорат қилади.

Мисол учун, катта иншоот қуряпсиз – 30 қаватли бино. Унда темир-арматура ишлатилади. Темир-арматуралар бир-бирига пайвандлаб уланади. 30 қаватли бинода юз минглаб пайвандланган нуқталар бор. Ҳар бир нуқта 3-4 хил усулда текширилади. Химикатлар ёрдамида пайванд нуқталари орасида бўшлиқлар қолган-қолмагани текширилади. Яхлитлигини бузмаган ҳолда рентгенга ўхшаган қурилмалар билан пайванд сифати текширилади.  

Ҳар бир нуқта учун рақамлар берилади, муаммо бўлганда, қайси пайванд нуқтасидан муаммо чиққани кўрилади. Ким у ерни пайвандлаганини топиш мумкин бўлади. Мен ҳали лойиҳа муаллифлари ҳақида гапирмаяпман. Оддий ишчиларнинг хатосини топиш ҳам жуда осон. Сифат шу даражада назорат қилинади.

Фақат фожиа рўй бергандан кейин чора-тадбирлар кўриш эмас, фожиаларнинг олдини олиш тўғрисида чуқур ўйлаб кўрадиган ислоҳотлар ўтказиш вақти келди. Сондан сифатга ўтиш нуқтасидамиз. Қурилиш давом этаётган объектларда қурилиш суръатини пасайтириб, асосий эътиборни сифатга қаратиш керак.

Иккинчи масала, ўқув юртларида муҳандислар тайёрлаш дастурларини янгилаш, таълим сифатини ошириш керак бўлади. Малакали кадрларни ўз жойига тайинлаш, ҳар бир соҳани ўз профессионали бошқаришига йўл бериш керак. Иқтидорли, билимли ёшларга йўл бериш керак.

Бундан ташқари, инженерлик касби нуфузини юқорига кўтариш керак. Канадага биринчи келганимда бу ерда инженерларнинг нуфузи нақадар баландлигини кўриб, таажжубланганман. Бу ҳолат Ўзбекистонда ҳам бўлиши керак. Инженерлар лойиҳалашдан бошлаб, қурилишгача сифатни назорат қилишда, битган объектларни қабул қилишда асосий инсонлардан бўлиши керак. Амалдорларнинг кўрсатмалари билан эмас, мутахассислар тавсиялари асосида қарорлар чиқаришни ўрганишимиз керак.

Ўзбекистонда стратегик, йирик лойиҳаларни бошқариш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишни ташкил қилиш шарт. Бу лойиҳаларни бошқариш ҳам бир санъат. Мутахассис амал қилиши керак бўлган билим ва қоидалар кўп. Лойиҳаларни профессионаллар бажарса, келажакда бундай хатоларга йўл қўйишдан сақланамиз, булар қурилиш сифатини яхшилашга, битган иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлашга, уларнинг амал қилиш муддатини оширишга эришамиз.

Шаффоф тендерлар ўтказиш муҳим ўрин тутади. Буни ҳам ташкил этиш шарт. Коррупция, таниш-билишчиликнинг олдини оладиган энг оддий, энг ишончли йўллардан бири шу.

Қисқаси, Ўзбекистон ҳукумати қурилиш вазирлиги фаолиятини ва қурилиш соҳасини ислоҳ қилиши шарт. Агар Ўзбекистонда етарли мутахассислар бўлмаса, чет элдан керакли кадрларни чақириб, уларнинг билимидан фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистонда қурилиш стандартлари қайси даврга хос эканлигини билмайман. Бу СССРдан қолган стандартлар бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, уларни хориж тажрибаси билан таққослаб, ўрганиб чиқиш, зарурат бўлса, стандартларни янгилаш ҳам соҳада сифатни оширишга имкон беради.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид