Жамият | 00:01 / 10.06.2020
18583
2 дақиқада ўқилади

Автобуслар қатнови тикланди — карантинга тўлиқ амал қилинмаяпти

8 июндан Ўзбекистоннинг "сариқ" ва "яшил" тоифага киритилган ҳудудларида, хусусан Тошкентда автобус йўналишлари фаолияти тикланди.

Душанба кундан бошлаб пойтахтда 131та йўналишда ҳаракатланувчи жами 1067та автобус линияларга чиқарилган.

Махсус комиссия қарорига кўра, автобуслар охирги бекатларида доимий равишда ҳар бир қатновга жўнашдан олдин тўлиқ дезинфекция қилиниши шарт.

Автобуслар салонига эса фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчилар чиқарилади.

Kun.uz мухбири пойтахт йўлларида қатнай бошлаган автобусларда карантин тартибига қанчалик амал қилинаётгани билан қизиқди. 

Автобусларда йўловчилар унчалик кўп эмас.

Одамларни кузатар экансиз, уларда карантиндан аввалги кайфиятни тополмайсиз. Одамлар ўзгарган. Уларнинг кўзларида карантин хавотири сезилади.

Шундай бўлса-да, карантин қоидаларига ҳамма ҳам амал қиляпти деб бўлмайди. Ижтимоий масофа сақланаётгани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда қуйидаги сурат тарқалди. Ё 8, ё 9 июнь куни Тошкентда олинган ушбу суратда автобус ичида зич туриб олган одамларни кўриш мумкин.

«Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, автобуслар ҳаракатининг дастлабки кунларида айрим йўналишларда карантин қоидаларини қўпол равишда бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» аҳолини ҳушёрликка чорлаб чиқди.

SARS-CoV-2 вируси аҳоли орасида ҳам кенг тарқалмоқда. Санитария қоидаларига бефарқ қараманг!

Мавзуга оид