Жамият | 12:50 / 10.06.2020
5651
3 дақиқада ўқилади

ДХХ қарийб 22 000 дона «Трамадол» таблеткасини мусодара қилди

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 21 981 дона “Трамадол” таблеткаси мусодара қилинди.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳридан Қўқон шаҳри томон ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина Данғара тумани ҳудудида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 11 000 дона “Трамадол” таблеткаси борлиги ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган Қўқон шаҳрида яшовчи шахслар А.Ҳ. ва М.Ё.га тегишли эканлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқаро томонидан Қозоғистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу дори воситалари келгусида Қўқон шаҳрида сотилиши керак бўлган.

Шунингдек, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимларининг ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Тўрткўл туманида ўтказган тезкор тадбири давомида “Бўстон - Қирққиз” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Нексия-3” русумли автомашина тўхтатилиб, текширилди.

Автомашина кўздан кечирилганда унда Б.Б. ва У.С. борлиги, автомобилнинг олд ўриндиғи остида эса сотиш мақсадида олиб кетилаётган 9 985 дона “Трамадол” дори воситаси борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари қозоғистонлик шахслар томонидан Тахтакўпир туманига контрабанда йўли билан олиб ўтилган ва аввалдан келишилган яширин жойга қолдириб кетилган. 

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида чегараолди ҳудуддаги яширин жойдан дори воситаларини олиб, Б.Б. ва У.С.га етказиб берган маҳаллий чўпон Т.В. ҳам ўз яшаш манзилида қўлга олинди. 

Бундан ташқари, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Нурота тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Ж.Б. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда, автомашина салонида 996 дона “Трамадол” дори воситаси борлиги аниқланди ва холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 21 981 дона “Трамадол” таблеткаси мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 878-сонли қарорига мувофиқ “Трамадол” дори воситаси гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид