Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иккиюзламачиликнинг учинчи юзи. «Давактив» агентлиги нимага раддия берди?
Давлат активларини бошқариш агентлиги Kun.uz'да эълон қилинган, Тошкент шаҳри марказидаги 2та йирик бино ҳеч қандай тендерсиз ноль қийматда хусусийлаштирилаётгани ҳақидаги мақолага раддия берди.
Агентлик «давлат объектлари ҳеч қандай тендерсиз хусусий секторга ноль қийматида бериб юбориляпти, деган асоссиз фикрларни қамраб олган турли материаллар» тарқаганини иддао қилади.
«Шаҳар кўркини бузиб турган бинолар»
Аввало, агентлик мақолада таъкидланган вазиятни инкор этмаган. Амир Темур хиёбони яқинидаги, ноль қийматда ва танловсиз хусусийлаштирилиши кутилган икки бино эса «шаҳар кўркини бузиб тургани»ни билдирган.
«Агентликка айнан ушбу объектларга «Forsa Barsa» МЧЖ томонидан 5 йил муддат ичида 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, уларни тўлиқ реконструкция қилиш мажбуриятини олган ҳолда объектлар негизида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш ва камида 150та янги иш ўрнини яратиш шарти билан тўғридан-тўғри сотиб олиш бўйича мурожаат келиб тушган. Лекин бу таклифлар рад этилган. Ушбу объектлар оммавий савдолар орқали сотилади. Ва энг яхши таклиф берган инвестор унга эга бўлади», – дейилади раддияда.
Аммо маълум бўлишича, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ўзи биноларни юқоридаги шартлар билан хусусийлаштириш бўйича ҳукуматга ҳужжат лойиҳасини тақдим этган. Унинг таклифлари эса Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан рад этилган.
«Ушбу фармойиш лойиҳаси «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар талабларига мослаштирган ҳолда ва тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида объектни танлов савдолари орқали хусусийлаштириш талаби киритилгандан сўнг қабул қилиниши лозим ҳисобланади», – дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси тайёрлаган хулосада.
Бундан кўринадики, Давлат активларини бошқариш агентлиги аслида қонун талабларини бажармай, халқ манфаатларига зид равишда биноларни хусусийлаштириш таклифини илгари сурган. Аммо раддияда бу ҳақда маълумот аниқлаштирилмаган, аниқроғи агентлик ўз фаолиятидаги камчиликларни ошкор этмасликни маъқул топган.
«Мубин Ўтбосаров бизнинг вакил эмас»
Илк мақолада номи зикр этилган «Dinus non» МЧЖ директори А.Акромхўжаев таҳририятга эътирознома юбориб, мақолада келтирилган айрим маълумотларни инкор этди.
Унинг билдиришича, биноларга эга чиқаётган «Forsa Barsa» МЧЖ таъсисчиси Мубин Ўтбосаровнинг «Dinus non» МЧЖга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
«Мубин Ўтбосаров бизнинг корхонада ишламаган ҳамда корхона таъсисчиларига ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирамиз.
Шунингдек, мақолада Ўтбосаров айрим расмий ташкилотларда «Dinus non» МЧЖ ҚК вакили сифатида кўрсатилгани ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки бизнинг корхонамиз таъсисчилари ва раҳбарлари томонидан унга бундай ваколат берилмаганини расман маълум қиламиз», – дейилади таҳририятга йўлланган эътирозномада.
Аммо «Тошкент» республика фонд биржаси эмитентлари тўғрисидаги маълумотда чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки кузатув кенгаши аъзоси Мубин Ўтбосаров «Dinus non» ҚК вакили экани билдирилган.
«Dinus non» МЧЖ ҚК директори имзолаган эътирозномада корхона директори ўринбосари Ҳабибулло Йўлдошев тўғрисида келтирилган маълумотлар ҳам хато экани иддао қилинган.
Таъкидланишича, мақола эълон қилинган даврда Йўлдошев «Хоразм шакар» қўшма корхонаси кузатув кенгашида аъзо бўлмаган. Лекин очиқ манбаларда унинг аъзолиги қайд этилган, аммо ушбу даврлар аниқ билдирилмаган.
Алишер Рўзиохунов