Ўзбекистон | 15:12 / 10.06.2020
15832
3 дақиқада ўқилади

Когонда бозор қурилишида салкам 600 млн сўм талон-торож қилингани аниқланди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: REUTERS/Mukhammadsharif Mamatkulov

Когонда деҳқон бозори қурилишидаги талон-торожликлар фош этилди

Бухоро вилояти Когон шаҳрида «С.Қурилиш» УК собиқ раҳбари М.Қ. «Соҳибкор деҳқон бозори» МЧЖда қурилган савдо дўконлари учун тўловлар тўлиқ тўлангани тўғрисида сохта маълумотларни тузиш орқали фуқаролар номига савдо дўконига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олишга эришиб, «С.Қурилиш» УК манфаатларига 593,4 млн сўм зарар етказгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан М.Қ. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Терговга қадар текширув Департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган.

Сергелида ўзини тендер ғолиби деб таништирган фирибгарнинг алдовлари фош бўлди

CТошкент шаҳар Сергели туманида фуқаро Д.И. «Z.F.» МЧЖ раҳбари Ж.М.нинг ишончига кириб, 10 млрд сўмлик кўп қаватли турар-жой биноларини қуришда тендер ғолиби бўлгани ва уни ушбу қурилишга жалб этиши ҳақида ваъдалар бериб, 112 млн сўмлик 112 бош чорва молларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Д.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Терговга қадар текширув Департаментнинг Сергели тумани бўлими томонидан ўтказилган.

Марғилонда мансаб ваколатини суиистеъмол қилган директор ўринбосари ушланди

Марғилон шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари М.А. маҳаллага жамоатчилик асосида мавсумий ишга жалб қилинган фуқаролар фаолиятини текширишда аниқланган камчиликларни расмийлаштирмаслик эвазига 2,2 млн сўм пора талаб қилиб олиб, Фарғона вилояти бандлик бош бошқармасининг хизмат автомашинасини таъмирлаётган уста О.га таъмирлаш харажатлари учун берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан М.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда, «Ч.» МФЙ раиси ўринбосари З.нинг мурожаатига асосан ўтказилган.

Мавзуга оид