Жамият | 00:05 / 12.06.2020
5325
3 дақиқада ўқилади

«Шаффоф ва аноним»: ТДЮУда барча жараёнлар электрон шаклга ўтиши эълон қилинди

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент давлат юридик университети электрон форматга ўтади – университетда барча жараёнлар электрон кўринишда амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистоннинг янги юридик таълими: кадрлар тайёрлашда янгича ёндашув» мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

ТДЮУ ректори Раҳим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, электрон университет лойиҳаси Жаҳон банкининг 140 минг доллар миқдоридаги грант маблағи асосида амалга оширилмоқда.

«Электрон университет платформаси асосида таълим муассасасидаги барча жараёнлар электронлаштирилади. Талабаларнинг давомати, ўқитувчиларнинг келди-кетдиси, ўқув жараёнлари, имтиҳонлар, ўқиш билан боғлиқ маълумотномалар олиш, ҳужжат айланиш жараёнлари – барчаси электрон тизимга ўтказилади.

Бу тизим турли суиистеъмоллик ҳолатларини, ўқитувчи-талаба, ўқитувчи-декан орасидаги ортиқча контактларни бартараф этади», дея Ҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Раҳим Ҳакимов / Архив фото: KUN.UZ

Электрон университет лойиҳасига кўра, ҳар бир талаба, ўқитувчи ва ходимнинг ўз логин-пароли, шахсий кабинети бўлади.

Талабалар шахсий кабинетда дарс жадвали, контракт тўловидан қарздорлиги, давомати, қандай камчиликлари борлиги, фанлардаги ўзлаштириш даражаси ва баҳолари – ўзи учун керакли барча маълумотларни ола олади.

Шунингдек, бу платформада ягона дарча тамойили асосида ишлайдиган талабаларга хизмат кўрсатиш маркази мавжуд.

«Талабага бирон маълумотнома, ҳужжат керак бўлса, деканат, кафедра эшиги олдида туришига тўғри келарди. Электрон университет тизимида бу каби амалларни электрон тарзда бажариш мумкин.

Имтиҳонларда ҳам тизим автоматик тарзда ишлайди. Талабалар ёзма ишларни компьютерда ёзишади. Бунинг учун ҳам алоҳида компьютерли аудиториялар жорий қилинмоқда. Жараён видеотасмага туширилади. Компьютер ишларни автоматик равишда пароллайди. Ҳеч кимнинг аралашувисиз унга идентификация кодини беради ва ўқитувчи қайси талабанинг ишини текшираётганини билмайди. Компьютернинг ўзи ҳар бир ўқитувчига иш юкламасидан келиб чиққан ҳолда ишларни тақсимлайди.

Ўқитувчи текширгандан кейин жавоблар автоматик равишда ҳам талабага, ҳам деканатларга етказилади. Яъни ўқитувчи ва талаба ўртасида контактга йўл қўйилмайди. Барчаси шаффоф ва аноним», деди Раҳим Ҳакимов 11 июнь кунги брифингда.

Мавзуга оид