Ўзбекистон | 01:50 / 13.06.2020
18521
4 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири: «Коронавирусни аниқлаш учун биз ишлаб чиққан тест хорижникидан қолишмайди»

Президент Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида янгидан барпо этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги биносига ташриф буюрди.

Бу ерда нафақат беш қаватли бинонинг, балки ҳовлидаги ҳар бир нуқтада инновацион ғоялар сезилиб туради. Бино биргина вазирлик учун эмас, балки янги ғояларга қизиққан ҳар бир инсон, айниқса талабалар шаҳарчасидаги илмни амалиётда қўллаш истагида бўлган ёшлар учун хизмат қилиши мўлжалланган.

Янгича кўриниш ҳосил қилган бинонинг биринчи қаватда кўргазмалар зали, ўзига хос амфитеатр, ёш ихтирочилар хонаси, ахборот бўлими, электрон кутубхона, қаҳвахона, фуқаролар қабулхонаси жойлашган.

Иккинчи қаватда Инновацион ишланмаларни жорий этиш маркази, робототехника ва мехатроника, интернет дастурлари бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилган. Бинода аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича ўқув лабораториялар ҳам фаолият кўрсатади. Боғда фаввора, ёзги амфитеатр, тақдимот майдончалари барпо этилган.

Давлат раҳбари ташрифи доирасида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов журналистларга интервью берди. Kun.uz мухбир вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов

«Президент барча шароитни яратиб берди, энди биз ўзимизни кўрсатишимиз керак»

– Президентимиз соҳага эътибор қаратиб, алоҳида вазирлик сифатида ташкил этилганимизга 3 йил бўлди. Биздан кўп сўрашади – нега ишларингиз кўринмаяпти, деб. Аввало, суриштирганимизда инновация сўзини нафақат оддий юртдошларимиз, балки олимларимиз ҳам ҳар хил тушуниши маълум бўлди.

Қолаверса, биз тарқоқ фаолият юритдик. Давлат раҳбарининг соҳага оид барча жараённи бир жойга жамлаш ғояси билан барча шароитларга эга биноли бўлдик. Энди ишлаб ўзимизни кўрсатадиган пайт келди. Вазирлигимиз бевосита инновацион ғоялар туғиладиган жойга – Талабалар шаҳарчасига жойлашди.

Эътибор берган бўлсангиз, янги биномиз худди НУЖга ўхшайди. У худди ўзга сайёрадан келиб шу ерга қўниб, энди инновацион ғояларни ўзига жалб қилаётганга ўхшаш маъно бор бунда.

«Коронавирусни аниқлаш учун биз яратган тест хорижникидан қолишмайди»

– Пандемия даврида вазирлигимиз томонидан коронавирусга қарши яратилган тест 99 фоиздан ортиқ аниқликни кўрсатди ва бу борада хориж тестларидан қолишмайди. Лекин биз хориждан 17 долларга харид қилинаётган тестларни 8 доллардан тайёрлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширдик. Бу тестлар амалиётда муваффақиятли қўлланилди.

Ҳозир бу тестларни такомиллаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш устида ишлаяпмиз. Ишқилиб маҳсулотимизга ҳожат қолмасин, лекин бу касалликка қарши курашда биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшяпмиз.

Натижаларни иқтисодиётга олиб чиқиш ҳалигача муаммо

– Мен ўзим олимлар орасида бўлганман, бошқарув соҳасида ишламаганман. ФА вице-президенти бўлган пайтларим давлат раҳбари энг катта муаммомиз илм-фан натижаларини иқтисодиётга татбиқ этиш эканини тушунтирганлар. Бу нарса ҳали ҳам ҳамма давлатларда муаммо, жуда ҳам қийин ечими. Чунки буни ечишнинг барчага тўғри келадиган аниқ бир механизми йўқ. Қачон бозор бўлса, талаб бўлсагина ишланмалар сотилади.

Ишланмалар ўзини қопламаслиги риски туфайли тармоқлар уларни қўллашга қўрқади. Президент бу нарсага тизимли ёндошмасак бўлмайди, дея топшириқ берганлари ортидан 2017 йилда мана шу жойда Инновацион ривожланиш вазирлигига тамал тоши қўйилганди.

Ташриф давомида:

  • «Мамлакатимиз юқори технологик соҳалар бўйича дунёдан ортда қолиб кетган. Барча соҳаларни модернизация қилиш, жаҳон билан ҳамқадам бўлиш учун Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиб, шундай шароитлар яратдик. Бу жамоа йил якуни бўйича бу борада аниқ амалий натижаларни кўрсатиши керак», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
  • Президент видеоалоқа орқали вазирликнинг «Илғор технологиялар маркази» мутахассислари билан мулоқот қилди. Вазирликка берилган ваколат ва яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш, ишланмаларни соҳа ва тармоқларга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.

 

Мавзуга оид