Жамият | 18:55 / 14.06.2020
21291
10 дақиқада ўқилади

Қўғолидаги мактаб стадионида қурилиш бошланди. Стадион вазирлик рухсатисиз олиб қўйилган

Қўғоли қишлоғи ёшлари ўзлари ўқиётган мактабда ҳам спорт зали бўлишини орзу қилишарди. Лекин энди уларни учта қишлоқ ёшлари футбол ўйнаб келган катта стадиондан ҳам айиришмоқчи.

Мактаб стадиони бошқа мақсадда фойдаланиш учун бериб юборилаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш учун Фарғона вилояти Боғдод туманининг Қўғоли қишлоғига бордик.

Таҳририятга юборилган арзномада қишлоқ аҳолиси ҳудуддаги 23-умумтаълим мактабининг стадиони ҳудудида боғча қурилиши бошланганидан норози эканини билдиришган.

Қўғолида бизни юз нафарга яқин ёшлар кутиб олишди. Қишлоқда спортга, айниқса футболга қизиқиш катта: 2013 йили маҳалла ҳашар йўли билан бунёд қилган 23-мактаб стадионининг чими яхши, катталиги ҳам рисоладагидек. Шунинг учун бўлса керак, қўшни Болғали ва Ирғоли қишлоқлари ёшлари ҳам футбол ўйнагани келишар экан.

23-мактабнинг спорт зали йўқ. Жисмоний тарбия дарслари ҳам мана шу стадионда ўтилади. Йил бўйи мунтазам равишда турли мусобақалар ташкил этилади. Бироқ айни пайтда стадион ҳудудига мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошланибди. Севимли ўйингоҳидан айрилиб қолаётган ёшлар эса ташвишга тушган.

«Стадион ўз ўрнида қолиши керак»

Биз суҳбатлашган маҳалла фуқаролари бир фикрда якдил: улар боғчани бошқа жойга қуриш кераклигини айтиб, стадион ўз ўрнида қолишини исташмоқда.

«Мен 23-мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Мактабимиз футбол майдони ўлчамлари бўйича спорт иншооти талабларига жавоб бера оладиган иншоот. Учта қишлоқ ёшлари шу ерда футбол ўйнайди.

Айни пайтда бу жойда боғча қурилиши бошланди. Мана, қўлимдаги кадастр ҳужжатларини кўришингиз мумкин. Майдон мактаб балансида туради. Болалар учун стадионни олиб қолиш зарур.

Мактабнинг спорт зали йўқ. Қиш мавсумида спорт дарсларини хонада ўтказамиз. Қуёшли кунларда эса мана шу спорт майдонида.

Ўтган йилдан бери боғча қурилиши ғалваси бошланган. Икки ҳафтадан бери эса қурилиш қизғин тарзда бошланиб кетди. Бошида боғчага 30 сотих ер ажратилиши айтилганди. Энди билсак, туман ҳокимининг қарори бўйича 60 сотих экан. Қайтариб айтаман, ўқувчилар ва маҳалла ёшлари учун стадион ўз ўрнида қолиши керак», – дейди ўқитувчи Аҳрорбек Хайдаров.

«Бу жой мактабнинг мулки бўлгани учун мактаб ихтиёрида қолиши керак. Тўғри, қишлоққа боғча ҳам керак, лекин боғчанинг эски ўрни бор. Ўша ерга қуриш имконияти борми, шу масалани кўриб чиқишлари керак.

Бу боғчани ким қуряпти, қурувчиси ким, буни билмаймиз. Ҳозирги пайтда қурилиш бошлаб, стадионнинг ярмини эгаллаган.

«Қолган ярмидан мини футбол майдони сифатида фойдаланса бўлаверади», дейишди. Қишлоқ атрофида мини-футбол майдонлари бор, улардан фойдаланиб келишяпти. Лекин бу майдонда олдиндан 3тадан ортиқ қишлоқ ёшлари футбол ўйнаб келишган.

Майдон ўрни сақлаб қолиниши керак. Ҳозирги пайтгача Қоракўл, Болғали, Ирғоли ва Қўғали қишлоғининг ёшлари турли мусобақаларни шу стадионда ўтказишган», – дейди маҳалла оқсоқоли Олимжон Эрматов.

Қўғали қишлоғида аксарият аҳоли мавсумий ишда ишлайди. Яъни эрта баҳордан ишга кетиб, кузда қайтишади. Қиш мавсумида эса ҳамма бекорчи. Вақтини зое кетказмасдан спорт билан шуғулланади.

«Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга барча шароитлар яратиб берилиши кўрсатилган. Лекин бизда 3та қишлоқ ёшлари футбол ўйнайдиган стадион йўқ бўлиб кетяпти.

Стадион ўрнига боғча қуриш ишлари бошланди. 2019 йил август ойидан бери қишлоғимизнинг энг долзарб муаммоси шу. Қишлоғимизда шу масала бўйича 2-3 марта мажлис бўлди. Туман ҳокимлигига янги боғча қуриш учун мактабнинг ёнидаги бўш ер ёки эски боғчанинг ўрни хақида таклифини бердик. Бироқ бу таклиф инобатга олинмади.

Стадионнинг ўрнига боғча қурилса, бугунги ёшлар, келажакда фарзандларимиз қаерда шуғулланади, қаерда футбол ўйнайди?

Мактабимиз қурилаётган пайтдаги лойиҳада спорт зали бор эди. Лекин қурилмай қолиб кетди. Қачон спорт зали бўлади? Нима учун шу пайтга қадар туман ҳокимлиги мутасаддилари буни ўйламаган?» – дейди қишлоқнинг фаол ёшларидан бири Умиджон Ҳабибуллаев.

23-мактабда спорт зали йўқлиги сабаб, ёғинли кунларда жисмоний тарбия дарслари синф хоналарида шахмат-шашка ўйнаш билан ўтади. Ўқувчиларнинг энг катта орзуларидан бири – уларнинг ҳам таълим даргоҳида спорт зали бунёд этилишидир.

МФЙ раиси: «Стадион мактаб балансида эмас, маҳаллага эса боғча зарур»

Стадиондаги қурилиш ишлари жадал бошланган. У ерда биз изоҳ олишимиз мумкин бўлган бирор мутасадди топилмади. Шундан сўнг қишлоқдаги таъмирталаб мактабгача таълим ташкилотини бориб кўрдик.

Бинони реконструкция қилиш учун тайёрлашган, лекин ер майдони кичиклиги учун Дастур асосидаги боғчани стадионга қуриш лозим топилган. Эски боғча биносини кўздан кечираётганимизда Қўғоли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳмон Абдуллаев билан учрашдик.

«Айни пайтда маҳаллада 475 нафар тарбияланувчи учун боғчага талаб бор. Қаерга жойлашим мумкин? Бошқа жой йўқ. Эски боғча майдони 17 сотих. Кичиклик қилади.

Спорт майдони мактаб балансида эмас. Балансда бўлганида, ҳоким қарор чиқариб бера олмаган бўларди. Туман кадастр бўлимидан далолатнома олинган. 30 сотих ер ажратиб берилиши бўйича мактабдан рухсатнома ҳам олганмиз.

Кадастр бўлимига борганимизда, бу жой туман ҳокимининг захира ери, деб кўрсатишди. 2013 йилда деҳқон хўжалиги ташкил қилинаётган пайтда ҳоким қарори прокуратура томонидан бекор қилинган. Ўша пайтда ҳокимият захирасидаги ер ҳисобланган», – дейди маҳалла оқсоқоли.

Маҳалла раиси Боғдод туман ҳокимининг мактабгача таълим ташкилоти бино-иншоотларини қуриш ҳақидаги қарорини кўрсатди.

Бағдод туман ҳокими қарори қонунийми?

Боғдод туман ҳокимлигига бориб, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёржон Холдаров билан учрашдик.

Мутасадди Қўғоли қишлоғида боғча ёшидаги болалар сони кўплиги, ҳудудда мактабгача тарбия муассасасига талаб катталиги учун давлат дастури асосида боғча қурилаётганини билдирди.

Бизга мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун туман ҳокимлиги томонидан чиқарилган ҳужжатлар йиғиндиси билан танишмоқчи эканлигимизни айтдик. Ҳоким ўринбосари туман архитектура ва кадастр бўлими масъулларини чақирди.

«Мактабгача таълим муассасаси қуриш учун туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи хулосасига кўра, Қўғали қишлоғида 619-контурда туман захирасидаги бўш турган ерга Дастур асосида давлат мактабгача таълим муассасасини қуриш учун 2019 йилда туман ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Қарор қабул қилинишидан олдин, 2013 йилда бу ер туман захирасига қайтарилган. Мактаб ҳудудида қолган қисмига ҳам стандарт ўлчамдаги стадион қурса бўлади. Боғча қурилиши учун туман кенгашидан розилик хати бор. Халқ таълими вазирлигидан розилик хати олиниши керак. Ҳужжатлар йиғиндисида ҳақиқатан ҳам ўша ҳужжат йўқ», – деди Ермулккадастр давлат корхонаси Боғдод тумани филиали бошлиғининг ўринбосари Маъруфжон Қодиров.

Туман архитектура ва қурилиш бўлими ходими Ғайратжон Тошматов, Қўғоли қишлоғидаги эски боғча майдони 17 сотихдан иборат бўлгани сабабли, давлат дастури бўйича қурилаётган 120 ўринли боғча қурилишига камлик қилганини айтди. Шу сабабли мактабгача таълим муассасасини қуриш учун мактаб стадионидаги жой танланган.

Кадастр ва архитектура ходимлари бизга туман ҳокимининг «Мактабгача таълим ташкилоти бино иншоотлари қурилиши учун ер майдони танлаб ажратиб бериш тўғрисида»ги туман ҳокимининг 2019 йил 2 сентябрдаги 5008-сонли қарорини ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги доимий комиссия қарорларини тақдим қилишди.

Улар орасида 23-мактаб стадионидаги ер майдонини захирага олиш ҳақидаги ҳоким қарори ва асосий ҳужжатлардан бири – Халқ таълими вазирлиги розилик хати мавжуд эмас эди.

Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 10-бандига кўра, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади.

Ҳужжатлар йиғиндиси билан танишиш асносида масала мутасаддилар томонидан албатта чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиқилмаганини англадик. Чунки бизга тақдим қилинган 2014 йилги кадастр ҳужжатларида стадионга ажратилган ер майдони  23-мактаб балансида эканини кўрсатиб турарди.

Туман ҳокимлигига қайсидир ҳужжат камлигини пеш қилиб, уларнинг хатосини элга кўрсатиш муддаосидан йироқмиз. Лекин қонун юзасидан ҳам мактаб балансидаги ер майдонини Халқ таълими вазирлиги билан келишмасдан туман ҳокимлиги балансига олиш мумкин эмас.

Хулоса ўрнида...

Бағдод туман ҳокими, унинг ўринбосари, маҳалла оқсоқоли ҳақ: Қўғоли қишлоғига мактабгача таълим муассасаси керак. Бироқ қишлоқ ёшлари спорт билан шуғулланишлари, соғлом бўлишлари учун стадион ҳам керак.

Мустақилликнинг илк йилларида ҳар бир қишлоқда биттадан стадион ташкил этиш ташаббуси қабул қилинган эди. Бироқ бу янгилик бўйича иш олиб борилмади. Қишлоқ ёшларининг шаҳарлик тенгқурларидан қаери кам? Улар орасида ҳам иқтидорлар келажакда жаҳон ареналарини забт этиб, чемпионлар чиқиши керак-ку, ахир? Мутасаддилар изланса, ҳудуднинг бошқа жойидан боғча учун ер майдони топишлари мумкин эди.

Шу пайтгача Қўғоли ёшлари ўз мактабида ҳам спорт зали бўлишини орзу қилиб яшашди. Энди уларни футбол майдонидан ҳам айиришмоқчи.

Халқ таълими ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари бу масалага беэътибор бўлмайди, деб умид қиламиз.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов
.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид