Жаҳон | 13:16 / 14.06.2020
16816
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирида коронавирус аниқланди

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов 14 июнь куни коронавирусга чалингани ва шифохонага жойлаштирилганини маълум қилди. У қозоғистонлик вазирлар орасида коронавирусга чалинган илк киши бўлди.  

Фото: nur.kz

“Дўстлар, афсуски, ёқимсиз хабарни маълум қилишимга тўғри келмоқда. Коронавирусга топширган охирги тестим мусбат натижа берди. Афсуски, бу коронавируснинг аломатсиз шакли эмас, шу сабабли юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилдим”, деб ёзган Биртанов Facebook’да.

Унинг таъкидлашича, қатъий санитар чораларга қарамай, ҳар доим вирус юқтириб олиш хавфи сақланиб қолади. “Охирги кунларда бир қатор ҳудудларда вирусга чалинганлар сони ўсиши кузатилмоқда, жумладан, тадбиркорлар, корхоналар ишчилари, тиббий ходимлар, давлат хизматчилари, ОАВ ходимларида орасида. Ҳозирда кўплаб ҳамюртларимиз глобал инқироз ва пандемия билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш устида жадал ишлашмоқда. Баъзида бизга шахсий учрашувлар, ҳудудларга сафарлар амалга ошириш талаб этилади, шу сабабли бизда коронавирусга чалиниш хавфи юқорироқ. Шу сабабли барча қозоғистонликлардан “шахсий карантин”га риоя қилишни қатъий сўраб қоламан”, деб таъкидлаб ўтган Биртанов.

Қозоғистонда коронавирус пандемияси сабабли 16 мартдан 11 апрелгача фавқулодда вазият режими амал қилганди. Карантин чоралари республиканинг турли ҳудудларида ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда республикада коронавирусга чалинганлар сони 14496 нафарни, ундан вафот этганлар сони 73 нафарни ташкил қилмоқда. Сўнгги суткада 258 кишида коронавирус аниқланган. Шу билан бирга 9114 киши вирус асоратларидан соғайиб кетган.

Мавзуга оид