Ўзбекистон | 22:03 / 15.06.2020
50334
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларга қўшимча 4 фоизли давлат гранти ажратилиши тартиби бўйича маълумот берилди

Хотин-қизларга имтиёз берувчи ягона ҳужжат маҳаллалардан бериладиган тавсияномалар бўлади. Хотин-қизлар олган тавсияномалари асосидаги имтиёздан қандай фойдаланиши тез орада ҳукумат қарори лойиҳаси тасдиқланиши билан аниқлаштирилади.

Фото: KUN.UZ

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев АОКАда ўтказилган брифингда хотин-қизлар учун ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 4 фоизли қабул бўйича жорий қилинаётган тартиб ҳақида маълумот берди.  

«Ижтимоий муҳтож оилалардан чиққан хотин-қизлар учун ажратиладиган грантлар мавзуси кўпчиликка қизиқ бўлиб турибди. Уларнинг қай тарзда имтиёз олиши бир неча кунда эълон қилинади.

Хотин-қизларга имтиёз берувчи ягона ҳужжат маҳаллалардан бериладиган тавсияномалар бўлади. Бу тавсияномалар маҳалла фуқаролари йиғинидан олингандан сўнг хотин-қизлар у асосида танловда иштирок этиш имконига эга бўлишади», дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, маҳалладан тавсиянома олган хотин-қизлар уни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига олиб келиб бериши масаласи ўзаро муҳокамаларга сабаб бўлган.

«Масаланинг савол пайдо қиладиган жиҳати: айтайлик, Сурхондарёнинг Бойсун туманида яшайдиган қиз Тошкентда жойлашган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги биносини билмаслиги мумкин. Шунинг учун бунинг аниқ тартибини ишлаб чиқиш устида иш олиб бориляпти», деди бош вазир ўринбосари.

Мусаевнинг маълум қилишича, 4 фоизлик қўшимча грант асосида қабул қилинувчи хотин-қизлар тоифасига маҳалла томонидан кам таъминланган деб топилган оилалар фарзанди, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, отаси ёки онасидан етим қолган шахслар каби 6та йўналишдаги фуқаролар киритилиши режалаштирилган.

«Мазкур рўйхатга яна қайси тоифадаги шахслар киритилиши тартиби устида ишлар олиб бориляпти. Бу тартибни имкон қадар соддалаштирамиз. Хотин-қизлар олган тавсияномалари асосидаги имтиёздан қандай фойдаланиши тез орада Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарор лойиҳаси тасдиқланиши билан аниқлаштирилади», деди Беҳзод Мусаев.

Қўшимча қилинишича, ота-онасиз ёки имконияти чекланган хотин-қизлар ўзларини ОТМга кириш учун имтиёз олувчи категорияга киришларини чамалаб, маҳалла идораларига тавсиянома сўраб мурожаат қилишлари лозим бўлади. 

Мавзуга оид